Шаҳар ҳавоси ифлосланишига тоғлар айбдорми?

    Ўрмонлар, умуман, дарахтларнинг йилдан йилга камайиб кетаётгани ҳам маҳаллий, ҳам глобал экологик муаммолар сирасига киради. Зотан, давлатлар ўртасида чегара бўлса ҳам табиатлар оралиғига чизиқ тортиб бўлмайди.

    Дарахтларнинг аёвсиз кесилиши, қуриб қолаётгани экологик вазиятнинг бузилишига олиб келмоқда. Экологик вазият эса шунчаки атама эмас. Уни мувозанатда ушлаб туриш, табиатни асраш инсон саломатлиги, тириклигимиз манбаи бўлган сув ва ҳаво, озиқ-овқат хавфсизлиги каби ўта муҳим омилларни муҳофаза қилиш, демакдир.

    «Одамнинг табиатга таъсир кўрсатиб, уни ўз эҳтиёжларига мослаштиришга уриниши Ернинг беқиёс кенг ҳудудларида фауна ва флорани ўзгартиради. Табиат қонунларини чуқур билмасдан табиий мувозанат бузилишига сабаб бўладиган фаолият кутилмаган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин», дея қайд этилган илмий-қомусий китобларда. Неча ўн йиллар аввал айтилган бу фикр якунини энди «салбий оқибатларга олиб келиши мумкин», деб эмас, «олиб келди», деб бемалол айтиш мумкин.

    Зеро, антропоген омиллар, яъни инсон ва унинг хўжалик фаолиятидаги нотўғри қадамлар глобал экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда ва уни бартараф этиш осон кечмаяпти. Шулардан бири ўрмонлар, умуман, дарахтларнинг ҳисоб-китобсиз кесилиши, улар ўрнини тўлдириш учун қилинаётган ишларнинг яхши самара бермаётгани қатор муаммоларни юзага келтирмоқда. Жумладан, атмосфера таркибида чиқинди газлар миқдорининг ошиб бориши, кислород билан таъминланиш даражаси сусайиши, тупроқ эрозиясининг юзага келиши, ҳайвонот ва ўсимлик олами турларининг кескин камайишига сабаб бўлаётир. Хавотирлиси, булар ҳаммаси худди занжир ҳалқалари каби бир-бирига узвий боғлиқ..

    ***

    Сайёрамизда ҳозир 3 триллион дарахт ўсиб турибди, дея хабар беради АҚШдаги Йель университети тадқиқотчилари сунъий йўлдош ва ўрмон хўжаликлари маълумоти асосида тайёрлаган кузатувларига таяниб. Бу ҳар бир киши бошига 400 тупдан ортиқ дарахт тўғри келади, дегани. Аммо сиз «Ўҳўў, жуда кўп экан», деб, хотиржам тортишга шошилманг. Чунки биздан жуда олис ҳудуддаги мамлакат ўрмонлари, дарахтлари ўзимиз яшаётган ҳудуд (шаҳар, қишлоқ) ҳавосини тозалаб, кўпроқ кислород билан таъминлаб бермайди. Қолаверса, ҳар йили жуда катта майдондаги ўрмонлар кесилаётган етмагандек ёнғинлар сабаб янада сийраклашиб бормоқда.

    Албатта, бирор-бир мамлакатда дарахтлар кўплиги, биринчи навбатда, уларнинг ҳудуди катталиги, табиати (ёғин-сочин), сув захиралари, бу борадаги қонунчиликка риоя этилиши, энг муҳими, аҳолининг табиатни асрашга нисбатан қарашларига боғлиқ.

    Табиий ўрмон ресурслари кўплиги жиҳатидан Россия, Бразилия, Канада, АҚШ ва Хитой етакчи мамлакатлар сифатида қайд этилган. Айни пайтда табиий равишда пайдо бўлган бирорта ўрмони йўқ мамлакатлар ҳам санаб ўтилган. Аммо улар ўз ҳудудини кўкаламзорлаштириш, дарахт экиб кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратар экан.

    ***

    Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 декабрдаги «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони аввалида бундай қайд этилган: «Сўнгги йилларда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Қимматбаҳо навли дарахт ва буталар кесилишига мораторий жорий қилиниши, дарахт кесганлик ҳолатлари учун жарима ва компенсациялар миқдорининг оширилиши шулар жумласидандир.

    Бироқ масъул ташкилотларнинг амалга оширилаётган ишларга сусткашлик билан ёндашиши ҳамда айрим шахсларнинг ўсимлик дунёси объектларига бўлган тажовузкор ҳаракатлари, шу жумладан, дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳолатлар умумэкологик вазиятнинг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда».

    Шу билан бирга, мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилиши, дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги тизимни такомиллаштириш устувор вазифа сифатида белгилаб ўтилган.

    Хўш, бу борада вазият қандай?

    Ўрмон хўжалиги агентлиги маълумотига кўра, бугун ўрмонларимиз ҳудуди 11,9 миллион гектардан иборат бўлиб, юртимиз умумий ер майдонининг 26,4 фоизини ташкил этади. 2023 йилда 235 минг гектар майдонда ўрмон барпо қилиш ва қайта тиклаш тадбирлари бажарилган, ўрмон фонди ерларининг фойдаланилмаётган 7012 гектари ўзлаштирилган. Оролбўйи ҳудудининг экологик барқарорлигини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида 127,8 минг гектар, Бухоро вилоятида 40,6 минг, Навоий вилоятида 43,7 минг ва Хоразм вилоятида 10,6 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан яшил қоплам барпо этилган.

    Айни маълумотлар бу борадаги ҳолат кўнгилдагидек экан, деган тасаввур ҳосил қилади. Бироқ бажарилаётган ишлар самараси йўқотишлар, яъни қурилишлар, ёнғин, сувсизликдан қуриб қолиш ва бошқа сабаблар билан саноқдан чиқиб кетаётган дарахт, яшил қопламлар ўрнини қанчалик қоплаяпти, ўртадаги мутаносиблик бузилмаяптими, деган саволларни пайдо қилади.

    Жумладан, кейинги йилларда «Яшил макон» лойиҳаси доирасида экилаётган юз минглаб кўчат турли сабаблар билан қуриб қолгани ҳақидаги ташвишли хабарлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг жорий йилга оид маълумотларига кўра, масъуллар эътиборсизлиги туфайли республика бўйича 608 минг туп, жумладан, Тошкент шаҳрида 321,7 минг, Самарқанд вилоятида 96,4 минг, Тошкент вилоятида 66,9 минг, Қорақалпоғистонда 61,2 минг, Бухоро вилоятида 23,7 минг, Навоий вилоятида 15 минг кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган ҳудудларга экилган. Шу сабабли уларнинг катта қисми қуриб қолган.

    Бу илк хатолар эмас. Бундан икки-уч йиллар аввал ҳам бу каби ўта нохуш ҳолатлар қайд этилган. Жумладан, 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги туман (шаҳарлар), аҳоли пунктлари, халқ хўжалиги объектлари атрофида яшил ҳудуд барпо этиш ва 1 миллион туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган эди. Экилган 75 минг ниҳолдан 52 минг тупдан ортиғи қуриб қолган.

    Жорий йилги баҳор мавсумида дарахтларни суғориш ва парваришлаш ишларини ташкил этмаган ҳамда экилган кўчатларнинг кўкарувчанлигини таъминлаш чораларини кўрмаган масъулларга нисбатан 8 856 та мажбурий кўрсатма берилиб, талабларни бажармаган 1 604 шахсга нисбатан 1 миллиард 649 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланди.

    Кўчатларнинг қуриб қолишига асосан суғориш тизими бўлмаган яроқсиз жойларга экиш, қаровсизлик ва сувсизлик, кўчат экишда белгиланган оралиқ масофа сақланмагани сабаб қилиб кўрсатилган. Лекин қўлланган жарима кўчат экиш учун сарфланган маблағ ўрнини қайсидир маънода қоплар, аммо вақтни ортга қайтара оладими?

    Ўрмонлар, умуман, дарахтларнинг тез ва катта кўламда кесилиши ўша ҳудуддаги ўсимлик ва ҳайвонот оламининг айрим турлари йўқолиб кетишига, экология, биринчи навбатда, ўзимиз нафас олаётган ҳавонинг кучли ифлосланишига олиб келади. Бу, айниқса, транспорт воситалари кун сайин кўпайиб бораётган бир пайтда янада яққол сезилаётир.

    Дарахтни кўпайтириш, кўкаламзорлаштириш шаҳар шароитида жуда ҳам зарур: атмосферадаги карбонат гази миқдорини камайтириб, ҳавони тозалайди, ҳаракатдаги кўп сонли автомобиллар шовқинини пасайтириб, иншоотларни чанг ва шамолдан ҳимоялайди. Ҳаво намлигини сақлайди, очиқ ҳавода дам олиш учун қулай шароит юзага келтиради. Яшилликка бурканган атроф-муҳит инсоннинг асаб тизимига тинчлантирувчи таъсир кўрсатади.

    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳрида атмосфера ифлосланишига таъсир этаётган омилларни санаб ўтди. Хусусан, Тошкент шаҳрида атмосфера ифлосланиш даражаси ортиб бораётганига табиий ва антропоген омиллар сабаб бўлаётгани қайд этилган.

    Жумладан, дарахт ва буталар кесилишига қарши эълон қилинган мораторий даврида 49 мингга яқин дарахт ноқонуний кесилган. Шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмай, қурилиш ишлари бетартиб амалга оширилмоқда.

    Транспорт воситаларининг экологик тозалик даражаси фойдаланилаётган ёнилғи ва йўл ҳаракатини ташкил этиш сифатига боғлиқ бўлиб қолмоқда, дейилади вазирлик маълумотида. Республикамиз бўйича автомобиллар сони 2021 йилда 3,14 миллионтани ташкил этган бўлса, 2023 йилда 4 миллион 600 мингтага етган.

    Бугун Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 730 мингта автотранспорт ҳаракатланса, қўшимча равишда ҳудудлардан 160 мингдан 300 мингтагача автотранспорт кириб-чиқади. Халқаро стандартларга тўғри келмайдиган А-80 маркали бензиндан фойдаланаётган техника воситалари эса атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташланмалар чиқаряпти, деб қайд этади вазирлик.

    Шу билан бирга, шаҳарларда транспорт ва пиёдалар оқимининг кесишмалари сони камайтирилмаган, магистраллардаги юклама даражаси пасайтирилмаган, транспорт оқими таркибини, тезлик режимини тартибга солиш цикли оптималлаштирилмаган, йўл ҳаракати тўғри ташкил этилмаган. Натижада Тошкент шаҳрида тирбандликлар кўп кузатилмоқда. Тирбандликда тўхтаб турган автомобиль эса ҳаракатланаётган транспортга нисбатан атмосферага кўпроқ ташлама чиқаради.

    Муаммонинг юзага келиши, кучайиши бир-бирига занжирдек боғланиб кетганлигини қуйидаги фактлар тасдиқлайди. Жумладан, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига талаби ортиши натижасида углеводлардан, жумладан, кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ҳажми ортмоқда. Қиёслаш учун: 2019 йилда 3,9 миллион тонна кўмир ишлатилган бўлса, 2023 йил якунига келиб бу рақам 5,3 миллион тоннани ташкил этди. Бу фактга алоҳида эътибор қаратишдан мақсад шуки, кўмир қазиб олиш, ташиш ва фойдаланиш жараёнларида ундан чиқадиган зарарли моддалар атмосфера, тупроқ ва сув ресурслари ифлосланишига олиб келаётир. Тасаввур қилишингиз учун келтириб ўтамиз: 10 тонна кўмир ёқилганда атмосферага 220 килограмм қурум, 360 килограмм олтингугурт оксиди, бундан ташқари, углерод оксиди ва кул чиқиндиси ажралиб чиқади. Шу билан бирга, иссиқлик марказлари томонидан қўшимча ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланилаётгани ҳам ҳаво ифлосланишини кучайтиради.

    Пойтахт ҳавоси мусаффолигини сақлашда яна бир мураккаб жиҳат бор. Тошкент тоғлар билан ўралгани ва чуқурликда жойлашгани сабабли шамол яхши айланмаслиги ҳисобига чанг оқими шаҳарда димланиб қолаётир, деб таъкидланади маълумотда.

    Юртимиз ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича катта мақсадлар белгиланган ва дастлабки қадамлар ташланган. Жумладан, саноат корхоналарида замонавий чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилиб, мавжудлари реконструкция ва модернизация қилинади. Корхоналар жойлашган ҳудудларда атмосферани ифлослантирувчи манбаларни кузатиш, назорат қилиш постлари, мониторинг юритиш учун автоматик станциялар ўрнатилади. Бу, албатта, муаммони бартараф этиш ва экологик вазиятни барқарорлаштириш имконини беради.

    Республикамиздаги барча дарахт рақамлаштирилиб, хатловдан ўтказилаётгани, Тошкент шаҳрида эса синов тариқасида дарахтлар паспортлаштирилиши ҳам режа ва мақсадлар аниқлигидан далолат беради. Энг муҳими, уларни ўз муддатида, сифатли ва албатта, самарали амалга оширишда. Акс ҳолда, юртимиз табиатини асрашга оид қарорлар ҳамда белгиланган вазифалар ижроси худди ноқонуний кесилган дарахтлар, қуриб қолган кўчатлар каби ҳолатга тушиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Ана унда ҳаво ифлосланиши сабаблари қаторига шаҳарнинг тоғлар билан ўралганини қўшиш ҳам ўзини оқлай олмайди. Табиат биз яшаётган макон, ватанимиз қиёфаси. Зеро, ҳикматларда таъкидланганидек, «Табиатни асраш ватанни асраш демакдир».

    Рустам БОЙТЎРА,

    журналист

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates