Шоҳимардонда Наврўзи олам шукуҳи

    Фарғона вилоятининг Шоҳимардон ва Ёрдон каби сўлим қишлоқларида Наврўз мумхалқ байрами муносабати билан халқ сайллари ташкил этилди.

    Миллий удумга кўра, дастлаб “Ҳазрат Али Шоҳимардон” зиёратгоҳида далаларда бошланган деҳқончилик юмушлари баракали, ҳосиллар мўл бўлиши ҳамда тинч-осойишта, фаровон ҳаёт бардавом бўлиши учун эзгу дуолар қилинди.

    “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида зиёратгоҳ ҳудудига кўчат экиш тадбири ҳам ўтказилди. Ниҳоллар кўкка бўй чўзиши учун яхши ниятлар билдирилди.

    Вилоят раҳбари зиёратгоҳга ёндош ҳудудда жойлашган Шоҳимардон тарихи музейи фаолиятини кўздан кечириб, унинг фаолиятини бугунги давр талаби асосида ривожлантириш, ҳудуд тарихига оид экспонат ва кўргазмаларни кўпайтириш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Айни жараёнда бу ерга келувчи ҳамюртларимиз, хорижлик сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди.

    Шоҳимардон марказидаги Истироҳат боғида бўлиб ўтган оммавий байрам сайлида дошқозонларда ош дамланиб, Наврўз дастурхонининг шоҳ таоми – сумалаклар тортилди. Шоҳимардон ва ёрдонликлар файзли дастурхон атрофида, бир пиёла чой устида байрам шукуҳидан баҳраманд бўлдилар.

    Пурвиқор тоғлар бағрида қуёш ажиб жилва қилиб, қишлоқнинг сўлим ва хушманзара табиати дилларга баҳорий кайфият улашди. Нуронийлар бундай эътибор ва ғамхўрликлар учун давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди.

    Наврўз сайли давомида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди, аҳолининг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” рўйхатида турган 20 нафарга яқин хотин-қизларга тикув машиналари тақдим этилди. Хоразм вилоятига саёҳат қилишлари учун 30 нафар хотин-қизларга бепул йўлланмалар берилди. Эҳтиёжманд оила фарзандларининг даволаниш ҳаражатлари тўловлари, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг шартнома пулларини тўлаб бериш ҳамда имтиёзли кредитлар учун сертификатлар тақдим этилди. Ҳудуд ёшлари бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун мактабларга мусиқа чолғу асбоблари, спорт жиҳозлари, китоблар тўплами топширилди.

    Вилоят ҳокими кўклам нафаси уфуриб турган майдонда ташкил этилган баҳорий таомлар кўргазмаси, ҳунармандлар маҳсулотлари намойишлари билан танишди. Белбоғли кураш спорт тури бўйича ўтказилган вилоят очиқ биринчилиги баҳсларини кузатиб, ғолибларни тақдирлаш маросимида қатнашди.

    Шоҳимардон ва Ёрдон маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари билан ўтказилган мулоқотларда уларнинг таклифлари, мавжуд масала ва муаммоларининг ечими бўйича ҳам гаплашилди, ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ободонлаштириш ишлари юзасидан манзилли дастурлар ишлаб чиқиш режаси хусусида сўз юритилди. Шоҳимардоннинг табиий шароити туфайли йилнинг тўрт фаслида ҳам сайёҳларни жалб этиш имконияти борлиги алоҳида таъкидланиб, эндиликда ушбу йўналишда фаолият кўрсатувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш тизимли ташкил этилиши маълум қилинди. Эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда бу йил Шоҳимардон йили бўлиши кераклиги устувор вазифа сифатида белгиланди.

    Наврўз айёмида элимиз ардоғидаги санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Тўкин дастурхон тузалиб, байрам қатнашчиларига ош тортилди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates