"Самарқанд қоғозида кўчирилган", деган таъкид кўҳна брендни белгилаганми?

    Маданият 8 ноябр 2023 897

    Куни кеча Самарқандда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” VII Халқаро конгресси ўз ишини бошлади. Форум ишида 40 дан ортиқ давлатдан 300 га яқин олим ва мутахассис иштирок этмоқда.

    Конгресс доирасида “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидаги китоб-альбомларнинг янги 6170 жилдлари тақдимоти бўлиб ўтди. Озарбайжон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия (жумладан, Татаристон) ва Туркиядаги Ўзбекистоннинг маданий мероси тўпламларига бағишланган китоб ва альбомлар шулар жумласидан. Эътиборлиси, мазкур китоблар тўплами кутубхоналарга бепул тақдим этилмоқда.

    Шунингдек, Бутунжаҳон жамиятининг бошқа нашриёт лойиҳалари – “Шарқ миниатюрасида тарихий шахслар”, “Клавихо: Самарқанддан Темур саройига саёҳат кундалиги (1403–1406)”, “Риштон кулолчилиги”, “Ўзбекистон санъати дурдоналари”, “Орол ва Аму бўйларида: қорақалпоқ санъати”, “Бадиий атамалар энциклопедияси” альбомлари, “Безак энциклопедияси” мавзуларига бағишланган режадаги нашрлар, “Ўзбекистон гиламлари”, “114 Қуръон”, “Шарқнинг 100 нодир қўлёзмаси” лойиҳалари ҳам конгресс иштирокчиларига ҳавола қилинаётир.

    Айни мақола халқаро анжуманда сўз юритиладиган айрим мавзулар ва янги тарихий маълумотлар асосида тайёрланди.

    “Бобурнома” мемуар асари бадиий адабиёт, адабиётшунослик, тилшунослик, этнография, тарих, география, фалсафа фанлари ва ўзбек (туркий), форс, араб, маълум маънода афғон, ҳинд, урду тиллари, шунингдек, миллий давлатчилигимиз тарихи учун ҳам ноёб манба саналади. Зеро, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийларнинг давлат бошқаруви, давлатчилик масалалари, дипломатик муносабат, идора усули, ҳукмдорлар номи, фаолияти, хонадони, беклари, судурлари, қалам аҳли, шаҳарсозлик маданияти, тарихда ўтган буюк шахслар таърифи, ҳарбий ишлар, тактика масаласи кенг баён қилинган. Айни пайтда муаллифнинг уларга бўлган муносабати ҳайратланарли тарзда ифодаланган.

    “Бобурнома”да олға сурилган муҳташам ғоялар, боқий фикрлар талқини муаллифнинг чуқур мушоҳадалари билан боғлиқ кенг тасвир ва лавҳаларда, юксак пафосда битилган. Ҳинд мутафаккири Жавоҳарлал Неру таъбири билан айтганда “Уйғониш даврининг типик ҳукмдори” кўрган, кечирган воқеа-ҳодисалар ўқувчига мемуар характерида ва ўта таъсирчан услубда етказилган. “Бобурнома” бўйича кўплаб мақолалар ёзилган, илмий ишлар қилинган бўлса ҳам, унинг кўлами ва аҳамияти, қимматли жиҳатлари яна кўплаб тадқиқотларга муносибдир.

    Биз ушбу мақоламизда “Бобурнома”ни Носир Хисравнинг “Сафарнома”, Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома”асарлари билан қиёсий аспектда Самарқанд, Кеш, Бухоро, Вобкент тасвири, оқила ва мудуббира аёллар ҳамда муаллифларнинг китоб, номалари билан боғлаб таҳлил ва талқин қилишга ҳаракат қилдик.

    Маълумки, Марказий Осиёда яшаб ўтган Носир Хисрав машҳур шоир, файласуф, саёҳатчи сифатида ном қозонган. Асарларини форс ва араб тилларида ёзган. Шулардан бири ноёб – “Сафарнома” асаридир. Муаллиф унда етти йил давомида Туркистон, Миср, Шом, Ироқ, Қоҳира, Искандария, Дамашқ, Басра, Ҳижоз, Ҳалаб, Макка, Мадина, Озарбайжон, Арманистон, Фаластин, Эрон ва Ҳиндистон бўйлаб қилган сафарлари давомида кўрган-кечирганларини баён қилган.

    “Сафарнома”да у Самарқанд шаҳри ва унда ишлаб чиқариладиган қоғоз хусусида алоҳида қайдлар битган. Шомга бўлган сафари давомида ҳам у ерда тайёрланган қоғоз ва у қандай усулда ишлаб чиқарилганига эътибор қаратади. Хусусан, Шомда тайёрланган қоғозга Самарқанд қоғозини қиёслаб тилга олган: “Айтишларича, шаҳарнинг йигирма минг аҳолиси бор экан. Атрофда ҳам қишлоқ ва манзилгоҳлар жуда кўп. Бу ерда Самарқанд қоғозига ўхшаш қоғоз тайёрлашади. Бу шаҳар Миср султонига қарашлидир”. Носир Хисрав Самарқанд ва Тароблис қоғозининг фарқли жиҳатларини яхши билган ва сифати бўйича ҳам маълумотлар бериб ўтади.

    Шу ўринда мавзуга оид айрим тарихий маълумотларни келтириб ўтсак. Ўсимлик толаларидан тайёрланган юпқа қоғозни дастлаб хитойликлар I асрда кашф қилган. Манбаларда қоғоз тайёрлаш арабларда ҳам яхши йўлга қўйилгани айтилган. VII асрнинг бошларида Самарқанд усталари қоғоз олишга муяссар бўлган ва XIX асрнинг 1-ярмигача бу ерда чиқарилган қоғозлар дунёда жуда машҳур бўлган. Шу боис кўплаб манбаларда китоб, қўлёзма қоғози ҳақида гап кетганда, “Самарқанд қоғозида кўчирилган”, деган алоҳида таъкидларни учратиш мумкин. Бу ёзув қоғози бошқа турларига нисбатан жуда силлиқлиги билан ажралиб турган.

    Темурийлар Уйғониш даврида қоғоз ишлаб чиқариш ҳам сифати, ҳам салмоғи жиҳатидан такомиллаша борган. Самарқанд қоғози Мовароуннаҳр, Хуросон, Туркистондагина эмас, балки қўшни давлатларда ҳам харидоргир эди.

    Бобур ҳам Самарқанд ҳақида “Бобурнома”да бир-биридан таъсирли, қизиқарли, қимматли маълумотларни кўпроқ ёзиб қолдиришга ҳаракат қилган. Хусусан, кўҳна шаҳар тарихини, улуғ бобокалони Амир Темур пойтахт қилгани хусусида қайд этиб ўтган. Самарқандда яшаб ўтган буюк шахслар, шаҳар табиати, иқлими, ривожланган ҳунармандчилик соҳалари, ўзига хос бозори, бу ерда бўлиб ўтган жангу жадаллар, шаҳарсозлик маданияти, бунёдкорлик ишлари хусусида ҳам маълумотлар бериб ўтган.

    Шу ўринда қизиқарли маълумотлардан бири, бу – Самарқанд қоғози ҳақида. Бобур ҳам Носир Хисрав каби Самарқанд қоғозига тўхталар экан, уни жуда юқори баҳолаган. Чунончи: “Оламда яхши қоғоз Самарқанддин чиқар. Жувози қоғозлар суйи тамом Конигилдин келадур. Конигил Сиёҳоб ёқасидадурким, бу Қора сувни Оби Раҳмат ҳам дерлар”. Демак, темурийлар Уйғониш даврида китобот санъати ривожланган, маданий муҳит юксалган сари сифатли қоғозга ҳам талаб ошган ва Бобур юксак баҳолаган Самарқанд қоғози жуда сифатли, талаб даражасида ишлаб чиқарила бошлаганидан хабар беради.

    Носир Хисрав билан Бобур асарларидаги яна бир муштарак тарихий ҳодиса шундаки, ҳар икки асарда тадбиркор, мудаббира аёллар, маликалар билан боғлиқ тасвир, хабарларнинг ёзилишидир. Носир Хисрав “Сафарнома”да Миср шаҳри тарихида бир оқила тадбиркор араб аёл ҳақида қимматли маълумот битган. Бу Нил дарёси билан боғлиқ хабарларда айтилган. Жумладан, Миср аҳолисининг ичимлик сувига бўлган эътиёжини тадбиркор аёлнинг ҳал қилишини ва 5000 одамни иш билан таъминлаганини ҳайрат билан тасвирлайди: “Миср шаҳри Нил дарёси қирғоғи бўйлаб анча жойга чўзилган. Жуда кўп кўшк ва шийпонлар дарё лабида жойлашган ва уларга арқон билан сув чиқарилади. Лекин шаҳарда сувни мешкобчилар баъзилари туяларида, бошқалари елкаларида ташишади. Дамашқий жездан ясалган ва ўттиз манн сув сиғадиган кўзаларни кўрдим, ялтироқлигидан олтиндан ясалганга ўхшарди. Бир одам менга шунақадан 5000 та кўзаси бўлган бир аёл ҳақида ҳикоя қилиб берди. У ҳар битта кўзани ойига бир дирам ҳам эвазига ижарага берар экан. Ижарачилар муддат тугагач кўзани бешикаст қайтаришни уҳдаларига, яъни зиммаларига олишар экан”. Лавҳада у маълум маънода халқ ҳаётидан ҳам ҳикоя қилади.

    “Сафарнома”нинг “Басра музофотлари тарихи” номли ўқишли фаслида бой ва тадбиркор фозила аёлнинг бунёдкорлиги ҳақида ёзган қисқа маълумот билан танишамиз. Убулла анҳорининг қуйилиш жойида катта гирдоб бўлиб, сузиб ўтаётган айрим кемалар шу ўпқонга тушиб чўкиб кетар экан. Бундай табиий офатни эшитган тадбиркор аёл араблардан тонна-тонна ҳажмда хурмо данагини сотиб олиб, шу ўпқонни бекитган экан. Натижада кемалар Убуллада бемалол сузадиган бўлган. Буни эшитган Носир Хисрав бу оқила аёлнинг одамийлиги, карами, эҳсони олдида лол қолганини ҳам айтиб ўтган. Чунончи: “Айтишларича, илгари Убулла анҳорининг қуйилиш жойида улкан гирдоб бўлиб, кемалар ўта олмас экан. Шунда Басранинг энг бой – бадавлат кишиларидан бўлмиш бир аёл 400 та кема қурдириб, уларни хурмо данаги билан тўлдириб, устини маҳкам ёпиб ўша жойга чўктиришни буюрибди. Шундан сўнг кемалар бемалол ўтадиган бўлибди”.

    Бу маълумот орқали биз тадбиркор аёлларнинг ҳамма даврларда ҳам ижтимоий фаоллиги, мулкдорлиги, қўл остидаги хусусий мулкини юрт, жамият, миллат манфаати учун эҳсон қилганидан хабардор бўламиз.

    Бобур “Бобурнома”да эса тадбиркор, мудаббира аёл сифатида ўзининг улуғ энаси Эсондавлатбегимни таништиради. “Куч аларда эди”, деб юқори баҳолайди ва Эсондавлатбегимнинг тадбири сабаб 12 ёшда давлатни, ота тахтини ўзида сақлаб қолганлиги ёки Андижонда боғлар барпо қилгани хусусида фахр ва ғурур билан гапириб ўтган. Ёки “Бобурнома” анъанасида “Ҳумоюннома”ни битган қизи Гулбаданбегимни эслаш мумкин.

    Носир Хисрав ва Бобур мемуарларида мактублар ҳақида ҳам хабарлар учрайди. Масалан, Носир Хисрав “Сафарнома”да Шом волийсига ёзган ўз мактубини тамсил қилган. Чунончи: “Қайсидир йили Шом волийси ўз мактубида шундай деб ёзибди: “Бу йил зайтун ёғи кам олинди. Агар фармони олий бўлса, биз масжидларга турп ва шолғом уруғидан олинувчи ёғ, яъни, “зайти хор” берамиз”. Унга шундай жавоб жўнатишди: “Сен вазир эмас, балки хизматкорсан. Худонинг уйи учун нимаики лозим бўлса, улар ўзгаришсиз ва кечиктирилмасдан берилиши шарт!”

    Асарнинг “Мисрдан қайтмоғимиз баёни” номли фаслида ўзи билан боғлиқ бир мактуб мазмунини қуйидагича баён қилган: “Мен Жидда амири қабулида бўлдим. Менга ҳурмат кўрсатиб, бож тўлашдан озод қилди, ҳатто Маккага “Бу одам донишманд, ундан ҳеч нарса олмаслик керак”, деган мазмунда хат жўнатди. Жума куни намозгар пайти мен Жиддани тарк қилдим ва жумодул охир ойи сўнгида якшанба куни Макка дарвозаси олдига етиб келдим.”

    Носир Хисрав ва Бобур ҳам ўзларининг маънавий кўчар мулки, яъни китоблари ҳақида ҳам ибратли хабар битган. Жумладан, Носир Хисрав ёзади: “Ҳажни адо этгач мен Мисрга қайтдим, чунки у ерда китобларим қолган эди. Бу йил Мисрга Мадина амири ташриф буюрди. У Ҳусайн ибни Али салавотуллоҳи алайҳумо авлодидан бўлгани учун султон унга йиллик маблағ тайинлаган ва шуни олишга борган эди. Мен у билан кемада Қулзумга бирга бордим. Ундан Мисрга ҳам бирга кетдик.”

    Бобур мемуарида ўзининг “Вақоеъ”, “Мубаййин”, “Аруз рисоласи” девони каби китоблари ҳамда Навоий, Жомий ва бошқа шоирларнинг асарлари ҳақида ҳам қимматли маълумотлар битган. Айни пайтда Ибн Баттута ҳам ўзининг китоблари хусусида ҳам маълумотлар қолдирган. Бундай тасвирлар орқали биз уларнинг китобга бўлган катта ихлоси, баланд эътиқотидан хабардор бўламиз.

    Тарихдан маълумки, машҳур араб сайёҳи Ибн Баттута 1228 йил Танжань шаҳридан чиқиб, то Хитойгача бориб, 1256 йилда яна ватанига қайтган. Шу тариқа буюк сайёҳ 28 йиллик саёҳатлари, сафарлари натижасида араб тилида “Саёҳатнома” номли муҳташам китобини ёзган. Китобда Ибн Баттута ҳам ўз кўзи билан кўрган воқеалар, учрашган буюк шахслар, муҳташам саройларда қабул қилган ҳукмдорлар номи, суҳбатлари, давлат, идора усули билан боғлиқ тасвирлари, маълум муддат яшаган шаҳарлари, уларнинг табиати, иқлими, географияси, ўзининг муҳаддис сифатида йўл-йўлакай кўплаб муҳаддислардан ҳадислар ўргангани хусусида фахр туйғуси билан хабарлар ёзган.

    Биз бу ўринда Ибн Баттута Шаҳрисабз – Кеш, Бухоро, Самарқанд, Вобкентга оид баёнлари диққатга сазовор. Саёҳатчи муаллиф бу шаҳарларга айрича меҳр билан қараган. У Бухорога Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиш учун шошилган, Самарқандда эса у фарзанд кўриш истаганини айтган. Лекин Ибн Баттута Самарқандда эмас, Шаҳрисабзда қиз фарзандли бўлади ва у ерда маълум муддат яшайди. Шу сабаб Кеш шаҳри Баттутанинг қалбида бир умр сақланиб қолади. Маълумки, Бобур ҳам Кеш ҳақида “Бобурнома”да тўлқинланиб ёзган. Айниқса, у Амир Темурнинг асли Кешдан эканини фахр билан эслаган.

    Баттута асаридаги “Ўрта Осиё” фаслининг Бухоро билан боғлиқ тасвирида Вобкент шаҳрининг ободлиги хусусида шундай маълумот битган: “Вобкент шаҳрига етдик. У Бухородан бир кунлик масофа беридадир. Вобкент – чиройли шаҳарча. Унда ариқлар, боғлар сероб. Шаҳар аҳолиси йил бўйида уйида узум сақлайди. Уларнинг олу деб аталадиган меваси бор. Шу меваларни қуритиб, қоқи қилиб Ҳиндистон ва Хитойга олиб боришади. Шу меванинг устидан сув қуйиб, шарбатини ичишади. Янгилигида ширин бу мева қуритилганида нордонроқ бўлиб қолади. Мева жуда этдор бўлиб, на Андалусияда, на Сурияда бунга ўхшаш мевани кўрганман. Биз кун бўйи бир-бирига туташиб кетган боғлар, ариқлар, дарахтдорлар ва шудгор қилинган далалар орасидан ўтиб бориб, Бухоро шаҳрига етиб келдик. Бухоро – муҳаддислар имоми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ватанидир.”

    Баттута ва Бобур маълумотларидаги яна бир муштараклик мевалардан бўлмиш олу болу ҳақидадир. Жумладан, ушбу меванинг номи, хусусияти, шифобахшлиги, Ҳиндистон ва Хитойга элтиб сотилиши билан боғлиқ тасвир айнан муштараклик касб этган.

    Яна Бухоро тарихига келсак, Ибн Баттута “Саёҳатнома”нинг “Ўрта Осиё” фаслида Бухоройи шарифни машҳур муҳаддис Имом Бухорийнинг шарафли номи билан эсга олган: “Бухорода “Ас-Саҳиҳ”ни тузган аллома имом, мусулмонлар шайхи Абу Абдуллоҳ ал-Бухорий қабрини зиёрат қилдим. Аллоҳ уни раҳмат қилсин”. Яна ўқиймиз: “Бухоролик бошқа алломаларнинг мақбараларида ҳам исми-шарифлари ва илмий меросларининг номи ёзиб қўйилган. Мазкур битиклардан кўпларини кўчириб олган эдим, аммо бу ёзувлар ҳинд зардуштийлари денгизда молларимни тортиб олган чоғда бошқа буюмларим билан бирга йўқолди.”

    Бобур “Бобурнома”да Самарқанд ва унинг атрофида яшаб ўтган ўн нафардан ортиқ буюк шахслар, яъни шоҳ Искандар, Қусам ибн Аббос – Шоҳизинда, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Мотурудийлар ҳақида ёзган маълумотида Имом Бухорийни Хожа Исмоил Хартанак деб тилга олган. Бобур бу ўринда Имом Бухорийнинг 810 йилда Бухородан чиқиб Самарқанд шаҳри яқинидаги Хартанак қишлоғида қариндошиникида тўхтагани ва бетоб бўлиб вафот этгани, шу қишлоққа дафн қилинганига ишора қилиб Хожа Исмоил Хартанак деб шарафлаган ҳамда “Саҳиҳи Бухорий”ни тилга олган. Ўқиймиз: “Яна соҳиби “Саҳиҳи Бухорий” Хожа Исмоил Хартанак ҳам Мовароуннаҳрдиндур.”

    Иккинчи муштарак тарихий ҳодисалар вақф, зовия, эътиқоди мустаҳкам тақводор кишилар, маърифий мажлислар, зиёрат туризми хусусидадир. Бу каби қадрятларни эътироф қилган Баттута шундай ёзади: “Биз Бухоронинг Фатҳобод номи билан машҳур мавзеида тўхтадик. Бу ерда энг улуғ авлиёлардан бири, аллома шайх, гўшанишин авлиё Сайфуддин ал-Бохарзийнинг қабри бор. Мазкур шайх номи билан аталадиган ва биз кўчиб ўтган зовия жуда катта бўлиб, вақфлари беҳисоб, зиёратчилар ана шу вақфлардан келадиган (даромадлар) ҳисобига боқилади. Шу зовиянинг шайхи Сайфуддин авлодларидан бири бўлиб, Маккага ҳаж қилган Яҳё ал-Бохарзийдир. Шайх мени ўз уйида қабул қилди, шаҳарнинг обрўли кишиларини тўплаб зиёфат берди, қорилар ажойиб овозлари билан Қуръондан қироат қилдилар, воиз эса амри маъруф этди. Ҳофизлар туркий ва форсий тилларда жуда яхши қўшиқлар айтдилар. Биз учун бу энг ғаройиб кечалардан бири бўлди.”

    Умуман олганда, Ибн Баттута ва Бобурнинг Кеш, Бухоро, Самарқанд, Вобкент билан боғлиқ маълумотлари шаҳарсозлик маданияти тарихида муҳим маълумот ҳисобланиши билан бирга ўқувчини ҳайратга солади.

    Баттута “Саёҳатнома”нинг 4-фаслини “Ўрта Осиё” деб атаган ва унда кўҳна Хоразм замини, Тўрабека она, эри Қутлуғмурод ҳоким, Хоразм қовуни, хоразмлик буюклар Нажмиддин Кубро, Замахшарийлар мақбарасини зиёрат қилгани хусусида ҳам хабар битган. Машҳур сайёҳнинг ҳайратини оширган шахс бу ҳокима Тўрабека она бўлган.

    Баъзи муштарак тарихий ҳодисаларни Бобурнинг “Бобурнома” Носир Хисравнинг “Сафарнома”, Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома” каби асарлари мисолида ўргандик. Қиёсий аспектда Самарқанд, Кеш, Бухоро, Вобкент тарихи, тасвири, оқила ва мудаббира аёллар ҳамда муаллифларнинг китоб, номалари билан боғлиқ лавҳа, хабарларни таҳлил ва талқин қилишга ҳаракат қилдик. Хулоса шуки, биз талқин қилган муштарак тарихий ҳодисалар, ҳар учала мутафаккирнинг юксак маҳоратидан ва айни пайтда мозийнинг кўҳна садоларидан дарак беради.

    Буробия РАЖАБОВА,

    ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклор

    институти етакчи илмий ходими,

    филология фанлари номзоди

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates