Сенат Кенгаши қирқ иккинчи ялпи мажлисни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди

    Мамлакатимизда 21 июн 2023 1078

    Жорий йил 20 июнда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

    Мажлисда Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисини 2023-йил 22 июнда чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

    Қайд этилганидек, видеоконференсалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган мазкур ялпи мажлисда қатор қонунларни муҳокама этиш режалаштирилган.

    Хусусан, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида«ги, “Давлат божи тўғрисида«ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, “Ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик учун солинадиган маъмурий жарима миқдорини белгилаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги ҳамда “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

    Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида«ги, “Радиочастота спектри тўғрисида«ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон – Қозоғистон Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2022-йил 22 декабрь) ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий-техникавий соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Исломобод, 2022-йил 3 март) ратификация қилиш ҳақида»ги қонунлар ҳам муҳокама этилади.

    Бундан ташқари, ялпи мажлисда Музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан Маданий мерос агентлигига юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам кўриб чиқиш режалаштирилган, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.