Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида парвозларнинг қидирув-қутқарув фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича идоралараро кенг кўламли ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Мудофаа вазирлигининг десантчиларни тайёрлаш марказида ўтказилган машғулотда шартли авиафалокат оқибатлари бартараф этилди.
Ўқув машғулоти режасига мувофиқ, йўловчи самолёти қўнишга яқинлашганда ҳаво диспетчери ва экипаж ўртасидаги алоқа узилиб қолади. Самолёт Тошкент шаҳрига етмай авиафалокатга учрайди. Натижада ёнғин чиқади, қурбонлар ва жароҳатланганлар бор. Диспетчерлар фавқулодда вазият ҳақидаги маълумотларни зудлик билан аэропортнинг авария-қутқарув хизматига узатади. Улар эса, ўз навбатида, бошқа хизматларга хабар беради. Қутқарув амалиёти бошланади.
Симуляцион фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш учун 250 га яқин мутахассис ва идоралараро тузилмаларнинг 20 та махсус техникаси жалб қилинди. Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда “Uzbekistan Airports” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган машғулотлар доирасида қутқарувчилар ўз гуруҳларининг тайёргарлиги, ёнғинни ўчириш жараёнида мувофиқлаштириш, одамларни эвакуация қилиш, жабрланганларни жароҳатининг оғир-енгиллигига қараб тақсимлаш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва жароҳатланганларни тиббиёт муассасаларига етказиш, шунингдек, самолёт бортидаги хавфли юкни эвакуация қилиш бўйича ишлади.
“Uzbekistan Airports” АЖ аэропорт ҳудудидаги машғулотлардан ташқари, йилига бир неча бор аэропортлар ташқарисида ҳам бундай комплекс ўқув тадбирларини ўтказади. Бундан кўзланган асосий мақсад – авиафалокат содир бўлган тақдирда қатор вазирлик ва идоралар, Тошкент аэропортининг бўлинмалари ўртасида ўзаро ҳамкорликда ҳаракатланишни таъминлаш, авиафалокат оқибатларини бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш ҳамда ходимларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини оширишдан иборат.
Ўқув машғулоти жараёнида машқларнинг барча босқичи батафсил ўрганилди ва таҳлил қилинди. Натижаси бўйича бўлим ва идоралар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбир якунида “Тошкент” аэропорти ҳамда тегишли идораларнинг куч ва воситалари тайёргарлиги юқори баҳоланиб, фавқулодда ҳолат содир бўлган тақдирда тезкор чоралар кўришга тўлиқ тайёр экани эътироф этилди.
“Uzbekistan Airports” АЖ матбуот хизмати








