Юртимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар янги, янада юксак босқичга кўтарилаётгани халқимиз фаровонлигини ошириш, мамлакатимиз иқтисодиётининг юқори ўсиш суръатини таъминлаш учун муносиб шарт-шароит яратишга асос бўлмоқда. Бу борада илм-фаннинг роли ва аҳамиятини тилга олмай илож йўқ. Зотан, бугун барча соҳалар олдида турган айрим масалаларни илм-фансиз ечиш мураккаблигини замоннинг ўзи кўрсатмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 6 апрель куни Ўзбекистон Фанлар академиясининг академик Собир Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институтида вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари ва ЎзФА илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқотда “Ҳамма соҳанинг келажаги сизларга, илм-фанга боғлиқ. Бундан кейин мамлакатимизга келаётган ҳар бир хорижий инвестициянинг муайян фоизи илм-фанни ривожлантиришга ва илмий кадрлар тайёрлашга йўналтирилади. Илм-фан ривожлансагина эртанги кунимиз ҳақида тасаввур қила оламиз”, дея таъкидлаб ўтган эди.
Бу сўзлар бугун мамлакатимизда барча соҳаларни, жумладан, иқтисодиётни инновацион ривожлантиришнинг моҳиятини англатади. Давлатимиз раҳбари илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси мамлакатимиз иқтисодиётининг инновацион ривожланишини белгилаб берувчи муҳим омил эканини бот-бот таъкидламоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида инновацион фаолият, тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш, илмий ишланмаларни тижорийлаштириш мавжуд салоҳиятга нисбатан етарли эмаслиги, таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграцияси таъминланмагани танқидий баҳоланган эди.
Мана шу танқиддан зарур хулоса чиқариб, энди таълимнинг ишлаб чиқариш корхоналари ва илмий тадқиқот институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини йўлга қўйиш мамлакатимиз ривожланишининг драйвери экани кун тартибига қўйилмоқда. Бунга қўшимча равишда хориж инвестициясини кенг жалб этиш, пуллик хизматлар кўламини кенгайтириш ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олий таълим муассасаларида технопарк, форсайт, технологиялар трансфери, стартап, акселератор марказлари ташкил этиш давр талаби даражасига кўтарилмоқда. АҚШ ва Европа давлатларида олий таълим ҳамда ишлаб чиқариш корпорациялари ўзаро ҳамкорликда ривожланади.
Башарти, олий таълим муассасалари бизнес тузилмалар билан ҳамкорлик қилмас экан, шубҳасиз, молиявий манбаларини йўқотади. Кенг жамоатчилик, йирик ишбилармон сармоядорлар қатлами орасида, халқаро таълим ва илмий ҳамкорлик борасида жозибадорлигини бой беради. Айниқса, битирувчиларининг ишга жойлашиш имконияти пасаяди.
Масалан, Англияда Фарадей жамоатчилик лойиҳаси доирасида олимлар жамоаси билан тадбиркорлар ўзаро самарали шериклик ўрнатиб, бирлашган ташкилот тармоғини ташкил этади. Бу жараёнда фирмалар, тижорат ассоциациялари, тадқиқот бюролари ва университетлар ўзаро ҳамкорликда иш юритиб, жаҳондаги энг сўнгги илмий-технологик янгиликлар хусусида фикр алмашади. Бундан мақсад ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ҳисобланади. Илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини илмий таҳлил этадиган бўлсак, у синергия қонунига, яъни синергетик эффект қонунига асосланган.
Синергетик эффект нима? Синергия тушунчаси юнон тилидан олинган бўлиб, ҳамжиҳатлик, биргаликдаги фаолият, кооперативлик, биргаликда ишлаш деган маъноларни англатади. Яхлитлик ўз қисмлари йиғиндисидан катта бўлиб, бу синергетик қонуннинг моҳиятини англатади (1+1=3). Соддароқ тушунтирадиган бўлсак, тизим элементларининг алоҳида фаолияти натижасидан уларнинг биргаликда, ҳамжиҳатликда ишлаши самараси юқори бўлади.
Бу жараёнда яхлит тизимнинг якка қисмлари бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олий таълим муассасаларида технопарк, форсайт, технологиялар трансфери, стартап, акселератор марказлари ташкил этиш давр талаби даражасига кўтарилмоқда. АҚШ ва Европа давлатларида олий таълим ҳамда ишлаб чиқариш корпорациялари ўзаро ҳамкорликда ривожланади. Башарти, олий таълим муассасалари бизнес тузилмалар билан ҳамкорлик қилмас экан, шубҳасиз, молиявий манбаларини йўқотади. Кенг жамоатчилик, йирик ишбилармон сармоядорлар қатлами орасида, халқаро таълим ва илмий ҳамкорлик борасида жозибадорлигини бой беради. Айниқса, битирувчиларининг ишга жойлашиш имконияти пасаяди.
Бу жараёнда яхлит тизимнинг якка қисмлари бирлашуви, интеграцияси натижасида тизим фаолияти самарадорлиги ортади. Бундай самарали интеграция мамлакатимиз иқтисодиётининг инновацион ўсишини таъминлайди. Ушбу элементларнинг бирортаси ўз функциясини сифатли ва натижали бажармас экан, яхлит тизимда муайян тизимли муаммолар намоён бўлади.
Президентимизнинг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўқитиш сифатини ошириш, соҳадаги долзарб муаммоларни ечиш, кадрлар сифатини оширишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади. Сабаби, таълим фан ва ишлаб чиқариш учун кадрлар тайёрлаш орқали ишлаб чиқариш ёки илмий-тадқиқот соҳасига йўл очиши мумкин. Шу аснода таълим жараёни фан ва ишлаб чиқариш соҳалари билан органик равишда боғлиқ.
Таълимнинг сифати ва самарадорлигини юксак салоҳиятли педагог кадрлар белгилайди. Ҳозирги кунда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси йўналишида қатор ишлар йўлга қўйилмоқда. Жумладан, ЎзФА Қорақалпоғистон бўлими табиий илмий-тадқиқотлар институти олимлари томонидан ҳам самарали фаолият олиб борилмоқда. Жумладан, институт олимлари томонидан 4 та инновацион ишланма “Йўл харитаси”га киритилган.
Булар “Қорақалпоғистоннинг маҳаллий агрорудаси асосида янги турдаги ўғит олиш технологиясини яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш”, “Табиий шароитда жойлашган қумлик тупроқларнинг фильтрланиши коэффициентини аниқлаш усули”, “Полиэтилен чиқиндиларидан фойдаланиш усуллари”, “Хокак ва бархан қумлар асосида силикат материалларни олиш усуллари”дир.
Биринчи инновацион ишланма Қорақалпоғистоннинг маҳаллий агрорудалари асосида янги турдаги ўғит олишга қаратилиб, ушбу технология бўйича Элликқалъа туманида “Porlitog’ kimyo” МЧЖ инновацион кичик заводи ишга туширилди. Мазкур ишланмага Интеллектуал мулк агентлигидан патент олинди. Институт олимлари томонидан силикат ғишт ишлаб чиқариш бўйича яратилган технология асосида 2019 йили Нукус шаҳридаги эски керамзит заводи биноси ўрнида силикат ғишт ишлаб чиқариш заводининг технологик биноси тикланди ҳамда биринчи ва иккинчи технологик линиялари қурилди. Ҳозир ушбу заводни технологик монтаж қилиш ишлари бажарилиб, фойдаланишга топширилиш арафасида.
Институтнинг муҳандислик геологияси йўналишида ҳам илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштириш жараёни яхши йўлга қўйилган. Геология лабораторияси олимлари ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда кўплаб ишларни бажармоқда. Шартномавий ишлар доирасида олимлар дала муҳандислик-геологик тадқиқотлар олиб борди, тупроқ ва ерости сувлари таркибини, физик-механик хусусиятини аниқлашди. Лойиҳалаштирилган қурилиш объектларининг, масалан, Қорақалпоғистоннинг қишлоқ жойларида жойлашган мактаблар, фельдшерлик ва акушерлик станциялари, клублар, каналларнинг коллектор-дренаж тармоқларини қайта қуриш бўйича юздан ортиқ хулосалар олинди.
2016 йилда “Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу” халқаро А-380 автомагистрали қурилишида тупроқларнинг физик-механик хусусиятларини ва кимёвий таркибини аниқлаш бўйича лаборатория ишларини олиб бориш учун “Йўл-лойиҳа бюроси” МЧЖ билан иқтисодий битим тузилди. Устюрт платформасидаги кам ўрганилган тупроқларнинг оптимал намлигини аниқлаш бўйича тавсиялар берилди. Ушбу иншоот қурилиши жорий йилда бошланган. 2021 йилда ҳам хўжалик шартномаси асосида илмий тадқиқот ишлари давом эттирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, янги Ўзбекистонни барпо этишда фан, ишлаб чиқариш ва таълим жараёнининг узвийлигини, интеграциясини таъминлаш барча муваффақиятлар асосини белгилаб берувчи муҳим омил ҳисобланади.
Нағмет АИМБЕТОВ,
ЎзФА Қорақалпоғистон бўлими раиси, академик