Ўзбекистон элчихонасидан олинган маълумотда қайд этилишича, мазкур университетда таҳсил олаётган юртдошимиз Светлана Қурбонова университет профессор-ўқитувчилари, курсдошларини шоир ҳаёти ва ижоди билан таништирди.
Дунёнинг турли бурчакларидан вакиллар иштирок этган ушбу флешмобда Флорида халқаро университетининг диншунослик факультети илмий ходими Карлос Грене, таклиф этилган маърузачи Чинтен Кишор, тилшунослик факультети аспиранти Дебби Хю, халқаро тадқиқотлар факультети аспиранти Чирин Ямут, Фулбрайт дастури стипендиантлари Ана Рамша, Уиллям Хюн, Данах Фараж, Шейн Робертс, Лорела Шеху, шунингдек, юртдошларимиз Светлана Қурбонова, Оғабек Қурбонов, Комила Холматова, Аброрбек Саидов ва Шоҳжаҳон Баҳромов Муҳаммад Юсуф шеърларини ўқиб берди. Лойиҳа инглиз тилидаги субтитрлар билан таъминланди.
Бундан ташқари, университетнинг ўқитувчи ва талабалари шоир ижоди, унинг «Тошкент оқшоми» газетаси, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Олий Мажлисидаги иш фаолияти билан танишди.
Таъкидлаш жоизки, Флоридадаги ватандошлар Америка жамоатчилигини миллий байрамларимиз, шунингдек, таниқли ўзбек шоирлари ижоди ва асарлари билан таништиришга катта қизиқиш билдирмоқда.
Ушбу лойиҳадан аввал Светлана Қурбонова Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Орипов таваллуд кунлари шарафига ҳам шеърий флешмоблар ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, Флорида халқаро университети (ФХУ) Америка Қўшма Штатларидаги архитектура, бизнес ва меҳмонхоналарни бошқариш, муҳандислик, ҳуқуқ, тиббиёт соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади. 1965 йилда ташкил этилган ушбу университет таркибида 23 та коллеж ва олий мактаб мавжуд.
Флорида халқаро университети штатдаги иккинчи йирик университет бўлиб, АҚШнинг тўртинчи йирик олий ўқув юрти ҳисобланади. Ушбу университетда дунёнинг 55 мамлакатидан 140 мингдан зиёд талаба таҳсил олади.









