Шоирлар оламнинг нур нафасидур

    Роппа-роса икки йил аввал – 2020 йилнинг 20 май куни Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда Адиблар хиёбони халқимизни ўз бағрига чорлай бошлаган эди

    Тошкентнинг томоша қилсангиз кўнгил яйрайдиган маскани кўп: Ситилар, музейлар, истироҳат боғлари, роҳатижон фавворалар, анқонинг уруғини ҳам топса бўладиган савдо марказлари... Саноққа бармоқларимиз етмайди.

    Аммо булар қаторида яна бир зиёратгоҳ борки, уни саёҳатчи учун шунчаки томошагоҳ десак камлик қилади. Бу — Адиблар хиёбони. Хиёбоннинг ўзи бир олам. Кўрсангиз кўзингиз яшнайди, тафаккурингиз чархланади, руҳиятингиз тозарганини, дунёқарашингиз янгиланганини сезиб қоласиз. Бунда ватанимизнинг энг улуғ сиймолари кўнглингиз меҳмони бўлади. Уларнинг Ватан тараққиётига, олам маънавиятига даҳлдор ижодлари бор.

    Қачон бу ҳиёбонни айлансангиз, албатта қайсидир адиб сиймоси атрофида сабоқ ўтаётган устоз ва уни жон деб тинглаётган ёшларни кўрасиз. Роппа-роса икки йил аввал – 2020 йилнинг 20 май куни Президентимиз ташрифи билан халқимизни ўз бағрига чорлай бошлаган бу ҳиёбонда салобат тўкиб турган ҳар бир адиб ва шоир ижоди ва ҳаётини мукаммал ўрганиш, тарғиб қилиш олий ўқув юртларига бириктирилгани нақадар эзгу иш бўлганига бугун гувоҳ бўлиб турибмиз.

    Бу билан бўлғуси шифокорми, муҳандисми, меъморми, математика муаллимими, ҳамма-ҳаммаси маънан бой мутахассисга айланади. Шунингдек, киши бадиий адабиётга ошно бўлгани сари эзгулик, ҳалоллик, одамийлик фазилатлари уни фидойиликка ундайверади.

    Баҳорнинг биринчи кунида, шоира Зулфиянинг таваллуди муносабати билан Адиблар хиёбонида Тошкент тиббиёт академияси ғоят гўзал бир тадбир ташкиллаштирди. “Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали” деб номланган тадбирда гўзал мисралар ўқилиши, шоирларнинг сўз олиши табиий эди. Бироқ бўлғуси шифокорлар Зулфияхонимга бағишланган бадиий пишиқ, ташбеҳлари гўзал, ҳар сатрида ҳайрат яширинган шеърлар битишини кўпчилик хаёлига келтирмагани аниқ.

    Шоирлар оламнинг нур нафасидур,

    Бу таъриф одамнинг фалсафасидур,

    Бу кун эзгуликнинг ғалабасидур,

    Бахтнинг маросими Зулфияхоним...

    Зулфияхонимга бағишланган бу каби турфа шеърларни кўклам гулларидай сулувчеҳра ўн бир нафар қизлардан тингладик. Улар Зулфияхоним ҳаёти, ижодини ўрганишга киришганлар-у, ҳайрат, ҳаяжондан яралган ёрқин туйғулари қоғозга тўкилган.

    Тадбирга ташриф буюрган устоз шоирлар уларни олқишлаб табриклар эканлар, Зулфия опанинг “Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали” деган ўтли сатрларини қизларнинг камолига қиёсладилар. Бу шеърлар Тошкент тиббиёт Академиясида ташкил қилинган “Ёш ижодкорлар” тўгараги машғулотларида бир неча бор чархланиб, сайқалланиб, Зулфияхонимга бағишланган шеърлар кўрик-танловида мукофотга сазовор бўлган.

    Холнисо Саъдуллаева, Муҳайё Ахмаджонова, Маржона Қиёмова, Намуна Асомова, Кумуш Ғойибназаровалар имтихон дафтарчаларидаги қатор аъло баҳолар, бадиий адабиётдаги изланишлари, жамоат ишларидаги фаолликлари боис “Зулфия” номидаги стипендия соҳибалари бўлганлари нақадар яхши!

    Муҳими бу каби изланиш ва рағбатлар ҳар бир Олий ўқув даргоҳида давом этяпти. Жумладан, Ўрта Осиё болалар тиббиёти институтида амалга оширилган ишлар билан танишганимизда яна ҳам қувондик. Қорақалпоқ шоири Бердақни бугун мазкур даргоҳ талабалари мукаммал ўрганяпти, десак муболаға эмас. Хусусан, “Бердақ билимдонлари” танлови ҳаммани изланишга чорлади. Ким шеър ёзиб, ким илмий таҳлилий мақола яратиб, ким ташкил қилинган Бердақ музейи учун экспонат йиғиб, яна ким “Бердақ” стипендияси учун ҳаракатга тушди. Ахир неча юзлаб талабалар ичидан мазкур стипендия совриндорлари бўлган Достонбек Исматов ва Феруза Дўстмуродовага ўхшашни ким истамайди?

    — Менку тиллар кафедрасида ишлайман, — дейди болалар шоири Кавсар Турдиева. — Аммо Бердақ ижодини ўрганиш бўйича ўтказиладиган анжуманларига ҳар бир кафедра ходимлари астойдил тайёрланади. Кафедрамиз доценти Гуландом Қуронбоева, фармакология ва нормал физиология кафедраси асиссенти Мурувват Акбарова, педиатрия ва халқ табобати факультети талабаси Шахноза Эркинованинг “Бердақ” кўкрак нишонига сазовор бўлгани изланишлар, ўрганишлар самарасидир.

    Шу ўринда институтнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ва талабалари Бердақ юрти Қорақалпоғистонга илмий адабий ўрганиш учун бориб келганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, воқеликлар, маълумотларни жойига чиқиб ўрганиш ҳар қандай талаба учун қизиқ туюлади.

    Институт махсус сайтига Бердақ ҳаёти ва ижодига доир маълумотларнинг жойлаб борилаётгани эса, талаба ёшларнинг шоирга даҳлдор кўплаб янги маълумотларни билиб олишларига хизмат қиляпти. Институтда “Бадиий адабиётда тиббиёт” фани ҳам ўтиляпти. Зеро, бадиий тафаккури юксак шифокор ҳеч қачон беморга қўпол муомала қилмайди, унинг кўнглига илиқлик олиб киришни инсонийлик бурчи, деб билади.

    Умуман олганда, бугун Адиблар хиёбонидан жой олган миллатимизнинг 24 нафар фидойилари ҳаёти ва ижодини ўрганиш борасидаги ишлар 24 та олийгоҳда қизғин давом этяпти.

    Абдулла Авлоний ижоди бўйича Низомий номидаги педагогика университетида, Беҳбудий ижоди ва ҳаёти бўйича Ўзбекистон халқаро Ислом академиясида, Муқимий, Фурқат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайхзода, Саид Аҳмад, Саида Зуннунова, Озод Шарофиддинов, Абдулла Орипов, Эркин Вохидов, Муҳаммад Юсуф... ижодини ўрганиш олий ўқув даргоҳларида ёшларининг кундалик вазифасига айланиб қолганини тасаввур қилаверинг.

    Улуғларнинг ижоди ёшларни маънан юксалтириб, чинакам ватанпарварларга айлантиряпти. Бу бор йўғи икки йилдаги қувончлар, олий ўқув даргоҳларига эса ҳар йили янги талабалар ўқишга қабул қилинади. Адабиётни, маънавиятни мукаммал ўрганиш эстафеталари эса давом этаверади. Олийжаноб кўнгил одамлари, фикри теран билимдонлар кўпайгани сари юрт келажаги буюкликка томон бораверади. Уларга қарата шундай дегим келади:

    Қаламга ҳамнафас, китобга ўртоқ,

    Синоатин топсам дейди ҳар оннинг.

    Иштиёқи баланд, илмга чанқоқ,

    Фарзандлари — янги Ўзбекистоннинг.

    Замира Рўзиева,

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates