Музокаралар чоғида GGGI нинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш, институтнинг «яшил» трансформация бўйича кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишдаги ролини кучайтириш, шунингдек, иқлим бўйича Париж келишуви доирасидаги мамлакат мажбуриятларининг бажарилишини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама этилди.
Алоҳида эътибор Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммоларга халқаро ёндашув, сўнгги йилларда ушбу ҳудудни қайта тиклаш ва барқарор ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўрмонзорлар барпо этиш ҳамда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларга қаратилди. Шунингдек, парламент экспертизасини чуқурлаштириш ва «яшил» иқтисодиёт бўйича мутахассислар тайёрлаш борасидаги режалар муҳокама этилди.
Томонлар халқаро даражада миллий иқлим ташаббусларини илгари суриш, норматив-ҳуқуқий базани ривожлантириш, атроф-муҳит ифлосланиши ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасида тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.