Сиз онамга ўхшайсиз

    Салкам 70 йилдан буён саҳна билан сирлашиб келаётган, 86 ёшни қоралаб қўйган Рихси Иброҳимова билан суҳбат.

    Меҳнат дафтарчасида биргина иш жойи қайд этилган одамни топиш қийин бўлса керак-а? Нима дейсиз? Кимлардир иш жойини шу даражада кўп ўзгартирганидан бундай дафтарчани бировга кўрсатишга уялади. Тирик жон, турли сабаблар бунга сабаб бўлгандир. Лекин буни ҳамма ҳам тўғри тушунавермайди. Бир жойда муқим ишлаган инсон ҳеч қачон кам бўлмаслигига ишора қилиб, дарахт бир жойда кўкаради, деган гапни кўп ишлатамиз.

    Салкам 70 йилдан буён саҳна билан сирлашиб келаётган, 86 ёшни қоралаб қўйган Рихси Иброҳимованинг меҳнат дафтарчасида бугунги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга қабул қилингани ҳақидаги ёзув бор холос. 17 ёшидан 30 ёшигача ўзбек театри дарғалари билан битта саҳнада бош ролларни ижро этган қаҳрамонимиз шу ёшда ҳам ёшлигига қайтиб қолишни, Офелия, Жамила, Ферузабону сингари ролларини ҳозирги тажрибаси, маҳорати билан қайтадан ижро этишни истайди. Лекин ҳеч қачон машҳурликни даъво қилмай, оддий одамларга хос тарзда камтаргина ҳаёт кечиради.

    Болалигида иккита қошиққа кўз-қош чизиб, қўғирчоқ, қоғоздан эса пул ясаб, спектаклга чипта сотган ўғил-қизлар орасида Рихси опа етакчи эди. Ғайратий домланинг адабиёт тўгарагида тобланиб, кейинроқ драма тўгарагига боғланиб қолган ўқувчи қизда актрисалик қобилияти ўқувчилик пайтидаёқ намоён бўлган. Ҳозирги Миллий университетнинг филология факультети имтиҳонларидан деярли ўтиб бўлган Рихси Иброҳимованинг актёрлик соҳасида кетишига отаси Исмоилхўжа сабабчи бўлган. Чунки у санъатга яқин, китобхон киши эди. Отасидан актёрлар тайёрлайдиган таълим муассасаси борлигини эшитган қиз ўша пайтдаги Островский номидаги театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетига ўқишга кирди.

    1-курсдаёқ театрга ишга қабул қилинган бўлажак актриса орадан бир йил ўтар-ўтмас “Йўлчи юлдуз”даги Гуласал образи билан элга танилиб улгурди. Театр дарғаларидан бири Турғун Азизовнинг айтишича, ушбу даргоҳда фақат икки киши — Шукур Бурхонов ва Рихси опа ҳали диплом олмай туриб машҳур бўлган экан.

    1987 йилда Чернобил ҳалокати оқибатларини бартараф этишда, ўз истаги билан қатнашиб, Нодирабегим (Л.Б.Гладких. “Сўнгги тун”) образини рус тилида ўйнаган, фидойилиги ортидан нурланиш касаллигини орттириб, соғлигига анча путур етган, ҳатто ана кетди, мана кетди бўлган, Яратганнинг қудрати билан яна саҳнага қайтган Рихси Иброҳимова билан халқаро театр куни олдидан суҳбатлашдик.

    Бугун кўплаб бўлғуси театр вакиллари ижод йўлига ҳавас қиладиган ўз касбининг устасидан устозлари ҳақида сўрадик.

    Устозларим соғинчини шогирдлар меҳри тўлдиради

    — Ўзбек театри мавқеини, саҳна санъатини кўкка кўтарган устозларнинг ҳар бири бир достон. Ваҳоланки, уларнинг аксарияти олийгоҳларда таҳсил олмаган. Хўш, унда уларни элга танитган омил нима? Бу устозлар биттагина сўз маъносини, талаффузини томошабинга тўғри етказиб бериш учун ҳафталаб машқ қилганини кўрганмиз. Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Наби Раҳимов, Шукур Бурхоновларни соғина бошлаганимда, шогирдларим қалбидаги меҳр булоғи ташналигимни қондиради. Ўзим ҳам улардек устоз бўлишга, ҳар бир ёшга тўғри йўл кўрсатишга чоғланаман. Устозларимиз ролларни шунчаки ижро этишмаган. Образларида ҳарорат ва виждон нафаси уфуриб турарди. Биз ҳам улардан ибрат олиб, ролимизни юрак титроғи, қалб қўри билан ўйнардик. Олим ака билан саҳнага чиққанимда, истеъдоднинг беқиёслигини ҳис қилганман. У ҳақиқий Навоий эди. Мен ҳам ўзимни чинакам Гулидек ҳис қилар, саҳнада мақсадга эришганимдан қувонардим. Мени театрга етаклаб келган Яйра опа Абдуллаева, Сора Эшонтўраевадан жуда кўп сабоқ олдим. Улар билан бирга ижро этган ролларимиз, кўпгина асарлар магнит тасмада ёзиб қолдирилмаган. “Бой ила хизматчи”, “Мирзо Улуғбек”, “Гамлет”ни ёшларга кўрсатишнинг имкони бўлганида эди...

    Ўзбек аёлларининг саҳнага чиқиши мумкин бўлмаган пайтларда Саъдихон Табибуллаев, Шокир Нажмиддиновлар аёллар ролини ўйнашга мажбур бўлишган.

    Бугун шукрки, изимиздан келаётган муносиб шогирдлар талайгина. Гулчеҳра Иброҳимбекова, Раъно Ярашева, Зуҳра Ашурова, Муқаддас Ҳолиқова, Шоҳида Исмоилова, Маҳфуза Боботиллаева каби элимиз суйган актрисалар бизнинг театрда фаолият юритяпти. Булар қаторида Лола Элтоева, Нодира Маҳмудова, Нигина Анорбоева, Шодия Тўхтаева каби ёшларнинг ташаббускорлиги, касбига садоқати кўнглимни тоғдек кўтаради.

    Ҳар қандай вазиятда ҳам театрни дедим, ўзимни қўлга олдим

    Мақола аввалида айтганимиздек, инсон оилавий муаммолар ёки объектив ва субъектив сабаблар туфайли иш жойини ўзгартириши, баъзан соҳадан кетиши ҳам мумкин. Рихси опадан шундай ҳолатларда қандай йўл тутгани ҳақида сўрадик:

    — 1964 йилнинг май ойлари. Онам қаттиқ бетоб, тўғрироғи, ўлим талвасасида. Бошларида ўтирибмиз. Отам такбир айтиб ўтирибди (Отам масжидда азон айтарди. Онам ҳар гал “эшитинглар, отанг азон айтяпти, овози бирам ёқимли-да”, дерди). Шу куни театрда “Олов” спектаклида Рафиқа ролини ўйнашим керак. Жамоа аҳволимдан хабардор. Лекин спектаклни қолдириб бўлмайди. Аксига олиб, меҳмонлар таклиф этилган экан. Бош режиссёримиз Александр Гинзбург икки энлик хат юборибди: “Ҳурматли Рихси, илтимос, бугун жуда масъулиятли спектакль. Ўрнингда бошқа одам йўқ. 7.30 да машина уйингга боради ва яна қайта олиб бориб қўяди. Келиб ўйнаб кет. Соғлик тилайман”.

    Спектаклнинг ҳам куладиган, ҳам йиғлайдиган жойлари бор эди. Йиғлайдиган ўринларда маза қилиб йиғлайман-у, кулиш қийин. Хуллас, бир амаллаб ролимни ўйнаб, гримимни ҳам артмай, машинани уйга шоширдим. Онам жон таслим қилаётган экан. Дадам: “Онаси, мана қизинг келди, кўзингни оч”, деди. Қўлида Қуръон, кўзларида ёш, онамнинг қулоқларига “биздан рози бўл”, деб пичирлаб турибди. Онам бир чуқур нафас олди-да, жим бўлиб қолди.

    Карахт аҳволда турган бўлсам-да, “шу ҳолатни саҳнада қандай ўйнаган бўлардим”, деган куфр хаёл ўтдим миямдан. Ўзимдан уялиб кетдим...

    “Менинг Бухором” фильмини Москвага олиб кетаётганимизда отамнинг фотиҳасини олиш учун уйга бордим. Бироз тоби қочган кунлар эди. Гуллаб турган настаринимиз тагидаги диванда ётган экан. “Нафасим сиқяпти”, деди. Оғзига тутганим бир қошиқ қатиқ лабларида қолди. Эртага йўлга чиқишимизни айтиб, фотиҳа сўрасам, кўзларимга тикилиб туриб, “қачон қайтасан”, деди. Кўпи билан бир ҳафта, ролимни ўйнаб бўлсам, вақтлироқ келаверишимни айтдим. Қўлларини фотиҳага очганча узоқ туриб, яна “қачон келасан”, деди.

    Бу сафар тез қайтишимни айтдим. Негадир мени қўйиб юборгилари келмай, “Майли ой бориб, омон келгин болам, мен сендан розиман, омадингни берсин”, деди. Қўллари пешонасигача етиб бормади, кўнглим ғаш тортди. Ҳовли атрофини кетмон билан тартибга келтираётган акам: “Хавотир олма, дадам яхшилар, ҳали шу туришда ҳам кўп яшайдилар”, деди. 50–60 қадамча юргандим, акамнинг “Рихсихо-о-о-н” деган чақириғидан юрагим шув этиб, ортга ўгирилдим. Овозида титроқ бор эди. Юзига фотиҳа тортиб, отамнинг жон берганига ишора қилди. Эртасига эрталаб ҳамдардликка етиб келган бутун театр жамоаси самолётга билет ташлаб кетишди. Мендан ташқари ҳамма поездда кетган экан. Уч кунлик маросимни ўтказиб, улар билан бир вақтда Москвага етиб борганман.

    Ишончни янги спектакллар билан оқлашимиз керак

    – Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг биз, театр кишиларидан кутаётгани – келажагимиз ворисларига асл тарихимизни, аждодларимиз кимлар бўлганини кўрсатиб берадиган спектакллар. Тўғри, бугун тарихий асарлар жуда кам. Аслида эса, бундай асарлар билан ўзлигимизни аслича кўрсатиш вақти келди. Шундай даврларни кўрдикки, тарихимиз сиёсий қарашлар ва курашлар майдони бўлган ўша пайтларда саҳна ҳам худди ана шу майдоннинг ўзи эди. Мустақилликдан кейингина биз аждодларимиз ҳақида спекталлар қўя бошладик. Балки шунинг учун ҳам уларнинг ҳаётини, ёшларга ибрат бўладиган ижод йўлларини тўлиқ очиб беролмаётгандирмиз. Қолаверса, тарихий асарларни саҳналаштиришнинг яна бир нозик томони бор.

    Тарихий шахс ролини ижро этадиган актёр ҳам тарихий манбалардагидек сурат ва сийратга, ҳам асарни ўқиган ҳар бир ўқувчи тасаввурига тушсагина у муваффақиятга эришади. Теша Мўминовга Амир Темур ролини ўйнаш, ўша образда яшаш осон бўлган дейсизми?

    У аввало ўз отасининг “Адолатли бўл болам”, деган ўгитига амал қилган ҳолда, буюк саркарда абадий қўним топган мақбарада Амир Темур қаршисида тиз чўкиб, Аллоҳдан бу улуғ зот сиймосини гавдалантиришга изн ва мадад сўради. Амир Темурнинг Аллоҳга қилган муножотларини қайта-қайта ўқиб чиқди. “Темур тузуклари”ни қўлидан қўймади. “Куч — адолатда” шиорининг моҳиятини бутун борлиғи билан ҳис этишга уринди, тарихшунос, адабиётшунос олимлар билан суҳбатда бўлди. Устозимиз Шукур Бурхоновнинг “Теша саҳнада ўйнамайди, у саҳнада яшайди”, деган таърифи ва “мендан ҳам зўр артист бўлгин”, деб қилган дуолари ижобат бўлиб, Амир Темур образи халқимиз қалбидан муносиб ўрин эгаллади. Шайх Абдулазиз Мансур Тешавойга “Муборак бўлсин, бундай Ҳазрат Соҳибқирон образини яратиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди, бунинг тагида ҳам бир ҳикмат бор”, деб айтган. Шу ўринда айтиш керакки, яқинда Усмон Азимнинг Амир Темур ҳаётига бағишланган “Адолат фасли” пьесасида Ёдгор Саъдиевга ҳам Соҳибқирон ролини ижро этиш насиб этди.

    Театр репертуари қадриятларимизни, ўзлигимизни акс эттирувчи спектакллар билан бойиши учун бугун моҳир драматурглар керак. Театримизда Ҳамза, Комил Яшин, Абдулла Қодирий, Уйғун, Иззат Султон, Одил Ёқубов, кейинги пайтларда Усмон Азим, Эркин Хушвақтов, Шароф Бошбеков сингари драматурглар асарлари қўйилди. Айни паллада ҳам Эркин Воҳидовнинг “Олтин девор”, Саид Аҳмаднинг “Уфқ” сингари миллийлигимизни акс эттирадиган асарлар керак. Президентимиз ишончини оқлаш йўлида янги ҳаётимизга монанд, салмоқли асарларни кўрсата олишимиз учун менимча, ёзувчи билан санъаткор алоҳида-алоҳида эмас, бир-бирига боғланиб яшаши лозим.

    Яна бир жиҳат, турмуш тарзимиз яқин бўлган қўшни давлатлар билан ҳамкорликда спектакллар яратиш. Уларнинг биттадан яхши асарини олсак ҳам репертуаримиз анча бойийди. “Ҳазрати аёл” спектаклини қозоқлар билан, “Иймон” спектаклини Қирғизистонда ўзбек-қирғиз тилида ўйнаганмиз.

    Бугун янги Ўзбекистон қуряпмизми, бутун дунёга янги халқ, янги ҳаёт бўлиб кўриняпмизми, театр ҳам янги бўлиши керак-да. Чунончи, бугун дунё билан бўйлашаётган ёшларимиз бор. Уларга имкон яратилса нималар бўлишини илм-фанда, спортда, санъатда ҳам яққол кўриб турибмиз. Театрда ўзларининг ташаббуси билан спектакллар саҳналаштираётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш керак. “Қақнус” деган кўрсатувда қанча-қанча иқтидорли ёшларни кўриб хурсанд бўляпман. Муҳаммад Юсуфлар, Халима Худойбердиевалар чиқиш мумкин улардан. Умуман, олганда, бугун бошини силайдиган давлат раҳбари борлигига ишонадиган ёшлар кўпайяпти. Одамларимиз қалбида янгиланиш бўляпти. Мана шу воқеаларни, кечаги, бугунги ҳаётимизни, қандай қилсак яхши бўлишини хоҳ кулдириб, хоҳ йиғлатиб бўлса-да, кенг тарғиб қилишимиз, кўрсата билишимиз керак.

    15 апрел – Маданият ва санъат ходимлари куни деб эълон қилинганида, ҳаммамиз қарсак чалиб, хурсанд бўлиб кетдик. Халқаро байрамлар бошқа, ўзимизнинг байрамимиз бўлгани бошқа-да барибир. Бу бизга катта куч беради. Давлатимиз раҳбари бизни қўллаб турибдими, нима учун камарбаста бўлмайлик. Аслида, фикримча, санъат маънавиятнинг тожи. Адабиёт ундан-да юқори. Агар унинг қудратини саҳналарда кўрсатсак, таъсир кучи янада ошади.

    Театр ижодкорлари — чинакам маънавиятчи

    – Инсоннинг ҳаёти икки унсурга боғлиқ: моддият ва маънавият. Умр шу икки қирғоқ орасида ўтаркан, иккови бир-бирини тўлдириб туриши керак. Маънавият бўлмаса, ёвузлик урчийди. Санъат, маданият, маънавият билан одамларда илиқлиқ пайдо бўлади. Бугун ана шу илиқликни яратиш анча қийин бўляпти. Наҳотки маънавиятли, меҳр-оқибатли бўлиши учун уруш даврига қайтиш керак бўлса? Ёки пандемия, Туркиядагига ўхшаш зилзилалар бўлиши шартми?

    Кўп ижодий учрашувларда, халқ орасида мухлислар талаби билан бир асаримиздан парчами, монологми айтиб берамиз. Қисқа фурсатда денгиздек жўшиб турган оломонни йиғлатиш, хаёлга толдириш, баъзан кулдириш актёрнинг маҳоратига боғлиқ. Актёр тингловчиларини ўз дарди таъсирига тушира олганида, оддий одамлар ҳам санъат, маънавият, сўзнинг қудратини ҳис қилиб, санъаткорнинг маҳоратига таҳсин ўқиганига кўп гувоҳ бўлганмиз. Мана шу маънавиятнинг асл кўриниши, онгу шуурга сингишидир.

    Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида фарзандимдек кўрадиган ўғилларим бор. Тинимсиз қўнғироқ қилиб, “Она саломатмисиз, бахтимизга соғ бўлинг”, дейишади. Кўплари хат юборади. Ҳатто турмадан бир Арслон деган йигит ярим йилча хат ёзиб, “Мен сизни онам дейман. Қамоқда қийналиб ётибман. Лекин шу ерда ҳам пул топиш мумкин экан. Болаларим мендан аллақачон юз ўгирган бўлса керак. Ота-онам ҳам воз кечган. Лекин мен бу ердан чиқиб, Тошкентга борганимда, албатта сизни топаман. Болаларимни тўйида онам бўлиб туриб берасиз”, каби гапларни айтган. Мана санъатнинг, маънавиятнинг кучи дейман шунда. Ёмон инсонни ҳам тўғри йўлга солиш мумкин.

    Қадриятларимиз қудратини ёшлар сезиши, кўриши керак

    – Умримнинг кўп қисми шўро даврида ўтди. Мустақиллик берган ёруғликлар мен учун кутилмаган бахт бўлди. Айниқса, миллий қадриятларимиз тикланганига шукроналар қиламан. Янги асрда янги Ўзбекистонда дунё илмларига ўз ҳиссасини қўшадиган, жаҳон тан оладиган ўғил-қизлар вояга етишини ҳамда бу қайси миллат фарзанди, қайси бахтли онанинг дилбанди экан, деса, ўзбек аёли ғурурдан кўкси тоғ бўлиб “бу менинг фарзандим”, дея шодлиги оламга сиғмайдиган замондошларимиз кўп бўлишини истайман.

    Ёшим улғайганидан кейин театр, кино, ҳатто радиода ҳам менга она ролини таклиф қила бошлашди. 30 йилга яқин она образида намоён бўляпман. Қанча оналар сиймосини шакллантирган бўлсам, уларнинг ичида юрагимга энг яқини “Дунёнинг ишлари”даги Она образи. Қаерга бормай, ким билан суҳбатлашмай, албатта шу образ тилга олинади. “Сиз онамга ўхшайсиз”, деганларнинг аксари мана шу ролимга меҳр қўйгани аниқ. Зеро, бу асарда бошқаларидан фарқли ўлароқ, оналарга хос фазилатлар ғоят кенг мужассам бўлган. Бир онанинг ҳаётида дунёнинг турфа ишлари акс этади. Образ муваффақияти аввало, муаллиф маҳоратида, қолаверса, меҳр-шафқатининг чеки йўқ, оила сирини кўчага чиқармаган андишали аёл — ўзимнинг Мукаррамхон онам қиёфасига кириб олганимда бўлса керак.

    Нафақат менинг онам, балки кўплаб ўзбек оналарига хос бўлган мушфиқлик, жонсараклик, болажонлик уфуриб тургани учун ҳам бу образни халқимиз эъзозлайди. Ўзбек аёлларининг зийнати бўлган хислатларни ёшларимиз қадрлаши, ўзида ҳам мужассам этиши керак. Раҳматли Ўткир Ҳошимов ийманибгина “Рихси опа, “Дунёнинг ишлари” асаридаги она образи энг яхши кўрган ролим дегансиз, янги китобимга шу гапларингизни киритсам майлими”, деганида, “сиз шундай асар ёзасизку, мен рози бўлмайманми”, деганман. Яна шундай асар ёзилиб, она ролини яратиш керак бўлса, бажонидил ўйнайман.

    Баъзида қарсаксиз ҳам қоламиз

    Спектакль муваффақиятида техника ҳам муҳим ўрин тутади. Баъзан чироқ ўчиши, саҳнанинг айланмай қолиши каби воқеликлар уларни қарсакдан мосуво қилган ҳоллар ҳам бўлади. Рихси опа фаолиятида ҳам бу каби ҳолатлар бўлган, албатта.

    — “Мирзо Улуғбек” спектаклида чиройли бир саҳна бор: Улуғбекнинг Феруза билан хайрлашадиган жойи. “Хайр Ферузам, осмондаги ойим Ферузам,” дейди Улуғбек. Шу вақтда мен саҳнанинг тепасида туриб хайрлашаман. Жуда кучли шамол берилади. Шунда оппоқ кўйлагим ва рўмолим ғир-ғирак бўлиб, худди самода учиб кетаётган оққушдек мавжланади. Жуда чиройли, ҳаяжонли саҳна. Улуғбекнинг қўлини кўтарганча кетиши, Ферузанинг оққушдек мавжланишини томошабин ҳар гал роса олқишлар эди. Бир гал шамол бўлмай қолгани учун қарсак ҳам бўлмади.

    Бошқа сафар эса, Аббос билан хиёнатда айбланаётган Ферузанинг айбсизлигини исботлаш учун саҳнага муҳрли пергаментга ёзилган икки хатни олиб чиқишим лозим эди. Саҳнага терс турган Мирзо Улуғбек — Шукур Бурхонов кўзларида ёш билан менга қараши керак. Менга керак бўлган хатлар йўқ. Довдираб қолдим. Саҳнага бир неча дақиқа кеч чиқдим. Шукур ака менга ўгирилганида, кўзларида одатдаги меҳр эмас, қаҳр ва важоҳатни кўрдим. Нима қилишни билмай қолдим. Образ ҳолатидан чиқмай ялиниб, гуноҳимни кечиришларини сўраб, ерга ўтирганча этакларига ёпишдим. Шукур аканинг “Тур ўрнингдан” деган сўзлари бу сафар бутунлай бошқача янгради. Ролни қандай ижро этганим, спектакль қандай тугаганини билмайман. Устозга кўринмасликка ҳаракат қиламан. Эртасига ўзлари чақиртириб, “сен қиз жуда манмансираб кетибсан, ўзингку расво бўлсанг майли-я, мени саҳнада ролдан чиқариб ташладинг, сени ролдан олдириб ташлайман”, деди. Мана шу хатоим учун юз марталаб тавба қилганман. Чунки бу образ менга жуда қадрли эди. Бу каби ҳолатлар бўлиб туради. Фақат вазиятдан қандай чиқиб кетиш санъаткорнинг ўзига боғлиқ.

    Ҳар қандай намойишда ибрат, хулоса бўлиши керак

    “Гамлет”да Офелия, “Отелло”да Эмилия, “Абу Райхон Беруний”да малика Сайёра, “Ҳазрати аёл”да Ойша Содиқовнага айланган қаҳрамонимизни бугун ҳам кўплаб фильмларга таклиф қилишади. У ижро этадиган ролининг қандай шахслиги, кийиниши, айтадиган сўзларигача қизиқади. Роли бир оғиз сўздан иборат бўлса ҳам, маъноли бўлса, юраги “жиз” этсагина қабул қилади.

    — Назаримда, санъаткорларни ҳам вақти-вақти билан аттестациядан ўтказиб туриш керак, — дейди Рихси опа. — Ўшанда улар ўзларини рентгенда кўргандек бўлади. Қани энди томоша залида кўзга кўринмас олий ҳакамлар ўтирса-да, ҳар бир актёр, режиссёр ижодига одилона ҳукм чиқарса... Санъат ҳар жиҳатдан ютган бўлар эди.

    Бироқ фахрланарли томони шундаки, мен ҳавас қиладиган Москва актёрлари бизнинг актёрларга тан берган. Зеро, биздаги ички туғён русларникидан анча кучли. “Отелло”га инглизлар қойил қолган. Албатта, ўз устимизда ишласак, аввалгидек беором тунларда спектакль ҳақида ўйлаб, эртасига режиссёр билан биргаликда жон куйдирсак, театрларимиз нуфузи ошиб боради. 86 ёшимда ҳам ўйнайдиган ролларимни уйда ёдлаб келаман. Баъзан хотира панд беради. Лекин охирги имконимга қадар саҳнага садоқатимни сақлаб қолишимни яратгандан сўрайман. Яқинлашиб келаётган Халқаро театр куни билан барча касбдошларимни оналик меҳрим ила қутлайман.

    ***

    Хулоса ўрнида айтишни истардикки, ҳар биримизнинг ичимизда Рихси опа айтган кўзга кўринмас “олий ҳакам”лар шаклланиши мумкин. Улар спектакль ҳақида дилимиз тубидан чиқадиган сўзларимиз, актёрлар маҳоратига берадиган соф, самимий баҳомиз аслида.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates