"Санъат ва дунё" мавзуидаги санъат биенналеси...

    Х Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесида, 40 дан зиёд давлатларнинг вакиллари қатнашади.

    Миллий матбуот марказида жорий йилнинг 14-18 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида, “Санъат ва дунё ” мавзусида Х Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесининг ўтказилишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

    — Х Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси тасвирий санъат соҳасида турли мамлакатлар, кенг жамоатчиликка замонавий санъатнинг турли янги йўналишлари, янги номларини намойиш этиш, халқаро маданий алоқаларни кенгайтириш, маданиятлар, анъаналар, ютуқлар ўртасидаги ижодий мулоқотни мустаҳкамлашга, ижодий онгни эркинлаштириш ва турли мамлакатлардаги пост-модерн вазиятнинг ўзига хос хусусиятларини, замонавий санъат ҳолатини, глобаллашув даврида маҳаллий анъаналарнинг йўқолиб бораётганини кўрсатишга қаратилган. Нуфузли тадбир доирасида тақдим этилган асарларда инсонпарварлик қадриятларини қўллаб-қувватловчи бадиий ифодалар акс эттирилади. Шунингдек, биеннале мавзуси экология, маданият, бағрикенглик, ўзига хослик, сунъий интеллект, техноген цивилизация ва инсоннинг ички дунёси каби тушунчалар ҳақида фикр юритиш имконини беради, — дейди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов.

    Х Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесида Австралия, АҚШ, Аргентина, Мексика, Бразилия, Франция, Германия, Буюк Британия, Италия, Испания, Швеция, Нидерландия, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Сингапур, Россия, Озарбайжон, Грузия, Арманистон, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон сингари 40 дан ортиқ давлатнинг вакиллари ўз асарларини намойиш этиши ва 50 дан зиёд юртимиз рассомлари қатнашиши кўзда тутилмоқда.

    Анжуманда Тошкент халқаро биенналеси жаҳон замонавий санъат ижодкорлари учун очиқ ва кенг мулоқот майдони бўлиши ва бир ҳафта давомида пойтахтимиздаги Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар зали, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Тошкент фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳамда Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида, хорижлик ва юртимиз рассомларининг асарлари кўргазмалари, маҳорат дарслари, маърузалари, халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтиши ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди.

    Х Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесининг тантанали очилиш маросими 14 октябрь куни соат 17:00 да Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида бўлиб ўтади.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА.

    “Янги Ўзбекистон“ мухбири

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates