"Шарқ тароналари" XIII халқаро мусиқа фестивали якунланди

    ЮНEСКО ва АЙСEСКО шафелигида ўтказиб келинаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ўн учинчи марта ер юзининг сайқали Самарқандга ўзгача фусун, байрам шукуҳини улашди.

    Марказий Осиёдаги энг катта фестиваллардан бири саналган бу йирик тадбир халқларнинг миллий мусиқа санъатида эришган ютуқларини кенг оммага татбиқ қилиш, миллатлараро дўстлик ва ўзаро бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиши билан аҳамиятли. Минглаб хорижлик ва маҳаллий сайёҳларга ҳаёт завқини улашажак азим Самарқанд тарихи зарварақларига яна бир «Шарқ тароналари» таассуротлари муҳрланди. 26 август куни давлатимиз раҳбари бошчилигида тантанали очилган фестиваль кеча ўз ниҳоясига етди.

    Тўрт кун давом этган халқаро тадбирда яна кўплаб санъат юлдузлари Регистон осмонида порлади. 300 дан зиёд санъат вакиллари турфа элларнинг турфа тароналари ўз мухлислари қалбига кириб боргани қувонарли. Алоҳида тайёргарлик билан ўзига хос кутиб олинган фестиваль меҳмонлари яратилган қулайликлар учун ташкилотчиларга чексиз миннатдорлик билдирди 14 хорижий тилда сўзлаша оладиган 183 нафар волонтёрларимиз ўзларига бириктирилган илмий конференция иштирокчилари, ҳакамлар, ОАВ вакиллари ва бошқа қатнашчиларга юртимизга кириб келганидан тортиб, ўз юртларига жўнаб кетгунича ҳамроҳлик қилди. Меҳмонларнинг Самарқанд тарихи, маданияти, туризм салоҳияти билан яқиндан танишиши учун вилоятдаги маданий мерос объектларига ташрифлар ташкил этилди. Зеро, бу республикамизнинг иқтисодий жозибадорлигини, инвесторлар оқимини, туристик салоҳиятимизни оширишда ғоят муҳим.

    — Биз боқий шаҳар Самарқандда эканлигимиздан бениҳоя хурсандмиз. Бу ерда Грециянинг 5 та миллий қўшиғини ижро этдик. Тадбирда турли хил давлат вакилларидан ташриф буюрган санъаткорлар ўзларининг маданиятини намойиш этди. Биз ҳам кўриб турганингиздек ўзимизнинг миллий либосларимиздамиз, — деди грециялик Константинош Форланош. У билан саҳнада бирга куйлаган Элен Форлано ҳам Ўзбекистонда эканидан ғоятда бахтиёрлигини айтди. Хилма хил тароналар маданий бирлик ҳиссини бераётгани муҳимлигига урғу берди. Унутилмас таассуротларга эга бўлгани учун фестиваль ташкилотчиларига алоҳида миннатдорлик билдирди. Германия Маданият агентлиги раҳбари Махиди Лайн эса 2003 йилдан буён «Шарқ тароналари»га қатнашиб келаётгани ва дунёнинг кўплаб мамлакатларидан аёл мусиқачиларни олиб келаётганини қувонч билан тилга олди. Жуда кўплаб хорижлик сайёҳлар билан ҳамсуҳбат бўлдик. Илиқ таассуротларнинг барчасини бир мақолага сиғдириб бўлмайди. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг фестиваль кўлами жаҳоний миқёсда бўлиши кераклиги ҳақидаги таклифи ғоят ўринли. Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиеванинг қуйидаги фикрлари ҳам фикримизни буни тасдиқлайди: «Фестиваль нуфузи ва ташриф буюрувчилар сони ҳам кундан кунга ортиб бормоқда. Бу бежизга эмас. Ғарбга ўрин бермайлик, деган гапни биз айтмаслигимиз керак. Мусиқага таржимон керак эмас, мусиқа миллат танламайди. Америка бўладими, Япония бўладими, қайси миллат бўлишидан қатъий назар унинг миллий йўналишдаги асарларини тавсия қиляпмиз».

    Тантанали ёпилиш маросими ҳам айни таклиф ва фикрлар шунчаки айтилмаётганини яна бир карра исботлади. Муҳташам майдон тадбир сўнгида ҳам энг гўзал наволар, дилбар оҳангларга тўлди. Жозибадор, нафис рақслар кўзларни қувнатди. Мақому мартабани бир четга суриб, санъати орқали дўстлик ўрнатишга хизмат қилган қатнашчилар бир-бирини олқишлади, кейинги фестивалга қадар хайрлашди.

    Халқаро тадбир ҳайъати аъзолари фестиваль мезонларидан келиб чиқиб, мамлакатлар чиқишларини иккита йўналиш бўйича баҳолаб борди. Халқаро ҳайъатга юқори малакали хорижий ва маҳаллий мусиқашунос олимлар, таниқли санъаткорлар, композиторлар ва бастакорлар, хорижий давлатлардаги халқаро санъат фестиваллари ташкилотларининг вакиллари таклиф этилди.

    Баҳолаш жараёнида қўшиқларнинг миллийлиги, шеърларнинг оҳанг билан мутаносиблиги ва мазмундорлиги, қатнашчининг ижро савияси, кийиниш маданияти ва саҳна ҳаракати танловнинг асосий мезонлари ҳисобланди. Профессионал (классик) даражадаги халқ мусиқаси ва қўшиқ йўналиши ҳамда замонавий композиторлар томонидан яратилган мусиқа ва қўшиқ йўналиши бўйича танлов ғолиблари ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланди.

    Фестиваль «Гран-при»си — 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот Озарбайжоннинг «Семурғ» мусиқа гуруҳига насиб этди. I ўринга Туркманистон давлатидан келган иштирокчилар чиқишлари муносиб кўрилди. Бу жамоага 5 минг АҚш доллари берилди. II ўрин Қозоғистоннинг «Атамакен» мусиқий гуруҳи, ўзбекистонлик санъаткорлар Алишер Аҳмедов ва Фазилат Аҳмедова жуфтлигига берилди. Ғолиблар 3 минг 500 АҚШ доллари ва эсдалик совғалар билан мукофотланди.

    3-ўрин эса Япония, Мўғулистон ва Россия санъаткорларига муносиб кўрилди. Учинчи ўрин ғолибларига 2 минг доллардан мукофот белгиланди. Танловда қатнашган ва совриндор бўлмаган иштирокчиларга ҳам «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали дипломанти дипломи тақдим қилинди. .

    Бу галги тадбирнинг моҳияти, умуман фестивалнинг аҳамиятини «Шарқ тароналари» бизга нима беради, деган саволга жавоб бериш билан изоҳлашни жоиз билдик. Зеро, дастлабки фестивалдаёқ Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева фахрли 1 ўринни қўлга киритган бўлса, 1999 йилги тадбирда ҳакамлар бош соврин — Гран прини Ўзбекистонга (Насиба Сатторова) муносиб кўрди. Кейинги фестивалларда эса Соҳибжон Ниёзов, Абдунаби Иброҳимов, Дилнура Мирзақулова, Нодира Пирматова, Матлуба Дадабоева, Моҳичеҳра Шомуродова каби санъаткорларимиз фахрли 1 ўринга сазовор бўлди. 2019 йилги фестивалда эса Гран при яна бизга насиб этгани кўнглимизни тоғдек кўтарди. Илк бор иштирок этишига қарамай, ҳамюртимиз Меҳринигор Абдурашидова ўзининг бетакрор санъати билан барча иштирокчиларни лол қолдирди. Ўзбек мусиқа санъатининг қудрати ер юзининг сайқали Самарқанд нуфузига уйғунликда донг таратди. Энг муҳими, жонажон юртимиз заминида ўтказиб келинаётган ушбу анжуман чиндан ҳам турли цивилизациялар, халқлар ва миллатлар ўртасида ўзига хос маданий ҳамкорлик ҳамда мулоқот майдонига айланди.Хорижлик сайёҳлардан бирининг қуйидаги фикрлари эса фестивалнинг жаҳон тароналарига айланиши лозимлигига яна бир ишора десак хато бўлмайди:

    — Тахминан 25 йил илгари Ўзбек мақомини илк бор тинглаганимда, унинг қудратини бутун танам билан ҳис этиб ҳатто йиғлаб ҳам юборганман. Орзиқиб кутганим — Ўзбекистонга келиш бахтига муяссар бўлдим. Шашмақом тўғрисида кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Бу ердаги ижрочилар иқтидори билан фахрланса арзийди. Бугунги кунда ўзбек ёшлар ажойиб санъат намуналарини яратишмоқда. Албатта, бунда давлатингиз мамлакат раҳбарининг санъатни ривожлантиришга қаратган эътибори муҳим ўрин тутади. Тадбирга келадиган бўлсак, бу жуда катта санъат майдони. Тадбир ғоят юқори савияда ташкил этилган. Бағрикенглик бундан ортиқ бўлмаса керак. Ҳаммаси учун Ўзбекистонга, Самарқандга раҳмат!

    Муножат МЎМИНОВА,

    "Янги Ўзбекистон" мухбири

    No date selected
    август, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates