Сиан шаҳрида Ўзбекистон-Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди

    Бизнес 17 май 2023 1781

    Жорий йил 17 майда Хитой Халқ Республикасининг қадимий пойтахти Сиан шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ХХРга расмий ташрифи арафасида Ўзбек – Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди.

    Ушбу форумда Хитойнинг 400 дан ортиқ йирик компаниялари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

    Икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқалар изчил суръатда ўсиб келаётганлиги таъкидланди. 2022-йил охирида товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 9 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, икки давлат Раҳбарлари бу кўрсаткични жорий йилда 10 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ вазифани қўйди, бунга эса биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва мувофиқлаштирилган тадбирлар орқали эришиш мумкин.

    Инвестициявий йўналишда ҳам барқарор ўсиш кузатиляпти. 2017 йилдан буён ўзлаштирилган Хитой инвестицияларининг умумий ҳажми 5 бараварга ошиб, 11 миллиард долларни ташкил этди. 2022 йилнинг ўзидаёқ Хитой сармоясининг 2,2 миллиард доллари ўзлаштирилди. Ўзбекистонда сўнгги 5 йил ичида ХХР билан қўшма корхоналар сони 3 баробарга ошди.

    Хитой ишбилармон доира вакиллари Ўзбекистонда ижобий таркибий ўзгаришлар ва бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитлар билан атрофлича таништирилди. Инвесторлар учун солиқ ва божхона имтиёзларини жорий этиш, ихчам давлат аппаратини шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш, инвесторлар билан ишлашда “ягона ойна” тамойилини жорий этиш, хусусий мулкни конституциявий ҳимоя қилиш ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш сингари шароитлар катта қизиқиш уйғотди.

    Сўзга чиққанлар хитойлик тадбиркорларни яратилган шароитлардан унумли фойдаланишга чақирди. Бу йўналишда ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида автомобилсозлик, жумладан, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, яшил энергия, қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш соҳалари белгиланди. Шунингдек, электротехника, фармацевтика, кимё соҳаларида ҳамкорлик катта салоҳиятга эга эканлиги айтиб ўтилди.

    Форум давомида биргаликда амалга ошириш учун ўнлаб турли соҳа ва йўналишларни қамраб олган аниқ лойиҳавий таклиф ва ташаббуслари тақдимоти бўлиб ўтди. Форум иштирокчилари бўлажак ҳамкорликни ташкил этилган “Б2Б” ва “Г2Б” музокаралари доирасида батафсил муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.

    Тадбир якунлари бўйича қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича битимлар ва савдо шартномалари имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates