Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон – Қозоғистон Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Муҳокама чоғида сенаторлар Ўзбекистон ва Қозоғистон энг яқин қўшнилар ва вақт синовидан ўтган стратегик шериклар эканини таъкидлади. Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида ҳамкорликнинг янги даври бошланди, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар жадал ривожланмоқда.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан унинг 2022 йил 21 декабрь куни мамлакатимизга давлат ташрифи чоғида имзолангани билан алоҳида аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Шартномага кўра Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги Давлат чегарасининг демаркация қилинган чизиғи узунлиги 2 356 километрдан ортиқдир.
Шартнома билан Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасини белгилаш бўйича ишлар тўлиқ якунланди ҳамда чегара хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш учун энг муҳим шарт-шароитлар яратилди.
Шартноманинг ратификация қилиниши Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.