У Республика болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида 3 ёшидан буён даволаниб келади.
Яқинда у Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу марказга ташрифи арафасида Президентга хат йўллади.
Ўз хатида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ўзи каби даволанаётган болалар ва ўзи номидан, бу турдаги касалликдан азият чекаётган болаларни соғлиғини тиклаш, уларга намунали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида яратилган шар-шароит учун Президентга ташаккурини билдириб, болаларча беғубор истакларини билдирганди.
Унда ёзилишича, «келажакда ошпаз бўлишини, мусиқа ва расмга қизиқишини, рус тилини мукаммал ўрганиши ва шифокор бўлиши учун компьютер совға қилишларини сўраган.
Унинг бу истаги ижобат бўлди. Унга Президентимиз томонидан ноутбук совға қилинди.
Шу билан бирга сирдарёликлар номидан вилоят ҳокими ҳам ўқув қуроллари ва дарсликлар, қўшимча совғалар туҳфа этди.
— Қизим, 3 ёшида ўткир лимфобласт лейкоз касаллиги билан касалланиб қолди, — дейди Одинанинг онаси Дилдора Абдусаматова. — Сирдарёлик шифокорларга мурожаат этдик. Улар бизни шу марказга йўналтирди. Мана 9 йилдирки, қизим ушбу марказда даволаниб келади. Бундан бир неча йил муқаддам, ҳозиргидек шароит қаерда эди дейсиз. Энди эса ушбу марказ қиёфаси, шарт-шароити бутунлай ўзгарди. Замонавий тиббий жиҳоз, илғор технология. Бундан нафақат ўша жойда даволанаётган болалар, уларнинг мен сингари ота оналари ҳам хурсанд. Энг муҳими, Президентимизни ушбу марказга ташрифи чоғида ҳар бир бола ва уларнинг оналари билан ўтказган мулоқоти, оталарча берган маслаҳати ва кўрсатмаси, қолаверса, энг яхши мутахассисларни хориждан олиб келиб, кўрсатиш ва даволатиш ҳақидаги илиқ сўзлари менга ва қизимга янада куч бағишлади. Қизим ҳозир уйда, ўқитувчилардан сабоқ олаётган бўлса, марказда ташкил этилган «Меҳрли болалар» махсус мактабида, ўзи қизиққан фанлардан сабоқ оляпти. Ўзлаштиришлари ёмон эмас. Муҳими, у тузалиб, ўзи истагандек яхши ошпаз ва шифокор бўлишини хоҳлайман.
Бунинг учун аввало Президентимизга ўз ташаккуримизни билдираман. Чунки қизим соғлиғини тиклаш, даволаниш, ўз қизиққан машғулотлар билан шуғулланиши учун барча шарт-шароитларни яратиб берди.
Ховосободлик Одинани икки опаси ва укаси бор. У ҳам улар қатори ўйнагиси, елиб югургиси, мактабга бориб, тенгқурлари қатори таълим олгиси келади.
Аммо, касаллиги боис уйда, марказда ўзи каби болалар билан биргаликда сабоқ олади.
Бугун унинг қувончининг чегараси йўқ. Ниятлари ижобат бўлди. Унга Президентнинг совғаси топширилди.
— Аввалига ишонмагандим. Хатимга жавоб йўллаб, ноутбук совға қилганингиз учун катта раҳмат. Насиб этса, соғайиб оёққа турсам, албатта бу яхшиликларингизни илмим билан Ватанимга садоқатим билан қайтараман Президент бобо, — деди Одинахон Абдулҳамидова.
Ғулом Примов,
Сирдарё вилоят
Соғлиқни сақлаш бошқармаси
матбуот котиби.