Сарҳадларимиз хавфсизлиги — тинч-осойишта ҳаётимиз кафолати

    Бу дунёда юрт тинчлиги ва фаровонлигидан азиз неъмат, Ватан осойишталигини муҳофаза қилишдан буюк вазифа йўқ. Ҳарбийлар ана шундай жасоратли касб эгалари, осуда ҳаётимиз посбонларидир. Уларнинг ўз юртига садоқат билан хизмат қилишида оиласидаги муҳит мустаҳкамлиги, тақдир ришталарини боғлаган турмуш ўртоғининг эътиборли ва сабр-қаноатли бўлиши муҳим аҳамият касб этади.

    Шу боис, мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларнинг оилавий шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фақат сўнгги бир йилнинг ўзида 3 мингдан ортиқ ҳарбий уй-жой билан таъминланди, салкам 2 минг ҳарбий хизматчининг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилди, 4 мингдан зиёдининг турмуш ўртоғи касбга ўқитилиб, ишга жойлаштирилди, 1250 ҳарбий пенсионер бандлиги таъминланди.

    Президентимиз жорий йил 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига яна бир бор эътибор қаратди. Улар учун ипотека асосида кўп қаватли уйлар қуриш, ҳарбий хизматчилар пенсия таъминотини тартибга солиш, ҳарбий тиббиёт муассасалари шароитини яхшилаш бўйича топшириқлар берди.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҳарбийларнинг аёлларини мономарказларда тадбиркорликка ўқитиб, сўнг имтиёзли кредит ажратиш, иш бошлашига кўмаклашиш бўйича ишлар қилинмоқда.

    “Шундай оилам борлигидан фахрланаман”

    — Тўйдан сўнг деярли 10 йил турмуш ўртоғим қайси вилоятга хизматга жўнатилса, тўрт боламни бағримга босиб, кўч-кўронимизни кўтариб ижарада яшаб юрдик, — дейди подполковник Музаффар Авлаевнинг турмуш ўртоғи Дилфуза Азимова. — Бировларнинг уйида яшаганимиз учун ҳадиксираб турардик. Олий маълумотли педагог бўлсам-да, севган касбим бўйича ишлашга имконим бўлмаган. Талабалик давримда Чирчиқ дарёси бўйида яшайдиган амакимнинг уйида туриб, Ўзбекистон жаҳон тиллари университетига қатнаб таҳсил олганман. Саҳарлаб йўлга чиқиб ўқишга келардим, ўқишдан сўнг контракт пулимга ёрдам бўлсин, дея қандолат цехида ишлардим. Кейинчалик инглиз тилидан репетиторлик қилдим. 2013 йилда ўқишни тугатдим. Биз ўқиган даврда талабаларга бугунги имкониятлар йўқ эди.

    Сўнгги йилларда нафақат ҳарбийларга, балки уларнинг оила аъзоларига ҳам қатор имтиёз ва тўкис шароитлар яратиб бериляпти. Бу ислоҳотлар самарасини ўз ҳаётим мисолида кўриб турибман. Ҳарбий хизматчилар учун пойтахтимизнинг Аҳмад Яссавий маҳалласида қурилган янги уйлардан бирига — уч хонали квартирага кўчиб ўтдик. Ниҳоят, ўз бошпанамизга эга бўлдик.

    Янги уйимиз ертўласидан фойдаланишга рухсат берилганидан кейин бу ерда ўқув-соғломлаштириш маркази ташкил қилдик. Бунинг учун банкдан 50 миллион сўм кредит олиб, марказни жиҳозладик. Ҳозир ўқув марказида фитнес хонаси, мактабгача тайёрлов курси, таэквондо каби 12 йўналишда хизмат кўрсатяпмиз. Яқин кунларда 33 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига спорт анжомлари сотиб олмоқчимиз.

    Ўтган йили докторантурага қабул қилиндим, бугун Тошкент архитектура-қурилиш университетида ҳам ишлайман. Турмуш ўртоғим ҳам илмий тадқиқот ишини давом эттиряпти.

    Дилфуза билан суҳбатлашар эканмиз, йўл халтаси доим тайёр турувчи ҳарбийнинг хотини бўлиш унчалик ҳам осон эмаслигини сездик. Йиллаб, ойлаб ота-онаси ва жигарларидан олисда бўладиган ҳарбийликнинг машаққатини эри билан теппа-тенг тортаётган аёлларга яратиб берилаётган енгилликлар саодатли кунлар калити бўлиб уларга имкониятлар эшигини очмоқда.

    Дилфузанинг ҳарбий йигитга турмушга чиқиши ҳам қизиқарли кинога ўхшайди. Чунки у сўзлаётган воқеалар ҳаётидан нолиб, арзимаган сабаблар билан ажрашишга шайланаётган баъзи эр-хотинларга ибратдир.

    — Қашқадарёнинг Яккабоғ туманиданмиз. Турмуш ўртоғим билан бир қишлоқда вояга етсак-да, бир-биримизни суратимиз орқали таниганмиз. Илк учрашувга бўлажак турмуш ўртоғим кела олмаган. Бир неча кундан сўнг қуда томон яна учрашув вақти ва соатини белгилаб, ота-онамга хабар берди. Ҳаяжон билан атайлаб кечикиб, айтилган жойга етиб бордим. Минг афсуски, куёв бу сафар ҳам келмади. Менга пойлоқчилик қилиб юрадиган дугоналаримга гап топилди: “Ана энди аниқ бўлди, унинг севгани бор ёки сенга уйланиш нияти йўқ. Йўқса, минг иши бўлса ҳам, етиб келарди. Тўйни тўхтат, ҳарбий бўлса ўзига”. Ўша дам дугоналаримдан уялганимдан бир сўз демай, ҳовлимизга қараб чопиб кетдим, уйга қандай етиб келганимни билмайман. Онам ҳовлиқиб олдимга келди-ю, нима гаплигини сезгандай, ерга қараб жим ўйланиб қолди. “Онажон, отамга айтинг, учрашув бўлмади, энди тўй ҳам бўлмайди”, деган гапим оғзимда қолди, дарвозамизни кимдир тақиллатди. Онам дарвоза томон кетди ва бир ­оздан сўнг ёнимга келиб, “Қизим, йигитнинг ишхонасида назорат кучли экан, рухсат беришмабди, шунинг учун уйдагилари узр сўраб келибди”, деди. Ҳеч нима демадим. Иши шахсий ҳаётидан ҳам муҳимми? Ёки уйдагилари айтгани учун мажбур уйланмоқчи бўлганми, деган фикрлар ўтарди хаёлимдан. Тонгни ухламай оттирдим. Эртаси куни яна учрашув белгиланди. “Очиқ-ойдин гаплашиб оламан, тегаман, деб ўлиб турганим йўқ-ку, шуни билсин”, дея яна учрашувга отландим. Дилгир хаёллар билан белгиланган манзилга етиб бордим. Не кўз билан кўрайки, куёвнинг ўрнида опаси хижолатли кулимсираб турарди. Тилим калимага келмай қолди. Буни сезган бўлажак қайнопам елкамга қоқиб, “Келинжон, минг бор узр, укам йўлда, икки соатлардан кейин шу ерда бўлади. Сиз хафа бўлманг, деб ўзим келдим”, деди. Опаси нималарнидир тушунтирар, менинг эса на қулоғим эшитар ва на кўзим кўрар эди. Қанча вақт ўтганини билмайман, ўрнимдан шартта турдим-у, бир сўз демай кетавердим. Шу он “Дилфуза, шошманг”, деган ўктам овоз келди. Жойимда туриб қолдим. Қайрилиб қарашга ҳолим йўқ. Куч топиб, жаҳл билан ортимга бурилдим. Қаршимда истараси иссиқ, ҳарбий кийимдаги йигит ҳеч нима бўлмагандай жилмайиб турарди. Қовоғимни уйиб, чимирилиб олдим.

    — Дилфузахон, олдингизда хижолатдаман, хоҳлаган вақтда ишдан чиқиб кетолмаймиз. Шунинг учун ҳарбийликни машаққатли ва шарафли касб, дейишса керак.

    — Тўғрисини айтаверинг, уйдагиларингизни ранжитмай, деб менга уйланаётган бўлсангиз, очиқ гаплашайлик.

    — Мен кўп ваъдалар бермайман, лекин сизни бахтли қилиш учун ҳаракат қиламан, — деди у.

    Тўйимиз бўлди. Қизиғи, куёв тўйга бир кун қолганида келган. Йиллар ўтиб тушундимки, ҳарбийлар Ватан тинчлиги ва осойишталиги йўлида нафақат ўзидан, ҳатто оиласидан ҳам кечиб, жонини фидо қилиб яшашга тайёр экан. Мен шундай оилам борлигидан фахрланаман!

    Аёл учун асл бахт

    — Турмуш ўртоғим ҳарбийликни юртни ҳимоя қилишга бағишланган ҳаёт, дейди. Аслидаям шундай, лекин ҳарбий эркак билан бир оилада ­ҳамнафас бўлиб яшаётган аёлларга осон эмас. Кўп кунларимиз ёлғизликда, кутиш билан ўтиб кетади. “Юртимиз тинч бўлсин, илоҳим, болаларимнинг отаси Аллоҳга омонат”, деб ўтираман. Аслида, аёл киши учун бахт ўз оиласи бағрида хотиржам ҳаёт кечиришдир, — дейди Тошкент ҳарбий округи қўшинларида хизмат қилаётган 3-даражали сержант Асқарали Умматовнинг турмуш ўртоғи Сурайё Сайдалиева.

    Дарҳақиқат, ҳарбийлар қаерга жўнатилса, ўша ерда яшашга, керак бўлса, ўз жонини юрт ҳимоясига бағишлашга тайёр инсонлар. Шунинг учун ҳам уларни Ватан ҳимоячиси, юрт посбони, деб улуғлаймиз. Оиласи тинч, қалби ҳаловатли эркакнинг ишида унум, барака бўлади.

    Сурайё Сайдалиева замонамизнинг ишбилармон аёлларидан бирига айланиб улгурган, 30 дан зиёд шогирди бор. Қишнинг изғиринли ҳавосида ҳам кўп қаватли уй ертўласида очган тикув цехида қўли-қўлига тегмай ишлаяпти. Жараённи кузатар эканмиз, унинг меҳнатсеварлигига тан бердик. Биз совуқдан қунишибгина кирган тикув цехида Сурайё ва шогирдлари яйраб ишлаяпти.

    — Совуқ, иссиқ, қор, ёмғир деган сўзлар бизга ёт, мослашиб кетганмиз. Ишлайман деган одамга на совуқ ва на иссиқ чикора, дерди онам раҳматли, — дейди Сурайё.

    Уларга 2018 йилда Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги Олмос маҳалласида ҳарбийлар учун барпо этилган шаҳарчадаги кўп қаватли уйлардан хонадон насиб қилди.

    Асли бекободлик Сурайё оилада 10 фарзанднинг саккизинчиси, Асқарали билан аҳду паймон қилиб турмуш қурган. Отаси тўйдан кейин қизига оқ фотиҳа бериш чоғида бундай деган экан: “Қизим, ҳарбийлик қийин касб. Эринг ойлаб ёнингда бўлмаслиги мумкин. Айтмоқчи бўлганим, сен иродали ва матонатли бўл. Эрингни ҳурмат қил, ҳеч қачон юзига тик боқма, чунки у — Ватан ҳимоячиси”.

    Суяги меҳнатда қотган деҳқон қизи бугунги кунгача отасининг бу ўгитини ҳаёт шиорига айлантириб яшаб келмоқда.

    — Тўйимиз бўлганига яқинда 19 йил тўлди. Тўйдан кейин 3 йил фарзандли бўлмадик, одамлар қанча гап-сўз қилди. Бир куни эримга “жавобимни беринг, сизни фарзандли қила олмаяпман, бахтли бўлишингизни истайман”, деганман. “Менинг бахтим сенсан, агар фарзандсизлик пешонамизга ёзилган бўлса, бунга ҳам розиман, ёнимда бўлсанг бўлди”, деди. Шу гапнинг қудрати билан ҳар қандай қийинчиликда ҳам ҳаётимдан нолимаганман. Аллоҳим бағримизни бўш қўймай, бир ўғил ва бир қиз фарзанд бериб сийлади. Ҳозир ўғлим саккизинчи, қизим бешинчи синфда ўқияпти. Ўтган йиллар давомида кўп ижара уйларни алмаштириб яшадик. Уй эгаларининг талаб ва инжиқликларига чидадик.

    Педагог бўлсам-да, чеварликни яхши кўраман, бу она касб, шу учунми, тикувчиликка ихлосим баланд бўлган. Бугунги кунда эркаклар учун костюм-шим, аёллар либоси, парда ва бошқа нарсалар тикамиз. Имтиёзли кредит олишга ҳужжатларимни тайёрлаб, банкка топширдим. Худо хоҳласа, кредитни олишим билан энг замонавий машиналар сотиб оламан, цехимизни жиҳозлайман. Тиккан маҳсулотларимизни ички бозорга, кейинроқ ташқи бозорга ҳам чиқаришни мақсад қилиб қўйганман. Фурсатдан фойдаланиб, газетангиз орқали мен сингари уйли ва ишли бўлган ҳарбийларнинг аёллари номидан, энг аввало, бизга шунча шароит яратиб бераётган Президентимизга катта раҳмат айтмоқчиман.

    “Ғамхўрликдан руҳланиб яшайман”

    Ангрен шаҳридаги “Жасурбек” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Нигора Йўлдошева катта сержант Жаҳонгир Ҳасановнинг турмуш ўртоғи. Асли наманганлик бўлган бу ҳарбий оила хизмат вазифаси туфайли деярли 14 йилдан буён Тошкент вилоятида яшайди.

    — Ўзбек аёлининг нозик елкалари ҳаётнинг ҳар қандай оғир юкини кўтаришга қодир, агарки, ёнида уни тушунадиган, қўллайдиган мард эркак бўлса, — дейди Нигора. — Турмушга чиққанимдан сўнг анча қийналдим. Ота-она бағрида ҳеч бир қийинчиликсиз катта бўлган қиз эрга текканидан сўнг турмушнинг муштлари борлигини, уй деворининг уч томонида туз ва фақат бир томонидагина асал бўлишини қайдан ҳам билсин.

    Ҳарбийларнинг кийими бунчалар чиройли бўлади, дея ёшлигидан бу касбга қизиққан Нигоранинг тақдири ҳарбий йигит билан боғланди. Эрка бўлса-да, меҳнатдан қочмайдиган, дангал келинчакнинг бахтига фариштадай мулойим ва жуда меҳрибон, шифокор қайнона учраши тақдирнинг унга аталган инъоми бўлди.

    — Раҳматли қайнонам дунёдаги энг яхши оналардан бири эди. Тўғриси, ҳарбийликни бошқача дунё деб тасаввур қилганман. Эр-хотин ўртасида уруш-жанжал бўлмайди, деган гапга ишонмайман. Ахир мутлақо ёт, бегона одамлар бир-бирига кўникиб яшаб кетиши учун йиллар керак бўлади. Эрка бўлсам-да, оиламизда онам берган тарбияга таяниб, ҳеч қачон уйдаги гапни кўчага чиқармадим. Ҳаётнинг кутилмаган зарбалари мени кучли ва ўзига ишонган аёл қилиб улғайтирди, — дейди Нигора. — Тўғрисини айтсам, тадбиркорликни бошлашга астойдил киришсам-да, ҳужжат тўғрилашимда, жой олишда қийинчиликлар бўлган. Лекин ортга чекинмадим ва мақсадимга етдим.

    Нигора Йўлдошева Ангрен шаҳри ҳокимлиги кўмаги билан 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб очган нодавлат мактабгача таълим ташкилотида бугунги кунда 50 ҳарбийнинг болалари ментал арифметика, инглиз тили, бадиий гимнастика ва мактабга тайёрлов бўйича таълим-тарбия олмоқда. Энг иқтидорли ва билимли мутахассислар ишга жалб қилинган. Ҳарбийларнинг 5 аёлини иш билан таъминлаган.

    У Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг математика-информатика факультетини тамомлаган. Ҳозир шу университетнинг мактабгача таълим факультетида сиртдан таҳсил олмоқда. Келажакдаги режалари ҳам бир дунё: ақлида нуқсони бўлган болалар учун алоҳида жой очмоқчи. Бундай қарорга келишининг ҳам ўзига хос сабаблари бор. Унинг бизга айтиб берган изтиробга тўла ҳикоясини эшитсак-да, ҳозирча бу ҳақда ёзишни истамадик. Чунки бу мавзунинг ўзи алоҳида бир мақола.

    Нигора бир ўғил ва бир қизнинг меҳрибон онаси, оиласининг сариштали бекаси. Суҳбатдошимизнинг айтишича, боласини боғчага қўйишга чоғланган ҳарбийлар ва қўшимча иш борми, дея эшик қоқиб келувчи уйда ўтирган аёллар кўп. Шунинг учун келажакда боғчани кенгайтириб, янги иш ўринлари яратмоқчи. Бу борада уни турмуш ўртоғи Жаҳонгир ҳар доим қўллаб-қувватлайди.

    * * *

    Биз ушбу мақоламизда бугунги изчил ислоҳотлар сабаб тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб иш бошлаган уч аёлнинг ишларини озми-кўпми ёритишга ҳаракат қилдик. Учрашув давомида суҳбатдошларимизнинг ҳеч бири ўз ҳаётидан нолимади. Аксинча, ҳарбий хизматчилар оилалари учун яратилаётган шарт-шароитлар замирида келажакка ишонч, уларнинг бахту саодатга йўғрилган ҳаёти ҳақида тўлқинланиб гапирди.

    Истиқболли ислоҳотлар туфайли ён-атрофи яхшиликка тўлиб кетгандай, умидли учқунлар шуъласи бутун борлиғини қамраб, эзгулик уруғини онгу шуурига сингдираётгандай таассуротда эканини баралла ва очиқ-ойдин айтди.

    Бундан хулоса шуки, бугун ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун берилаётган кенг имкониятлар, аввало, Ватан ҳимоячиларининг кўнгил хотиржамлиги учун хизмат қилади, бу эса таҳликали дунёда сарҳадларимиз хавфсизлиги, тинч-осойишта ҳаётимиз кафолати бўлади.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates