Мажлисда Сенатнинг эллигинчи ялпи мажлисини 2024 йил 9 февраль куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Таъкидланганидек, видеоконференсалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган ялпи мажлисда қатор масалаларни муҳокама қилиш назарда тутилган.
“Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, навбатдаги ялпи мажлис кун тартибидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги ҳамда “Халқаро меҳнат ташкилотининг Иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 95-сонли Конвенциясини (Женева, 1949 йил 1 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунлар ҳам ўрин олган.
Шу билан бирга, сенаторлар 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси ҳамда 2024 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш, Андижон вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”да белгиланган вазифалар ижроси тўғрисидаги, Тошкент вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати ҳақидаги масалаларни ҳам кўриб чиқади, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.