Ўзбекистон Республикаси ва Абу-Даби Тараққиёт жамғармаси ўртасида лойиҳани амалга ошириш учун 4 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 17 йилда қайтариш муддати билан қарз битими имзоланган. Унда, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш даври 4 йил, яъни 2022-2026 йилларни ташкил этиши белгиланган.
Лойиҳани жадаллаштириш мақсадида иш 4 та ЛОТга ажратилиб, “Қурилиш ишларини тайёр ҳолда топшириш” шарти билан халқаро тендер савдоларига қўйилган.
Лотларнинг бирида Гагарин ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида 750 метр, иншоот узунлиги 44 м.; Гагарин ва Рудакий кўчалари кесишмасида 650 метр, иншоот узунлиги 50 метр бўлган тоннеллар, 2 та Гагарин кўчасидаги темирйўл устида 78 метр, Сиёб канали устида 165 метр бўлган кўприк қурилиши режалаштирилган.
Ушбу вазифа бўйича ўтказилган тендер натижаларига кўра, “Me’mor Utkir Chovka LLC” (Ўзбекистон) & “Shaanxi Road and Bridge Group Co., Ltd” (Хитой) – Консорциум ғолиб, деб топилган.
Ҳозирда объектда қурилиши ишларини ташкиллаштириш учун вақтинчалик бино вагончалар ташкил қилинган. Коммуникация тизимларини кўчириш ишлари бошланиб, электр энергияси ҳамда алоқа тармоқларини, темирйўл устидан ўтувчи кўприк атрофида тўсиқ деворларни кўчириш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳудуддаги барча коммуникация тизимлари кўчирилиб, автомобиллар ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиш схемалари тузилиб, тасдиқланганидан сўнг босқичма-босқич қурилиш ишлари бошланади.
Шунингдек, қайд қилинган лойиҳа доирасида йўллар қурилиши ҳам режалаштирилган. Хусусан, Амир Темур кўчасининг Бўстонсарой кўчасидан Гагарин кўчасигагача 2,3 км. ҳамда Гагарин кўчасининг Гулобод кўчасидан М-37 автомобиль йўлигача 9,2 км. қисми қурилиб, реконструкция қилинади. Бу борада ўтказилган тендер натижалари бўйича “New Tech Samarkand” (Ўзбекистон), “Sinoindustrial Tashkent” (Ўзбекистон) ва “Tekar Teknik Arastirma Ticaret Limited Sirketi” (Туркия) – Консорциуми ғолиб, деб топилган.
Бугунги кунда объект бўйича пудрат шартномаларни расмийлаштириш учун тендер натижалари ҳисоботларига Абу Даби Тараққиёт жамғармасининг розилиги олиниб, пудрат шартномаси тайёрланмоқда. Яқин кунларда пудрат шартномалар расмийлаштирилиб, қурилиш ишлари бошланади.
Самарқанд шаҳри инфратузилмасини модернизация қилишда сув иншоотлари қурилиши ҳам кўзда тутилган. Жумладан, 6 та насос станцияси, 2 та сув иншоотлари (Даҳбет ва Чўпон ота) реконструкция қилинади. Бунда “MESMER-EAST LLC” (Ўзбекистон) & “GÜÇLÜ İNŞAAT” (Туркия) - Консорциум ғолиб деб топилган. Пудрат шартнома имзолаган мазкур кампания томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда.
4-ЛОТда жами 11,2 км., шундан Амир Темур кўчасида Бўстонсарой кўчасидан Гагарин кўчасигача 2,3 км. ҳамда Гагарин кўчасида 8,9 км. ичимлик сув тармоқларини қуриш ишлари амалга оширилади.
Тендерда ғолиб деб топилган “MESMER-EAST LLC” (Ўзбекистон) & “GÜÇLÜ İNŞAAT” (Туркия) - Консорциум бугунги кунда Амир Темур кўчасининг Гагарин кўчаси кесишмасидан Бўстонсарой кўчасига қараб қурилиш-монтаж ишларини бошлаган.
Қайд этиш лозимки, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 2 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 300 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари ажратилиши белгиланган.