Унга кўра, Қашқадарё вилояти Муборак туманида янги йил байрами арафасида "Аёллар дафтари"га киритилган 7 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизларга вилоят ҳокими қарорига асосан вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йил III чорак ошириб бажарилган қисмидан туманга ажратилган 450 млн. сўм маблағ ҳисобига ижтимоий уй калитлари топширилди.
Шунингдек Нишон туманида ҳам боқувчисини йўқотган "Аёллар дафтари"да турувчи Аржейин Силвия ва Хуршида Бойқобиловаларга "Байналминал" МФЙ ҳудудидан уй олиб берилди.
"Бир неча йиллардан буён уйсиз, ижарада яшаб келардим. Қарамоғимда бир нафар болам бор. Қийналиб қолганим боис, туман масъулларининг сайёр қабулига боргандим. Масъуллар менинг мурожаатимни тинглаб, ижобий ҳал этишди. Биз каби боқувчисини йўқотган, ёлғиз оналарга эътибор қаратишаётгани учун аввало муҳтарам Президентимизга мингдан-минг раҳмат айтаман", - дейди Хуршида Бойқобилова.