Ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда “Даладан дастурхонгача” тамоили асосида маҳсулотни ташиш, сақлаш ва уни сифатли тарзда истеъмолчи дастурхонига етказиб бериш занжирини ОАВ орқали кенг жамоатчиликка етказиш мавзусида медиа-тур ташкил этилди.
Тадбир ташкилотчилари иштирокчиларга маҳсулот ишлаб чиқариш, сақлаш, истеъмолчиларга етказиш жараёнларини “Korzinka.uz” савдо тармоғи мисолида таништирдилар. Медиа-тур иштирокчилари ушбу савдо тармоғининг Зомин ва Жиззахдаги филиаллари фаолияти билан танишдилар, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шароитларини кўздан кечирдилар.
– Сифат ҳар бир ишлаб чиқарувчининг муваффақият калитидир, – дейди Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги матбуот котиби Абдурауф Расулов. – Шунинг учун ҳам ҳар йили Бутунжаҳон сифат куни дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг нишонланади. Ушбу куннинг асосий мақсади, юқори сифатли маҳсулотлар ва хизматларнинг аҳамиятини ошириш, шунингдек сифатга эришишдаги муаммоларга эътиборни қаратиш тадбирларни фаоллаштиришдан иборат.
Юртимизнинг ҳам сифат соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсади, иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун ички ва ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларимиз ва хизматларнинг рақобатдошлигини таъминлаш, ижтимоий масалаларни ҳал қилиш ва пировардида фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашдан иборатдир.
Фарҳод НЕЪМАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири.