Сенат Раиси Бангладеш Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Элчиси билан учрашди

    Жорий йил 29 ноябрда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Бангладеш Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳаммад Монирул Исломни қабул қилди.

    Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Бангладеш ҳамкорлигининг барча соҳалари, хусусан, савдо-иқтисодий, сиёсий, маданий гуманитар, айниқса, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

    Икки давлат парламентларининг ҳамкорлиги мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Томонлар Ўзбекистон ва Бангладеш қонун чиқарувчи органлари ҳамкорлигини янада ривожлантириш, эришилган келишувларни амалга оширишда парламент назорати имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратди.

    Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик муносабатларига устувор масала сифатида алоҳида эътибор қаратиб келиняпти. Натижада ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки баробарга ўсди. Шундай бўлсада, учрашувда эришилаётган кўрсаткичларни яна бир неча баробарга оширишга имкониятлар етарли экани айтиб ўтилди.

    Ўз навбатида, икки давлат савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш ҳамда саноат маҳсулотларининг ўзаро кўргазма ва ярмаркаларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни ўз ичига олган амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.

    Шунингдек, Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналарда тўқимачилик кластерлари ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишга тушириш, фармацевтика соҳасида мамлакатимизнинг кенг салоҳиятидан келиб чиқиб, қўшма лойиҳаларни амалда жорий қилиш юзасидан фикр алмашилди.

    Мулоқот давомида маданий-гуманитар алоқаларни, айниқса, маданият ва зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар муҳокама этилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.