Сифатли таълим инсоният келажагини белгилайди

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 25 январь сонида Тошкент давлат педагогика университети проректори, педагогика фанлари доктори, профессор Барно Абдуллаеванинг “Сифатли таълим инсоният келажагини белгилайди” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Аксарият ривожланган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳамда жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд. Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси ҳам мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеадир. аввалгиларидан фарқли ўлароқ, бу йил сифатли таълимга эътибор Мурожаатноманинг меҳварини ташкил қилди.

    Юртимизда илмий-нновацион ишларни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, илм-фан билан шуғулланаётганларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими жорий этилгани жаҳон ҳамжамияти томонидан тобора кўпроқ эътироф этилмоқда. Президентимиз Мурожаатномаси орқали нафақат юртдошларимиз, балки дунё аҳли мамлакатимизда эришилаётган ютуқлардан хабардор бўлди, десак муболаға бўлмайди.

    Давлатимиз раҳбарининг сўнгги уч йилдаги Мурожаатномаларини таҳлил қилсак, аждодларимиз қолдирган умумбашарий илмий мерос намуналаридан такрор-такрор иқтибос олинганига гувоҳ бўламиз. Президентимиз 2019 йилдаги Мурожаатномасида Имом Бухорийнинг “Ал-жоме ас-саҳиҳ” асаридан иқтибос айтилган бўлса, 2021 йили Абу Али ибн Синонинг “Довюрак ва ботир инсонлар келажакда содир бўладиган қийинчиликлардан қўрқмайди”, деган гапини келтирган эди.

    Охирги Мурожаатномада Юсуф Хос Ҳожибнинг “Заковат бор жойда улуғлик бўлади, билим бор жойда буюклик бўлади”, Имом Мотуридийнинг “Элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай”, деган ҳикматлари эслатилди. Бундай ёндашув нафақат буюк ўтмишимиздан фахрланиш, балки пировардида, илмий тадқиқотларнинг методологик асосини шакллантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

    Буюк аждодларимизнинг мазкур фикрлари ҳар бир инсонни илм-фан билан шуғулланиш, умуман, зиёли мақомига эришишга чақиради. Президентимиз жамиятда ўқитувчилар ва илм эгаларининг мақомини кўтаришни асосий мақсадлардан бири сифатида белгилаб берди. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йилги Мурожаатномасида жуда кўп статистик маълумотлар келтирилган. Улар илмий соҳада изланиш қилаётганлар учун бирламчи манба бўлиб хизмат қилади.

    Хусусан, “Бу йил 381 нафар спортчимиз жаҳон ва Осиё мусобақаларида, 43 нафар иқтидорли ва билимдон ёшларимиз нуфузли халқаро фан олимпиадалари ҳамда танловларида совринли ўринларни қўлга киритгани барчамизни, албатта, қувонтиради. Мана шундай катта ютуқларга эришишда фидокорона меҳнати билан муносиб ҳисса қўшган ҳар бир юртдошимизга ўз миннатдорлигимни билдираман”, деган сўзларини университет жамоаси меҳнатига ҳам эътибор, деб қабул қилдик.

    Зеро, ўтган йили Тошкент давлат педагогика университетида бир талабамиз Ўзбекистон Президенти стипендияси ҳамда тўққиз нафари бошқа номдаги давлат стипендиялари совриндори бўлди. Бу кўрсаткич аввалги йилдагига нисбатан икки баробар кўпайган. Университет талабалари педагогика соҳасидаги халқаро интернет олимпиадаларида бешта сов ринли ўринни қўлга киритганини ҳам айтиш жоиз.

    Тошкент давлат педагогика университети бошланғич таълим бўйича мутахассислар тайёрлаш борасида кўп йиллик тажрибага эга. Президентимизнинг “Келгуси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Ҳозирги вақтда улар халқаро экспертизадан ўтиб, ўзимизда синовдан ўтказилмоқда. Лекин юқори синфларда-чи?

    Очиқ айтиш керак, уларда берилаётган таълим ва тарбия сифати, ўқитувчиларнинг билими ва маҳоратини талаб даражасида, деб бўлмайди”, деган фикрларини бевосита университетимиз жамоасига берилган стратегик топшириқ сифатида қабул қилдик. Ҳозир ушбу танқидий фикрлардан келиб чиққан ҳолда, талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш ва ижодий фикрлаш кўникмасини шакллантиришга қаратилган методикаларини ишлаб чиқиш, китоб мутоааласига қизиқишни янада кучайтириш, хорижий тиллардан миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга талабалар улушини ошириш бўйича мақсадли ишлар режалаштирилди ва амалга оширила бошланди.

    Ўтган йили университетимиз томонидан таълим сифати паст, муҳити оғир бўлган 30 та умумтаълим мактаби ўқитувчиларига таълим сифатини ошириш ҳамда ўқитишнинг дидактик имкониятларини кенгайтириш учун Кэмбриж методикаси бўйича сертификатга эга мутахассислар кўмагида илмий-методик ёрдам кўрсатилган эди. 2022 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети юртимиздаги 30 та олий таълим муассасаси қаторида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда ОТМлар таъсирини баҳоловчи THE Impact Rankings халқаро рейтингидан жой олди.

    2023 йил учун QS Осиё университетлар рейтингида етакчи ОТМларнинг мингталиги қаторидан ўрин эгаллаганини эслаб ўтиш ўринли. Бугун Янги Ўзбекистонда тараққиётнинг янги босқичига чиқиш, кўзлаган мақсадларимизга эришиш учун мустаҳкам замин яратилмоқда. Шундай экан, бағрикенг, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизнинг ишончига сазовор бўлиш учун ҳар биримиз бу юксак ишончни амалий ишлар билан оқлашимиз керак. Зеро, бундай ёндашув бизнинг нафақат фуқаролик, балки, энг аввало, она Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчимиздир.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates