Шахс ҳуқуқларини таъминлашнинг янги босқичи

    Биласизми? 18 июн 2024 132

    Жорий йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

    Мазкур фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилади. Улар судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласини кўриб чиқади.

    Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилади.

    Шунингдек, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади. Улар кўриб чиқадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

    Албатта, бу ўринда “тергов судьяси” тушунчасининг ўзига ҳам озгина таъриф бериб ўтиш керак бўлади.

    Тергов судьяси – бу жиноят ишларини юритишнинг судга қадар бўлган босқичларида фаолият олиб борувчи, айблов ва ҳимоя тарафининг ҳаракатларини мувофиқлаштириб ва назорат қилиб турувчи ҳамда уларнинг ўз ҳуқуқ ва ваколатларини амалга оширишлари учун зарурий шарт-шароитларни яратиб берувчи масъул мансабдор шахс ҳисобланади.

    Айбланувчи ёки гумон қилинувчини ушлаб туриш тартиби устидан суд назоратини ўрнатиш жиноят процессида шахснинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта аҳамиятга эга.

    Халқаро ҳужжатларга эътибор қаратсак, суд назорати институти Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 9-моддасида мустаҳкамланган. Ушбу моддага мувофиқ жиноий айблов бўйича ҳибсга олинган ёки ушлаб турилган ҳар бир шахс зудлик билан судья ёки қонун бўйича суд ҳокимиятини амалга ошириш ҳуқуқи бўлган бошқа мансабдор шахс ҳузурига келтирилади ва оқилона муддатда суд муҳокамаси ўтказилиши ёки озод қилиб юборилиши ҳуқуқига эга. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 9-моддасида ҳеч ким асоссиз қамалиши, ушланиши ёки қувғин қилиниши мумкин эмаслиги қайд этилган.

    Суд назорати институти АҚШ, Германия, Италия, Испания, Австрия, Буюк Британия, Португалия ва бошқа мамлакатлар Конституцияси нормаларида акс этган. Шу билан бирга, бир қатор давлатларда қабул қилинган қарорнинг холислигини таъминлаш учун жиноят ишини тергов қилиш устидан суд назоратини амалга оширадиган, тергов ҳаракатлари ва эҳтиёт чораларига рухсат берувчи махсус тергов судьяси лавозими мавжуд. Мазкур лавозим Германия, Австрия, Италия, Бельгия, Голландия, Латвия, Литва, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларда жорий этилган бўлиб, айниқса Францияда ўз фаолиятини муваффаққиятли амалга ошириб келмоқда.

    Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тергов судьясининг иш юзасидан холисликни ва тарафлар тенглигини таъминлаши нуқтаи назаридан келиб чиқиб, унга айблов тарафининг бир қатор ваколатлари ўтказилиши судга қадар иш юритишда тарафлар тенглигининг таъминланишига, бу жараёнда тарафлар фаолияти устидан суд назоратининг муваффаққиятли амалга оширилишига, жиноят ишларининг шаффоф ва тенг ҳуқуқлилик асосида олиб борилишига эришиш мумкин.


    Гулноза Юсупджанова,

    ТДЮУ “Жиноят-процессуал

    ҳуқуқи” кафедраси ўқитувчиси