Сайёҳлик етакчи тармоққа айланмоқда

    Туризм 10 июл 2023 543

    Мамлакатимизда туризм иқтисодиётимизнинг муҳим ва зарур йўналишларидан бирига айланиб бўлди. Бу бежиз эмас, албатта. Туризм ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, халқимиз маданияти, урф-одати, тарихи ва этнографиясини жаҳонга танитишда муҳим аҳамиятга эга.

    Жиззах вилояти қулай географик жойлашуви, йирик сув ҳавзаларининг мавжудлиги, иқлимининг ўзига хослиги, қўриқланадиган табиий ҳудудларнинг ноёб тармоғи ва ландшафтлари, шунингдек, қадимий аҳоли яшаш масканлари, уларнинг ўзига хос удумлари, турмуш тарзи билан экологик туризмни ривожлантириш ва оммалаштириш учун кенг имкониятларга эга ҳудуд ҳисобланади.

    Бугунги кунда вилоятда 92 та зиёратгоҳ ва тарихий объект, 1 та маданий кўнгилочар экопарк, 5 та тоғли ва ўрмон хўжалиги, 45 та гастрономик эко агротуризм объекти, 677 та ҳунармандчилик устахонаси ва бошқа туризм объектлари мавжуд. Бир вақтнинг ўзида 6340 меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга 232 та жойлаштириш воситалари фаолияти йўлга қўйилган.

    Вилоятнинг туризм салоҳиятини ўрганиш, ҳудуд ва унинг тарихи, туристик объектлари ва ўзига хос хусусиятлари тўғрисида турли тилларда контентлар ва турпакетлар яратиш, уларни тарғиб қилишда ёрдам кўрсатиш, профессор ҳамда ўқитувчиларнинг изланишлари, талабаларнинг туризм соҳасидаги назарий билимларини амалиётда қўллаш имкониятини кенгайтириш, ҳудудлардаги аҳоли томонидан туризм хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда чора-тадбир дастури ишлаб чиқилган.

    Сўнгги йилларда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида вилоятга ташриф буюрувчи туристлар сони ошиб боряпти. Жумладан, ўтган йили Жиззах вилоятига 12800 хорижлик сайёҳ ташриф буюрган. Бу эса 2016 йилга нисбатан 5,1 баробар кўп. Шунингдек, 2022 йилда туризм хизматлари экспорти 2,6 миллион долларни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 5 баробар ошган.

    Юқоридаги кўрсаткичларни вилоятнинг туристик салоҳияти ва мавжуд ресурслар билан қиёсласак, бу унчалик катта натижа эмас. Агар сайёҳлик йўналишлари кўпайиб, хизматлар сифати янада яхшиланса, рақамлар бундан бир неча баробар ошиши мумкин.

    — Жиззах вилоятида ҳам туризм соҳаси изчил ривожланяпти, — дейди вилоят маданият ва туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Дилором Холмирзаева. — Президент раислигида жорий йил 29 март куни мамлакатимиз туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Ушбу вазифалар ижроси доирасида яқинда 12 нафар германиялик туроператорни вилоятга таклиф қилдик. Улар Зомин ва Фориш туманларида бўлиб, туризм салоҳиятини яқиндан ўрганди. Зомин туманида сайёҳлар учун яратилган шароитлар, муқаддас қадамжолар, қатор қўшма корхоналар, “Суфа” туристик дам олиш маскани ва у ердаги арқон йўлини томоша қилди. Зомин сув омбори, гўзал табиати ҳамда сервиқор тоғлар хорижлик туроператорлар эътиборини тортди.

    Шунингдек, меҳмонлар Форишнинг бетакрор табиат манзараларидан баҳраманд бўлдилар. Ушбу ҳудудлар туризми салоҳиятига юқори баҳо бериб, Зомин ва Фориш туманларидаги дам олиш мажмуалари тез кунларда ғарбий Европа, жумладан, германиялик сайёҳларнинг севимли масканига айланишини таъкидлашди.

    Бундан ташқари, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича вилоятнинг Шароф Рашидов, Зомин, Янгиобод ва Ғаллаорол туманларидаги 11 та маҳаллани туризмга ихтисослаштириш юзасидан юқори идораларга таклиф юборилди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятга хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқими янада ортади, туристларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга эришилади.

    Шу ўринда қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги “Зомин” туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони вилоятда туризмни янада ривожлантириш учун катта туртки бўлди. Фармон билан “Зомин” туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш учун 2021 йилда 700 гектар ер майдони ажратилиб, у ерда қиймати 3 триллион 767 миллиард сўмлик 18 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Натижада 890 та янги иш ўрини яратилади. Бугунги кунда ушбу зонани ташкил қилиш йўлида учта лойиҳа ишга туширилган бўлиб, 150 нафар аҳоли ишли бўлди. Учта замонавий меҳмонхона бунёд этилди. Шунингдек, ушбу туристик зонада умумий қиймати 456 миллиард сўмлик тўртта лойиҳанинг иш жараёнлари давом этмоқда. Жумладан, битта замонавий дор йўли, кўп қаватли автотураргоҳ, замонавий ресторан, осма кўприклар, битта замонавий соғломлаштириш маркази лойиҳалари амалга оширилмоқда.

    “Зомин” туристик-рекреацион зонасида яқинда фаолият бошлаган туристик объектлар хориждан келган сайёҳларга денгиз сатҳидан 2400 метр баландликдаги табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиш имконини бермоқда.

    Экологик туризм мамлакатимизда истиқболли соҳалардан бири ҳисобланади. Шунинг учун бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам туризмнинг ушбу йўналишини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилган. Экотуризмни ривожлантириш, ўз навбатида, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни ва ноёб табиий ҳудудларни сақлаш маҳаллий аҳоли даромадларини ошириш учун хизмат қилади.

    Айтиш мумкинки, хорижий сайёҳларни, жумладан, маҳаллий сайёҳларимизни ҳам шаҳарнинг замонавий қиёфаси, шинам меҳмонхоналари эмас, балки чекка ҳудудлардаги кўз илғамас табиат гўзалликлари, сўлим ва баҳаво масканлари, қишлоқ аҳолисининг яшаш тарзи, улар ташкил этган меҳмон уйлари кўпроқ қизиқтиряпти. Шу жиҳатдан олиб қарасак, вилоятда экотуризмни ривожлантириш учун жуда катта табиий ресурслар бор.

    Туркистон тоғ тизмасининг вилоят ҳудудидаги Қизилмозорсой, Кўлсой, Супа, Чортанги, Еттикечув, Қашқасой, Ўриклисой каби экотуристик ресурсларга бой жойларининг атрофи хилма-хил табиий арча ўрмонлари билан қопланган.

    Эътиборли томони, мавжуд арчазорларни сақлаб қолиш, кўпайтириш ва ноёб ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш мақсадида Ўзбекистонда биринчи бўлиб Зомин давлат қўриқхонаси ташкил қилинган.

    Қўриқланадиган ҳудудда ғоят ноёб ва хилма-хил ҳайвонот дунёси яшайди. Бу жойда қушларнинг 134, сут эмизувчиларнинг 37, судралиб юрувчиларнинг 39 тури рўйхатга олинган. Қўриқхона ҳудудида яшайдиган Туркистон силовсини, оқ тирноқли айиқ, сибир эчкиси Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоб”ига киритилган. Қўриқхонанинг сўлим экологик гўшалари жуда кўп. Энг томошабоп шундай жойлардан бири Қизилолмасой ҳудудида жойлашган баланд ва ғаройиб кўринишдаги қизилқоя тошларидир. Улар табиий нураш жараёни таъсирида турли шакл ва кўринишлар пайдо қилган. Маҳаллий халқ бу ғаройиб кўринишдаги тошларнинг ташқи қиёфасини инсон танасига ўхшатиб, уларни “қирққиз” деб атайди.

    Бахмал туманидаги арчазорлар билан қопланган Вадиган, Боғимозор, Айиқсой, Бойқўнғирсой, Жум-Жумсой каби даралар ҳам вилоятнинг энг сўлим, бетакрор табиат ландшафтлари рўйхатида туради.

    Вилоятнинг ғарбий қисми – Нурота тоғ тизмасининг шимолий қияликларида 1975 йили Нурота тоғ-ўрмон давлат қўриқхонаси ташкил қилинган. Қўриқхонанинг асосий вазифалари ноёб ҳайвон – ёввойи қўй (Северцов қўйи) – архар ва ёнғоқзор ўрмонларни сақлаб қолиш ҳисобланади. Эътиборлиси, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун ушбу ноёб ёввойи қўйларни яқиндан томоша қилиш имконияти яратилган. Шунингдек, Фориш туманидаги Можарум қишлоғида энг қадимий сарв дарахти сақланиб қолган. Ёши тахминан икки минг йилдан зиёд бўлган мазкур дарахт айланаси салкам 24 метр. Маҳаллий халқ орасида уни Александр Македонский эккан деган ривоят сақланиб қолган.

    Мазкур дарахтни кўришга йилига минглаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюрса-да, афсуски ушбу қишлоқда сайёҳлар учун етарли шарт-шароитлар яратилмаган.

    Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳам мазкур ҳудудда жойлашган. Бу кўллар ноёб туристик ресурс бўлиши билан бирга, қишловчи қушларнинг макони ва ўзига хос ҳайвонот оламига эга ҳудуд ҳисобланади.

    Юқорида таъкидлаганимиздек, вилоятда туризмни, жумладан, экологик туризмни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Бу борада фақат инфратузилмани яхшилаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, соҳага қизиқувчиларни қўллаб-қувватлаш талаб этилади. Ушбу соҳаларда вилоятда бажарилаётган ишларни таҳлил қилсак, яқин орада Жиззах вилояти ҳам мамлакатимизнинг туризм соҳаси ривожланган тарихий ва қадимий шаҳарларимиз қаторидан ўрин олиши ойдинлашади. Буни вилоят иқтисодиётида туризм улуши тобора ортиб бораётганидан, шу соҳанинг асосий драйверига айланаётганидан ҳам билсак бўлади.

    Фарҳод НЕЪМАТОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates