Сиз билган ва билмаган сирли Андижон

    Биласизми? 10 декабр 2020 19143

    Водий қадимдан турли тарихий воқеаларга гувоҳ бўлган маскан. Айниқса, Андижон Моварауннаҳрнинг асосий шаҳарларидан бири бўлганлиги барчамизга маълум. Бугун З.М.Бобур юрти бўлмиш кўҳна шаҳарга маҳаллий ва хорижий сайёҳлар эътибори ортиб бормоқда.

    Қуйида эътиборингизга ҳудуднинг айрим диққатга сазовор масканлари ҳақида қизиқарли маълумотлар ҳавола этамиз.

    Дукчи Эшон қўзғолонида исёнчилар қатл этилган қалъа Андижон шаҳридаги Дукчи Эшон МФЙсида қад кўтарган жойлашган бўлиб, у Чор Россияси ҳарбий қисми учун мудофаа қўрғони сифатида бунёд этилган. Унинг 10 метрдан ортиқ баланд бўлган деворларидан Андижон шаҳрининг маҳалла ва кўчалари кафтдек кўриниб турган ва шу жойдан туриб исёнларни бостириш имконияти бўлган. Маълумотларга кўра, қалъанинг бир неча казарма бинолари, қурол-аслаҳа омборлари, ошхона, тўпхоналардан иборат мудофаа қўрғони бўлган.

    Қалъа 130 йил давомида жуда кўплаб тарихий воқеаларни, хусусан, 1898 йил Дукчи Эшон бошчилигидаги (қўзғолон аёвсиз бостирилиб, 19 нафар қўзғолончи Қалъа майдонида осиб ўлдирилган. Бу ер дастлабки шаҳидлар масканига айланган) уруш фожиаларининг гувоҳи бўлган.

    Асакада маърифат нурини сочган инсон Хўжа Абдуллоҳ Туғдор мақбараси (маҳаллий аҳоли орасида “Пистамозор” деб юритилади) VII асрда Қорахонийлар подшоҳлиги даврида 70 йил мобайнида Ўзган шаҳри пойтаҳти ҳисобланган.

    Берилган манбаларда ёзилишича, Хўжа Абдуллоҳ Туғдор ўша даврда яшаган улуғ зот Қилич Бурхониддин Саид авлодидан бўлиб, пайғамбарлар авлодига бориб тақалади. З.М.Бобурнинг пири ҳам ўша авлоддан бўлган деган маълумотлар ҳам бор. Қўқон хонлиги ташкил топгач, атрофдаги шаҳар ва қишлоқларга ўша улуғ зотларнинг авлодларидан юборилган. Хўжа Абдуллоҳ бугунги Асака ҳудудига келиб ўрнашиб, аҳолига илм-маърифат тарқатган. Таҳминан 1840 йилда вафот этган ва бугунги тумандаги “Пистамозор” деб аталган жойига дафн қилинган.

    Шоир Хувайдонинг ўғли қайта тиклаган зиёратгоҳ. Андижон вилоятининг қўшни Қирғизистон билан чегарадош бўлган энг чекка шарқий-жанубий ҳудудида жойлашган Фозилмон ота зиёратгоҳидаги булоқнинг суви “тирик сув” деб ҳисобланади ва ундан неча асрлар давомида кўплаб одамлар шифо топиб келади.

    XIII асрда яшаб ўтган диний уламо Сайид Фозилмон Деҳлавий номи билан боғлиқ бўлиб, оламдан ўтгач шу жойга дафн қилинган. XVI аср охирида келган кучли сел натижасида Фозилмон ота мақбараси лойқа остида қолади. 1805 йилда тасаввуф илмининг йирик вакили, шоир Хўжаназар Ғойибназар ўғли Ҳувайдонинг ўғли Холмуҳаммад Эшон ибн Хувайдо томонидан қабр ўрни аниқланиб, мақбара қайта тикланади.

    Нима учун “Девонабой” масжиди? Ёши улуғ инсонларнинг ҳикоя қилишича, “Девонабой” ҳақида халқ орасида турли ривоятлар юради. Улардан бири шуки, ўтмишда давлатманд одам яшаб ўтган бўлиб, ибодатларида Тангридан ҳамиша фарзанд тилаган. Шунда бор бойлигини ночор одамларга тарқатиб юборишни ва дунёни дарбадар кезиб, ибодатга кириши тушида маълум бўлади. У тушида маълум бўлган барча вазифани бажо этади ва фарзандли бўлади. Албатта, бу халқ тилидаги мифлардан бири. Бу каби ҳикоятлар адоғсиз. Аммо Андижоннинг диний-маърифий, ижтимоий-маънавий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга “Девонабой” масжиди нима учун бу номда эканини ҳеч ким аниқ билмайди.

    Маълумотларга кўра, ҳудуднинг Эски шаҳар қисмида жойлашган ушбу масжид XIX асрнинг охирида қурилган. Кириш қисми гумбазсимон бўлиб, қўш томонида миноралар кўтарилган. Минора ва масжид пештоқлари шарқона безаклар билан безатилган.

    Масжидга ҳайит намозида беш минг, жума намозларида 3.5 мингдан зиёд, одатдаги кунларда эса 300 нафарга яқин мўмин-мусулмон ибодат қилиш учун ташриф буюради.

    Бибисешанба зиёратгоҳига фақат аёллар келадими? 200 йил аввал ташкил этилган Бибисешанба зиёратгоҳига маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар, аёлу эркак, ёшу қари бирдай булоқ сувларидан шифо олиш учун қеладилар. Зиёратгоҳ ичида турли хасталикларга даво бўлувчи бир нечта шифобахш булоқлар мавжуд бўлиб, масканга маҳаллий аҳоли томонидан муқаддас қадамжо сифатида қаралади ва ҳар сешанба куни бу ерга келиб қизлар кокил кестиради ҳамда фарзанд кўрмаганлар ўзларига фарзанд тилаб ибодат қилади… Зиёратгоҳ ҳақидаги ҳақиқатлар тўлиқ исботланмаган бўлса-да, маҳаллий аҳоли маскан тўғрисидаги турли ҳикоят ва хислатларга қаттиқ ишонади.

    Қишда иссиқ, ёзда салқин ҳаво тафтли сирли тепалик – Жингиртепа (яна бир номи Жунғортепа) иқлим ҳавосини мўьтадиллаштирувчи ва мувозанатини ушлаб турувчи, қишда иссиқ, ёзда салқин ҳаво тафтини бахш этувчи хислатга эга.

    Асрларга тенгдош табиий-археологик ёдгорлик аждодларимизнинг Улуғ тоғдан Эршига ҳабар берувчи кўприк бўлгани кўплаб асарларда ёзиб ўтилган. Масалан, тарихчи олим, ёзувчи Манноб Эгамбердиевнинг “Сариқ аждар ҳамласи” романидаги “Улуғ тоғда тутун кўринди” деб номланган ҳикоясида қадимги Хитой ва Довон ўртасида бўлиб ўтган уруш воқеалари баён қилинган. Унда Ўш-Селат йўли бўйлаб Эршига бостириб келаётган ёв ҳамласи ҳақида ҳукмдорнинг Жингиртепадаги ҳарбий қўмондони қароргоҳига эршиликларни огоҳ қилиш мақсадида арчадан ўт ёқиб ҳабар бериши тасвирланган.

    Шунингдек, ушбу тепаликдан туриб, Эрши қалъасининг ташқи шаҳристони соқчиларига савдо карвонлари ёки душман келаётганига ишора бериб турилган.

    Юлдуз Ўрмонова

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates