Шашмақом санъати Германияда намойиш этилди

    Германиянинг Лимесхайн шаҳрида (Гессен федерал ери) Шашмақом концерти ва Ўзбекистон миллий мусиқаси, маданияти ва санъати тақдимоти бўлиб ўтди.

    Тадбир Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консуллиги, «Yuzuk e.v.» Ўзбекистон-Германия нодавлат нотижорат ташкилоти ва «Gulzoda» миллий ансамбли ҳамкорлигида ташкил этилди. Санъат ва вокал-чолғу мусиқаси ихлосмандлари, Германия шаҳри жамоатчилиги, шунингдек, ушбу мамлакатдаги ватандошларимиз маданий кеча меҳмонлари бўлишди.

    Концерт доирасида томошабинларга ўзбек халқининг бой тарихий, маданий ва маънавий мероси, мамлакатимиз маданияти ва санъатининг замонавий тараққиёти ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Хусусан, Ўзбекистон бағрида жойлашган меъморий обидалар, тасвирий санъатимиз ва миллий ўзбек рақсларига доир тақдимотлар намойиш этилди.

    Концерт дастуридан истеъдодли санъаткор Гулзода Худойқулова ижросидаги мумтоз мусиқий ашулалар ҳамда ўзбек миллий рақслари жой олди. Иштирокчилар тадбир доирасида махсус тайёрланган ўзбек миллий таоми – паловдан татиб кўриш имкониятига ҳам эга бўлдилар.

    Маданий тадбир интиҳосида унинг қатнашчилари маданий кечадан олган таассуротларини ўртоқлашди.

    Йенс Хайн, немис мактаби ўқитувчиси:

    - Мен ўзбек миллий мусиқаси ва маданиятининг ашаддий мухлисиман. Мен бир марта таълим соҳасидаги алмашув дастури иштирокчиси сифатида Ўзбекистонга борган эдим. Сизнинг ажойиб мамлакатингиздан олам-олам таассуротлар билан қайтган эдим. Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва оқкўнгиллигидан баҳраманд бўлганман. Бугун мен яна худду ўша муҳит оғушидаман. «Gulzoda» ансамбли томонидан ижро этилган мусиқа бизларни оҳанграбодек ўзига жалб қилди. Ташкилотимиз бундай халқаро маданий тадбирларни қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан жуда мамнунмиз.

    Тадбир меҳмонлари Самира Мадани ва Хамед Гандчи:

    - Биз Эронданмиз, Германияда ишлаймиз. Ўзбек маданиятига бағишланган тадбир ҳақида эшитганимиздан сўнг дарҳол унда иштирок этишга қарор қилдик. Чунки Ўзбекистон ва Эроннинг умумий, тарихий ва маънавий муштаракликлари кўп. Бироқ биз бу ерда жуда кўп янги ва қизиқарли жиҳатларни кўриб, ҳайратда қолдик. Ўзбекистон мусиқаси, маданияти ва ошхонаси жуда бой экан. Биз Ўзбекистонга саёҳат қилишга, мамлакат билан яқиндан танишишга қарор қилдик. Биз бугун жуда хурсанд бўлдик. Катта раҳмат.

    «Deutsche Borse Frankfurt» банки ходими Ханс Лантц:

    - Бугун намойиш этилган ўзбек чолғу асбоблари асбоблари жўрлигидаги концерт дастури, миллий мусиқа ва либослар менга жуда ёқди. Санъаткорлар ҳам, ташкилотчилар ҳам жуда кўп ҳаракат қилишгани яққол кўриниб турибди. Бу ерда Ўзбекистон тарихи, маданияти ва миллий таомлари билан ҳам ошно бўлдик. Ҳаммаси жуда чиройли ва қизиқарли бўлди. Ишончим комилки, бугунги тадбирдан кейин кўпчилик Ўзбекистонга боришни хоҳлайди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates