Соғлиқни сақлаш вазирлиги чанг-қумли бўрон юзасидан муҳим тавсиялар билан чиқди

    Саломатлик 5 ноябр 2021 2382

    Кеча юртимизда кучли шамоллар туфайли мавсумга хос бўлмаган чанг-қумли бўрон ҳодисалари кузатилганидан хабарингиз бор. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар ошди. 

    Гидрометеорология хизмати маркази прогнозига кўра, бугун, яъни 5 ноябрь куни ҳам Тошкент шаҳрида шамол тезлиги 5-10м/с, республикамизнинг бошқа жойларида эса 7-12м/с даражасига етиши қайд этилган.

    Хўш, мазкур ҳолатнинг саломатлигимизга қандай салбий таъсири бор? Ундан кимлар ва қандай ҳимояланиши керак?

    — Бундай вазиятда имкон қадар очиқ ҳавода юрмаслик зарур, — дейди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова. — Айниқса, бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик коньюктивит, томоқ қичишиши билан кузатиладиган йўтал, бронхит, бронхлар гиперреактивлиги ва бошқа нафас йўли сурункали касалликлари бор инсонлар ташқарига чиқмасликлари керак.

    Чунки бундай ҳаво таркибида чанглар билан бирга, ўсимлик чангчалари, замбуруғ споралари жуда катта концентрацияда бўлади. Шу боис хасталиклари бор кишилар шифокор маслаҳати билан аллергияга қарши дори воситалари дозаларини оширишлари лозим.

    Ним таъсир қилувчи тузли сув билан томоқ ва бурунларни чайиш, хоналарни ёпиқ сақлаш, хўл сочиқларни хоналарга осиш, каттароқ сиғимли идишларга сув солиб қўйиш зарур.

    Очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиб юриш ва уларни ҳар икки соатда алмаштириш шарт. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлишлари тавсия этилади.

    Шунингдек, агар юртдошларимизда ташқи муҳитдаги чанглар туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда қичишиш ва қизариш, томоқда кучли қичишиш, қичишиш билан кузатиладиган йўтал белгилари юзага келса, тезда аллерголог шифокорга мурожаат қилишлари лозим.

    — 3 ноябрь куни “Тез ёрдам” хизматига бўлган жами чақириқлар сони 3433 тани ташкил этганди, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр БЎРИБАЕВ. — Кеча эса бу кўрсаткич 4082 тага етди. Шундан 678 таси бевосита нафас сиқиши билан боғлиқ мурожаатлардир. Ушбу беморларга бригадамиз томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, маълум қисми госпитализация қилинди.

    Эслатиб ўтамиз, юртимиз аҳолиси бундай об-ҳаво шароитида зарурат сезганда, "103" хизматига мурожаат қилиб, туну кун сифатли тиббий ёрдам олишлари мумкин.

    Бундан ташқари, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда туман ва шаҳар бўлимларида зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган. Қолаверса, ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилган.

    Қолаверса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "1003" қисқа рақамли Саll-маркази фаолият кўрсатмоқда.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates