Саноатлашаётган мева-сабзавотчилик ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги, ҳам иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда

    Агросектор 3 август 2023 722

    Жаҳон тажрибаси қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш — иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг асосий омилларидан бири эканини яққол кўрсатмоқда.

    Ушбу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар соҳани тубдан ислоҳ қилиш, унга илғор ва замонавий технологияларни жорий этиш, пировардида барча йўналишларда юқори самарадорликка эришишда муҳим омил бўлди. Буни биргина мева-сабзавотчилик тармоғида қўлга киритилаётган натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин.

    Жумладан, Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда юртимизда 21,8 миллион тонна мева-сабзавот етиштирилган. Бу 2021 йилга нисбатан 3,8 фоиз, 2017 йилга нисбатан эса 12,9 фоизга кўп, демакдир.

    Юртимизда етиштирилган мева-сабзавотлар таъми ва витаминларга бойлиги, қуёш нурига тўйинганлиги билан машҳур. Маҳсулот етиштириш ҳажмининг ортиб бориши эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда, экспорт имкониятларимизни ҳам оширмоқда. Хусусан, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилларига кўра, 2023 йилнинг январь-апрель ойларида хорижий мамлакатларга умумий қиймати 256,1 миллион долларлик 359,2 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинган. Бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 6,5 фоизга кўп. Шу тариқа мамлакатимиз экспортининг умумий ҳажмида мева-сабзавотлар улуши 3,3 фоизни ташкил этган.

    Мамлакатимиз аграр тармоғи, шу жумладан, мева-сабзавотчиликда бу каби ижобий тенденцияларга эришилишида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган кластер тизими муҳим омил бўлмоқда.

    Бирининг ютуғи иккинчисининг манфаатига хизмат қилади

    2021 йил 27 октябрь куни Президентимиз раислигида қишлоқ хўжалигида кластер тизимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу тизим имкониятлари юқори эканига алоҳида эътибор қаратилди. Келгусида қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни камида 2 баробар кўпайтириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали соҳа экспортини 7 миллиард долларга етказиш, аҳоли бандлиги ва даромадини янада оширишда кластерлар фаолияти муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

    Хўжаликлар, корхоналар, муассасаларнинг хомашё етиштириш, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотишгача бўлган жараёнда битта яхлит жамоага бирлашиши таннарх пасайишига, бу эса, ўз навбатида, даромад ошишига имкон беради. Шу боис, юртимизда ушбу яхлитликни таъминлайдиган янги тизим йўлга қўйилди.

    “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолиятининг йўлга қўйилиши аҳолига деҳқончилик ишларини бошлашда катта кўмак бермоқда. Дастлаб 2018 йилда синов тариқасида илк бор ташкил этилган “Томорқа хизмати” корхоналари ўзини оқлагани учун ҳам уларга йил сайин талаб ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 июндаги “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўплаб мана шундай МЧЖлар фаолияти йўлга қўйилди. “Томорқа хизмати” кластерлари ҳам ташкил этиляпти. Улар томорқада етиштирилган маҳсулотларни сақлаш, дўконларга етказиб бериш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш жараёнини умумлаштиради.

    Жарқўрғон туманида 324 фермер, 1 минг 921 деҳқон хўжалиги, 48 мингдан ортиқ томорқа ер эгалари фаолият юритади. Шунингдек, йирик кластерлар ҳам ташкил этилган.

    Жорий йилда жарқўрғонлик миришкорлар 19,6 миллион доллар қийматидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан, 7,1 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилишни мақсад қилган. Туманнинг экспорт режасида “Офтобқўрғон томорқа хизмати” томорқачилик кластерининг улуши 2 миллион долларни ташкил қилади.

    — Кластеримизда асосан карам, пиёз, саримсоқпиёз, қовун-тарвуз ва турли мевалар етиштирамиз, — дейди корхона раҳбари Субҳон Муҳаммадиев. — Кейин уларни қайта ишлаб, экспортга йўналтирамиз. Бу мавсум 30 гектарда экспортбоп қовун ва тарвузнинг янги навларини парваришладик. Уларни сақлаш, қайта ишлаш ва хориж бозорига сотишда музлатгич омборхонаси, саралаш ва қадоқлаш хоналари қўл келяпти. Чекка қишлоқда фаолият юритаётган биз каби миришкорлар бир вақтлар маҳаллий бозорларгагина маҳсулот сотган бўлсак, бугун экспорт географиясини кенгайтириш ҳақида бош қотирамиз. Соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор, яратиб берилаётган имкониятлар зиммамизга мана шундай масъулиятли вазифани юкламоқда.

    Бугунги кун деҳқону фермерлари самарадорлик ҳосилдорлик чўғи билан ўлчанадиган давр ўтиб кетганини, олинадиган даромад асосий мезонга айланганини яхши англаб етган. Кластер тизимидан кўзланган мақсад ҳам ердан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, четга хомашё эмас, қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот сотишни йўлга қўйиш ҳисобланади.

    Мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, экспорт тартиб-тамойилларини тубдан соддалаштириш орқали етиштирилган мева-сабзавот ва саноат маҳсулотлари рақобатбардошлигини ошириш мақсадида тизимли ишлар амалга ошириляпти. Мана шу имкониятдан унумли фойдаланаётган “Офтобқўрғон томорқа хизмати” МЧЖ фаолияти йилдан-йилга кенгайиб бораётир. Асосан мева-сабзавот экспортига ихтисослашган корхона туманда логистика маркази фаолиятини ҳам йўлга қўймоқда.

    Томорқадан унумли фойдаланиш оилалар даромадини ошириш баробарида, ҳудудлар иқтисодиёти ривожланишига ҳам хизмат қилади. Бугунги кунда кластер томонидан томорқа ер эгаларига иссиқхона ва дала дўконлари қуриб бериляпти. Деҳқонларга экспортбоп кўчат ва уруғ етказиб берилиши баробарида агротехник хизмат ҳам кўрсатилмоқда.

    Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 15 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам мева-сабзавот экинлари етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш билан шуғулланувчи, шунингдек, “даладан – растагача” тамойили асосида қўшилган қиймат занжирини яратувчи мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) фаолиятига кўмаклашиш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилган. Бу вазифалар саноат тармоқларининг хомашёга, аҳолининг эса озиқ-овқатга бўлган талабини қондиришга хизмат қилиши баробарида, қўшимча иш ўринлари яратиши билан аҳамиятли бўляпти.

    Бир гектар майдонга 2,5 минг тупгача кўчат экиш мумкин

    Ёши улуғлар билан суҳбатлашсангиз, ҳосилдорлик юқори бўлиши учун серунум тупроқ, мўътадил об-ҳаво, ариқларни тўлдириб оқадиган сув зарурлигини таъкидлашади. Аммо бугунги кун миришкорлари зиммасига ҳар қандай иқлим шароити ва ҳар қандай ердан юқори ҳосил олиш чораларини кўришдек вазифа юклатилган. Даврнинг ўзи кам ҳаражат билан юқори ҳосил олишни талаб қилмоқда. Бунинг уддасидан чиқиш учун эса тармоқ ривожига қаратилган имкониятлардан ўринли фойдалана олиш керак.

    Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсиш суръатини камида 5 фоизга етказиш белгиланган. Бунинг учун масъуллар зиммасига жорий йилда деҳқончиликда ўсиш суръатини ўртача 6 фоиз ошириш ҳамда 25 минг гектарда интенсив боғ барпо этиб, меванинг ўртача ҳосилдорлигини 84 центнердан 110 центнерга етказиш вазифаси юкланди.

    Ердан унумли фойдаланиб, юқори ҳосил олиш имконини берадиган интенсив боғдорчиликда анъанавий боғлардагига нисбатан 5–6 баробар кўп ҳосил етиштириш мумкин. Мана шу рақамнинг ўзиёқ нима учун интенсив усулда мева-сабзавот етиштиришга алоҳида урғу берилаётганининг жавоби бўла олади. Шунингдек, бу усулда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари ҳар хил вирусли касалликларга чидамли, экиннинг вегетатив даври қисқа, ҳосили кўп ва сифатли бўлади. Табиийки, жаҳон бозорларида бундай маҳсулотларга талаб ҳам юқори. Шу боис, паст рентабелли экин майдонлари босқичма-босқич қисқартирилиб, ўрнида янги боғ-роғлар барпо этиш, сабзавот ва полиз экинлари жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Шофиркон туманининг Дўрмон ҳудудида интенсив боғ барпо этилганига уч йил бўлди. Қисқа вақтда миришкорлар кўзланган мақсадга етишиш учун самарали меҳнат қилди, зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширди. Ўтган йилги деҳқончилик мавсумида 128,4 гектар мевали боғ ва қарийб 8 гектар токзорнинг ҳар гектаридан 200 центнер атрофида, аниқроғи, 2 минг тоннадан ортиқ мева, 200 тонна атрофида узум етиштирилган.

    200 нафардан ортиқ ишчи-мутахассис фаолият олиб борадиган ҳудудда олма, беҳи, нок, ўрик, шафтоли, олхўри ва гилос каби мевалар етиштирилмоқда. Фермерлар томонидан яна деярли 8 гектарга яқин майдонда интенсив усулда олма, шафтоли ва олхўризор ташкил этиш ишлари ҳам бошлаб юборилган. Туманнинг Навбаҳор маҳалласида истиқомат қилувчи Афзал Қўшшаев раҳбарлик қилаётган “Жилвон жилоси” фермер хўжалиги томонидан 2 гектар ерда кўчатчилик фаолияти йўлга қўйилган, унда қарағай, садақайрағоч, акация, гужум, тол, терак каби манзарали, ўрик, олма, гилос, шафтоли каби мевали дарахт кўчатлари парваришланмоқда.

    — Одатий усулда бир гектар майдонга кўпи билан 400 тупгача кўчат қадалса, ярим пакана боғдорчиликда буни 2,5 минг тупгача етказиш мумкин, — дейди А.Қўшшаев. — Бундай дарахтлар танаси кичик бўлгани учун ҳам уларга ишлов бериш қулай. Шунингдек, ўсимлик танасига ёруғлик тушиши, ҳаво айланиши яхши бўлганидан дарахтлар эрта ҳосилга киради. Ҳосилни териш ҳам осон. Иш унумли, маҳсулот сифати юқори бўлади. Бу усулда ҳосил етиштириш анчайин тежамли. Соҳада узоқ йиллардан буён фаолият олиб бораман. Илгари бир гектар боғга 1000 куб метр сув сарфланган бўлса, пакана боғлар учун томчилатиб суғориш йўли билан атиги 70 куб метр сув етарли бўлади.

    “Ёпиқ далалар” — барқарор даромад манбаи

    Президентимизнинг 2022 йил 2 ноябрдаги “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли камераларнинг самарали ишлаши учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналар учун ажратилган кредитларни қайтариш муддати умумий ҳисобда 14 йил этиб белгиланди, имтиёзли даври эса 3 йилдан 5 йилгача узайтирилди.

    Ҳосилнинг кутилгандек бўлиши кўплаб омилларга боғлиқ. Иссиқхона хўжаликларига моддий ресурсларни етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотни улардан харид қилиш чоралари ҳужжат билан аниқ белгилаб қўйилди. Сертификатланган уруғ ва кўчатларни етиштириш бўйича махсус кўчатхоналарни ташкил этиш ҳам кўзда тутилди. Асос сифатли бўлсагина, бажарилган агротехник тадбирлар, экинга сингган меҳнат ўз самарасини беради.

    Енгил конструкцияли иссиқхоналарнинг кенг миқёсда қурилиши нафақат мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, балки аҳолини қўшимча даромад билан таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Шунингдек, бозорларни мева-сабзавот билан барқарор таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

    Иссиқхонадан фойдаланиб, фойдали тижорат ғоясини амалга ошириш мумкин. Чунки мўъжазгина “ёпиқ далалар” барқарор даромад манбаига айланиб, мақбул шароитларда етиштирилган янги, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари доимо дастурхонда бўлади. Аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ташкил этиш орқали таъминланаётган бундай тўкинлик нафақат эҳтиёжимизни қондириши, балки иқтисодий самарадорликка олиб келиши билан аҳамиятли.

    Иссиқхоначилик аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим омилигина бўлиб қолмай, қаровсиз ерларни ўзлаштириш, улардан унумли фойдаланишда ҳам самарали ёндашув бўлмоқда. Шеробод туманида жойлашган “Шеробод агро импекс” МЧЖга қарашли 29 гектарли иссиқхонада помидор, бодринг, булғор қалампири каби бозорбоп маҳсулотлар парваришланмоқда. Замонавий иссиқхонада етиштирилган помидорлар экспортга йўналтириляпти.

    — Бизда помидорнинг Япониядан келтирилган нави парваришланмоқда, — дейди агроном Келдиёр Рашидов. — 70 кун мобайнида ҳосил бозорга олиб чиқишга тайёр бўлди. Аммо жуда “инжиқ” нав бўлганидан алоҳида парвариш зарур. Ҳосил кутганимиздек бўлди. Маҳсулотни экспортга тайёрлаш жараёнининг ҳам ўзига яраша талаблари бор. Совутиш тизимимиз бор, мева-сабзавотларни саралаб, хорижга чиқариш учун логистика маркази, шунингдек, кўчат етиштириш амалиёти ҳам йўлга қўйилган.

    Корхонада Туркия, Япония, Нидерландиядан келтирилган ҳосилдор, жаҳон бозорларида талаб юқори бўлган навлар парваришланиб, МЧЖ иссиқхоналарида экилмоқда, аҳоли томорқаларига ҳам етказиб берилмоқда. Айни кунларда иссиқхонанинг 1 гектар майдонида помидор кўчатини экиш авжида.

    Мазкур жамиятнинг йиллик қуввати 5 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга тенг, 6,4 миллион долларлик маҳсулотни жаҳон бозорларига олиб чиқишни режа қилган. Аҳамиятли томони, 2021 йилда ташкил этилган корхона қисқа вақтда катта натижаларга эришиб, 18 миллион долларлик экспортни амалга оширди.

    Экинни етиштиришда энг зарур омиллардан бири — сув. Йирик майдонни эгаллаган иссиқхоналарни суғориш учун тўлиқ компьютерлаштирилган тизим йўлга қўйилган. Томчилатиб суғориш ҳисобига катта миқдорда сув иқтисод қилинади.

    Анъанавий усулда парваришланган бир туп помидор кўчати ўртача 3–4 килограмм ҳосил берса, гидропоника усулида 12 килограммгача маҳсулот олиш мумкин. Шунингдек, кўчат илдизи, танаси ва барги ҳам турли зараркунандалардан ҳимояланган бўлади.

    Айтиш жоизки, Сурхондарё вилоятида етиштирилган мева-сабзавотлар дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Маълумотларга кўра, сўнгги 5 йилда маҳсулотлар МДҲ мамлакатлари ҳамда бошқа йирик бозорлар – Хитой, Германия, Туркия, Жанубий Корея, Япония ва Болтиқбўйи давлатлари бозорларига кириб борди. Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида эса ана шундай бозорларга 45,8 миллион долларлик 50 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинди.

    Умуман олганда, юртимиз қишлоқ хўжалиги секторининг муҳим таркибий қисми бўлган мева-сабзавотчилик бугун чинакамига ҳам деҳқон, ҳам фермер хўжаликлари учун энг фойдали фаолият турларидан бирига айланди. 2017 йилда мева-сабзавот маҳсулотлари экспортидан даромад 652,3 миллион долларни ташкил қилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 1,13 миллиард долларга етди. Бу сўнгги йилларда юртимизда мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантириш, тармоққа бозор механизмларини жорий этиш, ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтириш, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш қувватларини яратишга қаратилган эътибор самарасидир.

    2022 йил якунлари бўйича ЯИМнинг қарийб 25 фоизи, инвестицияларнинг 7, экспортдан олинган фойданинг 6 ва жами бандликнинг 25 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келди. Бундан англаш мумкинки, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар инсонлар ҳаётида бўй кўрсатиши баробарида, мамлакат иқтисодиёти ривожига ҳам катта ҳисса қўшмоқда.

    Айни пайтда юртимиз аҳолисининг мева-сабзавотга бўлган ўртача йиллик эҳтиёжининг қарийб 96 фоизи ўзимизда етиштирилган маҳсулотлар ҳисобидан таъминламоқда. Ҳозирда Ўзбекистонимиз ўрик етиштириш бўйича дунёда 2-ўринда, сабзи етиштириш бўйича – 3, гилос етиштириш бўйича– 4, бодринг етиштириш бўйича – 7, олча ва анжир етиштириш бўйича эса 8-ўринда туради. Рақамлар мева-сабзавот етиштиришда изчил иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётгани соҳадаги таъминотни тубдан яхшилаб, ўз натижасини бераётганидан даракдир.

    Феруза ЖЎРАЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири