Мазкур кластерда аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган стационар, амбулатория консультатив-диагностика тиббий хизматлар кафолатланган пакет доирасида бепул, кафолатланган пакетга киритилмаган тиббий хизмат турлари эса пуллик асосида кўрсатиш йўлга қўйилди.
Энг, асосийи 5 та тиббиёт муассасани ўз ичига олган тиббиёт кластерда бир вақтнинг ўзида бир неча турдаги тиббий хизматлар кўрсатилади. Бунинг учун етарлича шарт-шароит, замонавий тиббий жиҳозлар керак бўлади.
Бу масала эътибордан четда қолмади. Сирдарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази унга тегишли бўлган бино ва иншоотларни кластерга мослаштириш, реконструкция қилиш ва янги бинолар қуриш мақсадида Қишлоқ қурилиш инвест лойиҳа институти томонидан лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқди.
— Ушбу лойиҳа смета ҳужжатлари асосида бу ерда 100 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилади, — дейди Гулистон тиббиёт кластери директори Қодир Хотамов. — Айни вақтда мазкур кластернинг 100 ўринли хирургик биносида жойлашган 5 та бўлим косметик таъмирдан чиқарилди. Лойиҳа қиймати 18 миллиард сўм бўлган, 100 ўринли терапия биноси қурилиб, фойдаланишга топширилган, эндокринология бўлими учун мўлжалланган бинода реконструкция ишлари олиб бориляпти. Жорий йил январь ойида эса 30 ўринли вилоят уруш ва меҳнат фахрийлари шифохонаси штатлари, ходимлари тиббиёт кластери таркибига қўшилди ва қўшимча 30 ўринли кардиоревматология бўлими ишга туширилди.
Қувонарли томони, тиббий кластернинг хирургик бўлимларида юқори технологик операцияларни амалга ошириш учун 2021 йил охири ва 2022 йил бошида 1 миллиард 735 миллион сўмлик замонавий тиббий жиҳозлар келтирилди. Бу эса юқори технологик, жарроҳлик амалиётларни пойтахтдаги ихтисослаштирилган марказларда эмас Сирдарёда бажариш имконини беради.
Ғулом ПРИМОВ,
Сирдарё вилоят
Соғлиқни сақлаш бошқармаси
матбуот хизмати ходими.