Лекин тармоққа ёппасига тобеликнинг ўзига яраша манфий ва мусбат жиҳатлари бор.
Ана шу “лекин” сабаб кўнгил бир оз хира тортаётганини ҳам яширмайлик. Замонавий, айни пайтда ижтимоий тармоқни “гуллатаётган фаоллар” икки қутбга ажралиб кетгандек, назаримда. Бу қутбнинг бирида шаффоф, иккинчисида вазифаси қуёш нуридан ҳимоя қилиш бўлган қора кўзойнакни ўзга мақсадда тақиб олганлар жавлон уради, холос. Бошқача айтганда, позитив ва негатив фронт гўё.
Атрофдаги воқеа-ҳодиса, янгилик ва ислоҳотлар туб моҳиятини аслидек кўрувчи ва англовчилар биринчи тоифага киради. Улар вазиятга тўғри баҳо беради. Агар камчилик ёки нотўғри ёндашув бўлса, таҳлил орқали ётиғи билан тушунтиради. Иккинчи тараф эса ҳамма нарсага, ҳатто мурғак болалар иштирокидаги самимий чиқишларга ҳам фақат ёмон нигоҳ билан боқади. Сўнгги пайтларда ана шу қора кўзойнаклиларнинг “жўшқин фаолияти” кишини хавотирга солаётир. Уларнинг мақсади, муддаоси, жамоатчилик фикри шаклланишига кўрсатаётган таъсири таҳлил қилинса, кўп масала ойдинлашади.
Дейлик, бирор ҳоким, вазир ё соҳа мутасаддиси халқ орасида кўриниш берди — жамоат транспортида юрди, умумий овқатланиш шохобчасида тушлик қилди ёки одамлар билан мулоқот пайтида ўзини эркин (норасмий) тутди. Бу ҳолатни кимдир ошкора ёки яширин тасвирга муҳрлаб, ижтимоий тармоқ орқали бир зумда тарқатиб юборади. Табиийки, бундай пайтда шарҳлар ёзилиб, кўпчилик ўз фикр-мулоҳазасини бошқалар билан ўртоқлашгиси келади. Ана шу жойда шаффоф ва қора кўзойнаклар ишга тушади.
Узоққа бормайлик. Ўтган ойнинг сўнгги чоршанбаси юртимизда навбатдаги автомобилсиз кун эди. Билмадим, бу ўз ташаббуси эдими ё ахборот хизмати маслаҳат берганми, хуллас, бир мутасадди фаол фуқаро сифатида соғлом турмуш тарзига амал қилиш, экология мусаффолигига ҳисса қўшишга бошқаларни ҳам чорлаб, ишга хизмат машинасисиз келгани ҳақида ижтимоий тармоққа сурат жойлади. Шундан кейин бошланди-ку...
“Бўлар экан-ку... Бошқалар ҳам ўрнак олса қанийди...”га ўхшаган бир-икки олқиш “Роль ўйнашни боплабди... Омма учун уюштирилган сурат бу... Амалдорлар автомобилидан бир дақиқаям воз кечмайди...” каби таъна-дашному танбеҳлар остида қолиб кетди. Ўйлаб қолдим: нега биз ижтимоий тармоқдан фойдаланиш маданиятини ўзлаштира олмаяпмиз? Нима учун бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, ташаббус ва хайрли ишларга қанот беришни ўзимизга эп кўрмаяпмиз? Нима сабаб вазиятни фақат ёмон томонга бурамиз, унинг салбий тарафини кўргимиз келади?
Бу ҳаммага маълум, барчанинг кўз ўнгидаги фактлар. Энди ўзим билан содир бўлган бир мисолни келтирмоқчиман. Бундан 4-5 ой аввал қандайдир ғурур туйғуси билан ижтимоий тармоққа “Икки ёшга ҳам тўлмаган набирамга онаси ўзбек, тожик, рус ва инглиз тилида 20 гача санашни ўргатибди” деган мазмунда пост жойладим. Хўш, нима деб ўйлайсиз? Ҳа, мен ҳам шундай ўйлагандим. Кузатувчилар қувончимга шерик бўлади, кимдир ҳавас қилади, бошқаси болажонни дуо қилади, дея умид қилгандим.
Тўғри, шундайлар кўпчиликни ташкил қилди ҳам. Аммо қора кўзойнак таққан бир “дўстим”нинг изоҳидан кейин постимни ўчириб ташладим ва қайтиб инсоний ҳар қандай туйғуларни ижтимоий тармоққа олиб чиқмайман, деган қарорга келдим.
У айнан бундай ёзибди: “Икки ёшли болага ҳар хил тилларни ўргатишга бало борми? Ундан кўра, Қуръонни, намоз ўқишни ўргатинг”.
Сесканиб кетдим. “Ҳой, барака топкур, сал фаҳмни ишлат. Бу ерда 12 эмас, ҳали 2 ёшга ҳам тўлиб улгурмаган, тили чиқиб-чиқмаган гўдакнинг сен билан меникидан анча ривожланган зеҳни ҳақида гап кетяпти. Буни шунчаки набирасини кўриб завқи келган одам ёзяпти”, демоқчи бўлдиму, индамадим. Энг аянчлиси, ўша изоҳдан кейин яна кимлардир шундай кайфиятга яқин фикрларни ёзишга ҳаракат қилди.
Гап қаерга қараб кетаётганини англаётгандирсиз? Ўша изоҳ жойлангандан сўнг кузатувчиларда аста-секин ёндашув ўзгара борди, мазмун салбий томонга оға бошлади. Ўндан ортиқ ижобий постдан кейин қолдирилган биргина қитмир изоҳ муҳокамалар тизгинини бошқа ўзанга буриб юборди. Шунақа — инсон табиати қизиқ ва мураккаб. Яхши амални ўргатишга 10 та сабоқ талаб этилса, ёмон нарса учун биттаси кифоя экан.
Ҳозир аксарият одам журналист ва блогер тушунчасини аралаштириб юборади. Қўлида смартфони бўлган киши борки, блогерлик қиляпти, аслида. Ҳар ҳолда ўзини блогер деб ҳис этяпти. Айримлар атрофга фақат қора кўзойнак ортидан боқиб, оғзига, хаёлига келганини айтиш ва ёзишдан тийилмаяпти. Салбий пост қўя олмаса, ҳовурини изоҳ қолдириш орқали босяпти.
Афсуски, бу масала нафақат бизда ва ҳозир, балки бутун дунёда ва азалдан муаммо бўлиб келган. Ўз вақтида АҚШ Президенти Теодор Рузвельт журналистларни “жамият фаррошлари” деб атар экан, уларга тахминан бундай мурожаат қилади: “Агар журналист фақат жамиятдаги камчиликлар билан шуғулланаверса, димоғи битиб, кўзи шунга ўрганиб, бели букчайиб, фақат тирноқ остидан кир излайдиган майдакашга айланиб қолиши мумкин. Унга ора-сира қаддини ростлашини, бошини баланд кўтаришини, юлдузли, қуёшу ойли осмонга ҳам кўз ташлаб қўйишини маслаҳат бераман”.
Бу ижтимоий тармоқлар мавжуд бўлмаган, жамиятда фақат босма ОАВ жавлон урган пайтнинг гапи.
Тўғри, мамлакатимизда барча сиёсий ҳуқуқлар қаторида виждон ва эътиқод, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатиш ҳуқуқларини кафолатлаш борасида қилинган ва қилинаётган ишларни битта мақолада жамлаш мураккаб юмуш.
Қонунчиликка кўра, мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари эркин. Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эга. Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.
Кейинги йилларда юртимизда рўй бераётган тарихий ўзгаришлар натижасида оммавий ахборот воситаларини эркин фикр минбарига, халқимиз манфаатларининг фаол ҳимоячисига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин, ижтимоий муҳит яратилди. Бугун аввал тасаввуримизга сиғмаган тушунча ва ҳодисалар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.
Сўз эркинлигини таъминлаш, эркин фикр юритиш учун ҳуқуқий ҳимояни, давлат идораларининг очиқлигини кучайтириш, блогерлик мавқеини кўтариш, барча тоифадаги оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳимоя қилиш борасида салмоқли амалий ишлар қилинди. Натижада фаол матбуот халқ орасида ҳурмат-эътибор қозониб, “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиб бормоқда. Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда қандай янгилик пайдо бўлмасин, турли баҳслар, фикрлар, тортишувлар кўринишида ушбу ахборотга муносабат билдирилмоқда. Бу ҳам юртимиз оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг фаоллашиб бораётганини кўрсатади. Бунда суиистеъмолчиликка йўл қўйиш мутлақо ўзини оқламайди.
Буларга жавобан барчамиздан масъулият, вазиятнинг холис таҳлили, ўзаро ҳурмат ва ишонч талаб этилади. Назаримда, бунга “лаббай” деб жавоб бериш у қадар қийин эмас.
Бир латифа бор: аёл эрталаб кечроқ уйғонгач, хона деразасидан ташқарига қараб, турмуш ўртоғига “Дадаси, бугун қуёш ҳар кунгиданам чарақлаб чиқибди-я”, деса, бунга жавобан эр: “Бугун ҳам ҳар доимги қуёш, фақат барвақт туриб, кир бўлиб кетган деразаларни артиб қўйгандим”, деган экан.
Ёстиқ бой ва фақирнинг, катта ва кичикнинг, шаҳзода ва қўриқчиларнинг бошини кўтаради. Лекин унда фақатгина виждони хотиржамлар сокин уйқуга кета олади. Шундай экан, қалбимиз деразаларини вақти-вақти билан тозалаб, борлиқни борича кўриш ва хотиржам виждон билан уйқуга кетиш саодати барчамизга насиб қилсин. Зеро, аждодларимиздан қолган манбаларда “Кўринишинг билан фахрланма. Чунки уни сен яратмагансан. Насабинг билан ҳам фахрланма. Чунки уни сен танламагансан. Лекин ахлоқинг билан фахрлан. Чунки унга зийнатни фақат ўзинг бергансан”, дейилган. Бу ҳикматни эса, албатта, биласиз.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири