Учрашувда давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинган қарорлар доирасида ШҲТга аъзо давлатлар транспорт органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар транспорт боғлиқлигини ривожлантириш, ШҲТ минтақасининг транспорт-транзит салоҳиятини кенгайтириш, транспортни карбонсизлантириш жараёнларига консолидациялашган ёндашувларни излаш ва транспорт соҳасида қабул қилинган ҳужжатларни амалга ошириш бўйича ташкилотдаги мавжуд механизмларнинг ҳамкорлигини фаоллаштиришга келишиб олдилар.
Йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров қуруқлик ва мультимодаль транспорт коридорлари имкониятларидан янада самарали фойдаланиш учун Ташкилотга аъзо мамлакатлар ва унинг чегараларидан ташқарида Шимол – Жануб ва Шарқ – Ғарб йўналишида глобал узлуксиз етказиб бериш занжирини яратувчи ягона транспорт тармоғини шакллантириш жараёнини якунлаш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, транспортда ташувлар жараёнини рақамлаштиришни ривожлантириш, бунда трансчегаравий пунктларни кесиб ўтишни соддалаштириш муҳимлигини айтиб ўтди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
Ушбу йўналишда Ўзбекистон ташаббуси билан e-Permit электрон рухсатнома тизими 2021 йилда Туркия билан жорий этилди. 2024 йил апрель ойида мазкур тизим Қозоғистон билан муваффақиятли ишга туширилди. Ҳозирда Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон билан ушбу тизимни йўлга қўйиш бўйича фаол иш олиб бориляпти.
– Электрон рухсатномалардан фойдаланиш географиясини кенгайтириш мақсадида биз ШҲТга аъзо бошқа давлатларни e-Permit тизимига қўшилишга ва босқичма-босқич равишда электрон товар-транспорт юк хати eCMRдан фойдаланишга чақирамиз, – деди М.Омаров.