Сизнинг юртдошингиз бўлганим, менинг энг олий бахтим!

    Маданият 14 феврал 2023 2063

    Йиллар ўтди ... Лекин Сиз ўша-ўша... Одамлар ўзгарди... Лекин Сизнинг ҳаёт фалсафангиз ва мезонингиз ўша-ўша... Сиз бир умр кўнгилни англайдиган ҳамроз, ҳамроҳ, ҳампаноҳ изладингиз...

    (БАДИА)

    Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,

    Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.

    Бу замонни нафъи қилсам айб қилма, эй рафиқ,

    Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиғ.

    Оҳ, ҳаётим фалсафасига айланган муборак сатрлар! Миллат тарбиясини, дилини, тилини, динини тарғиб қиладиган бемисл сатрлар!

    Халқимизда шундай бир гап бор: «Яхшилик қил, сувга сол, сув билмаса, балиқ билар, балиқ билмаса, холиқ билар», дейдилар. Ҳар қандай ҳолда ҳам яхшилик қилмоқ керак. Яхшилик қилиш Сизнинг ижодингизнинг ҳам, ҳаётингизнинг ҳам бош шиори бўлди. Фикрингизча, бу дунё қайтар дунё, яхшилик ҳам ёмонлик ҳам қайтади.

    Миллатимизнинг асл фарзанди Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон "Адабиёт чин маъноси ила ўлган, сўнган қаралган, ўчган, ярадор кўнгилга руҳ бермак учун, фақат вужудимизга эмас, қонларимизга қадар сингишган қора балчиқларни тозалайдирғон, ўткур юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви, хиралашган ойналаримизни ёруғ ва равшан қиладирғон, чанг ва тупроғлар тўлган кўзларимизни артуб тозалайдирғон булоқ суви бўлғонликдан бизга ғоят керакдир." деган эди. Бугун ана шу буюк адабиётимизни халқимизга тўла тўкис, аждодларимиз яратиб кетган бетимсол намуналарни безавол етказиб бериш ҳам зиммамиздаги улкан вазифа саналади. Миллатимизнинг дунё хобида борлигини билдирадиган улуғ инсонларимиз, алломаларимиз, шоирларимиз бисёрлиги кўнгилларга завқ бағишлайди. Аллоҳга шукурлар бўлсинки, миллатимизнинг асл фарзандлари бармоқ билан санарли эмас.

    Ҳар бир инсон юрагини фахр ва ифтихордан тошдириб, кўнгилларига чексиз шодлик улашадиган, фараҳли исмингиз хусусида айтгим келаяпти....Айтаверсам, айтаверсам, самимий меҳрга қорилган сўзларим тугамаса.....

    Мен ҳар айтилганда кўнгил дунёмни шодлантирадиган, қалбимга чексиз ғурур ва фахр бағишлайдиган Сизнинг номингизни кунда ўн бор эмас, юз бор эшитаман десам, сўзим муболаға бўлмайди. Сабабки, жондан азиз юртим, Ўзбекистонда Сизни исмингизни билмаганлар йўқлиги, шарафли номни ўз жигаргўшасига қўймоқни орзулаган инсонлар кўплиги юракларга севинч бағишлайди. Атрофдан Бобур, Бобуржон, Бобур ака деган сўзларнинг таралиши кўнгилга таскин беради. Айниқса, Андижондаги Сизнинг номингиздаги кутубхонага ҳар кирганимда, кўнглимдан мунаввар ҳислар ўтаверади. Кутубхона нурхона Сизнинг нафасингизни сезишимга, пок руҳингиздан куч олишимга ёрдам беради. Аслида, Сизнинг юртдошингиз бўлганим, менинг энг олий бахтим!

    Ҳа "...феъли-сажиясига кўра, Цезарга қараганда севишга арзигулик, манглайига юксак фазилатли инсон деб битиб қўйилган" инсон билан фахрланиш тенгсиз бахтлигини ҳис қилиш қанчалик сурурли эканлигини тан олиш нақадар ёқимли!

    Шоирим, сиз халқнинг бахт-саодати, фаровон турмуши, келажаги учун курашган, сарсон-саргардонликларга тўла ҳаётингизни ўз истеъдодингиз ила жозибали қила олган нодир зотсиз! 20 ёшингизда янги бир ёзув Хатти Бобурий алифбосини кашф қилганингиз, мусиқа илми билан шуғулланиб, "Чоргоҳ" мақомига савтлар битганингиз, солиқ ишларини тартибга солувчи "Мубаййин ал-закот" асарини шеърий йўлда ва аруз илмига бағишланган "Мухтасар" асарини ёзганингиз кўнглимда фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади.

    Оилада ота-онанинг фарзандга берган тарбияси унинг камолотида ҳал қилувчи роль ўйнаши айни ҳақиқат. Сизнинг отангиз Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онангиз Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эканлиги, онанинг ўқимишли ва оқилалиги, Сиз амирзодамнинг ҳаётингизда муҳим аҳамият касб этган.

    Падари бузрукворингизнинг Ахси қўрғонида жарга қулаб ҳалок бўлиши Сизнинг тож-тахт бошқарувини йигит ёшингизда қўлга олишингизга сабаб бўлди.

    Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим,

    Кўнглумдин ўзга маҳрами асрор топмадим.

    Кўнглим маъюсланади......Негадир айни онда Сизнинг шикаста овозингиз юрагимда жилваланади.....

    Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?!

    Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?!

    Ҳа чархи кажрафторнинг ишларини қарангки, Сиз дунёни ёзган ижод намуналарингиз билан лолу ҳайрон қилгансиз. Буни барчамиз ҳис қиламиз. Қалбинг тошиб кетаверади. Ўзингизнинг таъбирингизча, "Жалойи Ватан" бўлмоқлик дарди, яъни Ватандан жудо бўлиш азоби билан яшаган Сиз ҳазратдан Ватанни севишни ўрганмоқ лозимлигини англайман.... Айниқса, бир сўзли бўлмоқ, лафзда турмоқни намунасини Сиз олий ҳазрат сиймосида кўраман.... Шайбонийхон Самарқандни қамал қилиб, қайтиб келмасликка сўз берсанг, қамалдан соғ-омон чиқиб кетишингга рухсат бераман деган шарт қўйганида, Сиз ҳазрат эса фақатгина ортиқча қон тўкилмаслиги учунгина ушбу сулҳга рози бўлганингиз, Ватанга қайтмасликка, ўч олмасликка йигитлик сўзини беришингиз, Ҳиндистонда кучли давлат барпо этганингиздан кейин ҳам, ўз сўзингизга амал қилиб, Самарқандга юриш қилмаслигингиз ва йигитлик лафзини бажариш учун аҳд қилишингиз, суронли кечган жойда абадул абад қўнимгоҳ топишингиз аччиқ ҳақиқат.

    Хулоса…

    Ҳазрат асарларини ўқиб, бу чексиз уммонда Сиз шоири даврондан икки қоида одамзодга мерос бўлиб қолганини англаб етдим:

    — Яхшилик қилиш,

    — Мардлик;

    Бу қоидалар балки Яратган Роббимнинг бандалари олдига қўйган вазифаларидир…. Нима бўлганда ҳам бу қоидалар инсонни камол топишида муҳим аҳамият касб этиб, ҳаётининг олтин қоидасига айланишига замин бўлиб хизмат қилади. Яна кўнглим қўшиқ истайди. Бетакрор овоз сўз билан уйғунлашиб, юракларни сурурга тўлдиради.

    Қаро зулфинг фироқинда паришон рўзғорим бор,

    Юзунгни иштиёқида не сабру не қарорим бор.

    Лабинг бағримни қон қилди, кўзимдин қон равон қилди,

    Нечун ҳолим ёмон қилди, мен андин бир сўрорим бор.

    Мен шу сўзлар оҳангида оқиб борарканман, Сиздек дилбар шахсдан ҳечам кўнгил узгим келмайди….Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон тарихи, жўғрофияси ва маданияти учун қимматли манба ёзиб аждодларига қолдирган Сиз ҳазрат кўз ўнгимда доимо Ватан соғинчида, она юрт фироқида ўртаниб яшаган инсон сифатида гавдаланасиз. Ҳамиша юртга бўлган адоқсиз меҳрнинг кўламини Сиздан ўргангим келади. Ҳар сатрингизда Ватан ишқи, муҳаббати ҳар қандай жоҳил қалбни эритиб, жаҳолат кўчаларини маърифат нурлари билан ёритиб, ватанпарварликка, Ватан учун хизмат қилишга чақиришини ҳис қиламан. Неажабким, Сизнинг ижод уммонингизга кўмилганим сингари юрагим тўлқинланади. Сиз ҳазратнинг кўнгил сўзларингизни уққандек, истарали нигоҳларингиз оловини ҳис этгандек бўламан.

    "Ҳар кимки, вафо қилса, вафо топқусидур,

    Ҳар кимки, жафо қилса, жафо топқусидур.

    Яхши киши кўрмагай ямонлиғ ҳаргиз,

    Ҳар кимки ямон бўлса, жазо топқусидур".

    Қанийди мана шу назм гулшанида дур сўзларни териб юраверсам,юраверсам....сира тугамаса...Сизни топсам. Сизга ета олсам..

    Чўлпонини асрай олмаган, шоҳ шоирининг лафзига йўл топа олмаган, Ватанда Сиз каби яшамоқни орзулаган бир Мирзо болангизман....Биргина илинж кўнглимга Сўз чаманзоридан хуш насимлар эсдириб юрган дарвеш- ғарибингизман.

    Амирзодам, Сиз ҳамиша қалбимдасиз!!! Бугун Сизга дилимдагиларни айтиб, ғарибгина кўнглимни овутгим келди....

    Мирзоҳид Ботиров

    Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси,

    Халқаро Турон Ёзувчилар уюшмаси ҳақиқий аъзоси

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates