Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси 2023 йил 29 сентябрда чақирилади

    Мамлакатимизда 27 сентябр 2023 1038

    Жорий йил 27 сентябрда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

    Мажлисда Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлисини 2023 йил 29 сентябрда чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

    Қайд этилганидек, видеоконференсалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган ялпи мажлисда қатор масалаларни муҳокама этиш режалаштирилган.

    “Педагогнинг мақоми тўғрисида«ги, “Фармацевтика фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида«ги, “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида«ги, “Ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш соҳасига хусусий сектор жалб қилиниши муносабати билан “Метрология тўғрисида«ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

    Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида қонунийликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан “Прокуратура тўғрисида«ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизими шакллантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида«ги қонунлар муҳокама этилади.

    Бундан ташқари, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосарини сайлаш, Сенат Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш масалаларини кўриб чиқади, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.