Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими “Коррупциясиз соҳа”га айландими?

    Саломатлик 27 май 2021 1956

    АОКАдаги матбуот анжуманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мутасаддилари мавзу бўйича батафсил ахборот берди:

    Бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга ошириш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда.

    Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 октябрдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ташкилий тузилмасида 5 кишидан ва ҳудудий бошқармалар таркибий-тузилмасида 2-3 кишидан иборат “Комплаенс, ички аудит ва молиявий назорат хизмати” ташкил этилган.

    Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони асосида Коррупцияга қарши курашиш агентлик вазирлик билан ҳамкорликда ҳар бир оилавий поликлиника ва шифохонанинг кириш жойларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган чақириқлар, «ишонч телефонлари» ва бошқа тарғибот материаллари жойлаштирилди.

    Коррупциянинг олдини олишга қаратилган чақириқлар, тарғибот материаллари тайёрланиб, ҳар бир оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ва шифохонанинг кириш жойларида жойлаштирилиши таъминланди.

    Соғлиқни сақлаш ходимларининг коррупцияга қарши курашиш маданиятини шакллантириш ва уларнинг шу соҳадаги билимини ошириш мақсадида “Соғлиқни сақлаш ходимлари учун коррупцияга қарши курашишга оид эслатма” тайёрланиб, тизим ходимларига тарқатилди. Тизимдаги коррупцияга оид ҳолатлар ҳақида тезкор хабар бериш учун “1203” қисқа рақамли «ишонч телефонлари» (Call-маркази) ташкил этилди.

    Тиббиёт муассаларида коррупциявий ҳолатларни олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида Агентлик ташаббуси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ўрганишлар такшил этилди.

    Жумладан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази (РИОваРИАТМ) Тошкент шаҳар филиалининг бир гурух ходимлари томонидан келиб тушган шикоят аризаси бўйича Агентлик ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан РИОваРИАТМ Тошкент шахар филиалида ўрганиш ўтказилди. Ўрганишда филиал директори Г.Хакимов томонидан қонун талабларига зид равишда ўзини ўзи “Торакоабдоминал хирургия бўлими” мудири ҳамда шу бўлимга онкохирург лавозимларига буйруқ асосида тайинлаб, 54 млн. сўм бюджет маблағларини қонунга хилоф равишда ойлик иш ҳақи сифатида ўзлаштирганлиги, 22 млн. сўм ижара тўловларини ундириш чораларини кўрмаганлиги, 2 млрд. сўмдан ортиқ бюджет маблағларини нотўғри сарфланганлиги, филиалда асосий турдаги дори воситаларининг мавжуд эмаслиги сабабли, аксарият беморлар томонидан ташқаридан дори-дармонларни олиб келаётганлиги ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

    Ўрганиш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар асосида прокуратура органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида “Комплаенс, ички аудит ва молиявий назорат хизмати” ташкил этилиши натижасида жисмоний ва юридик шахсларининг мурожаатлари, коррупцияга қарши курашиш ҳамда бошқа қонун хужжатларининг ижроси юзасидан вазирлик тизимидаги 395 та даволаш-профилактика муассасалари, корхона ва ташкилотларда бюджет ҳамда бюджетдан ташқари маблағларининг сарфланиши бўйича ўрганиш ва мониторинглар ўтказилган. Ушбу ўрганиш ва маниторинглар натижасида 2020 йилдан бугунги кунгача жами 50 млрд. сўмдан ортиқ молиявий хато камчиликлар аниқланган, шундан, камомад ва ўзлаштиришлар 7 млрд. сўмни, ноқонуний ва мақсадсиз харажатлар 12 млрд. сўмни ташкил этади, аниқланган хато ва камчиликларда етказилган зарарнинг 3 млрд. сўми ундирилган.

    Шу билан бирга аниқланган 12 млрд. сўмлик 135 та ўрганиш материаллари мансабдор шахсларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўришлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ҳамда 1,8 млрд сўмлик хато-камчиликлар бўйича 5 та ўрганиш материаллари Давлат молиявий назорати бош бошқармасига юборилган.

    Бундан ташқари, вазирлик тизимидаги тиббиёт муассасалари ҳамда корхона ва ташкилотларнинг харажат сметалари ва штат жадвалларини рўйхатга олиш даврида ўтказилган мониторинг натижасида 22,7 млрд. сўмлик ортиқча режалаштириш ҳолатларининг олди олинган.

    Аниқланган барча ҳолатлар юзасидан ўрганиш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ва тегишли идораларга юборилиши таъминланган.

    Ўрганишлар давомида тизимдаги республика ва соғлиқни сақлаш бошқармаларида қарашли 123 та даволаш профилактика муассасаларида ишлаб келаётган 882 нафар ходимлар томонидан қалбаки малака тоифа сертификатлари тақдим этилганлиги натижасида ходимларга 2015-2020 йиллар давомида бюджет маблағлари ҳисобидан жами 18 млрд. сўм иш хақи нотўғри ҳисобланиб, 16 млрд. сўм ортиқча тўловлар амалга оширилганлиги аниқланди ва ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорларга тақдим этилган.

    Шунингдек, Агентлик томонидан ҳудудий соғлиқни сақлаш муассалаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар бўйича ўрганишлар ташкил этилди.

    Унда, Андижон, Бухоро, Самарқанд вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси бўйича амалга оширилган ишлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

    Ўрганиш натижасида аниқланган тизимли муаммолар юзасидан қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди.

    1. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайтида тизимдаги барча вакант ўринлар ва уларга қўйилган талабларни мажбурий тарзда очиқ эълон қилинишини йўлга қўйиш. Бунинг натижасида очиқ ва шаффоф механизм яратилиб, коррупция хавфи пасайишига эришилади.

    2. Келгуси ўқув йиллари учун ўрта махсус тиббиёт ходимларини тайёрлайдиган тиббиёт коллежларига ажратиладиган қабул квоталари сонини мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш.

    3. Тиббиёт ходимларининг меҳнат унумдорлигини ошириш, тизимда ўзаро соғлом рақобат муҳитини юзага келтириш ҳисобига соҳа ривожланишига эришиш, шунингдек соҳада бозор механизмларини жорий этиш йўли билан иқтисодий самарадорликни ошириш, ажратилган бюджет маблағларининг талон-тарож этилишини олдини олиш мақсадида тиббиёт ходимларига бажарилган иш ҳажмидан келиб чиқиб иш ҳақи тўлаш тизимига ўтиш мақсадга мувофиқ. Бунда бажариладиган ҳар бир амалёт учун хизмат ҳақи белгиланади ва кўпроқ меҳнат қилган ходимлар кўпроқ моддий манфаатдорликка эга бўлади. Натижада, беморларнинг сарсон бўлишига йўл қўйилмайди ва тиббий хизмат сифати ҳам ўсади. Шунингдек, тизимда кўп кузатиладиган, бюджет маблағларининг талон-тарож этилишига сабаб бўлувчи “ўлик жонлар” иллатига ҳам барҳам берилади.

    4. Соғлиқни сақлаш тизимини (муассасаларни) молиялашда аҳоли жон бошига молиялаштириш тизимига ўтиш. Бунинг натижасида, тизимда ўзаро соғлом рақобат юзага келиши ва тиббий хизмат сифати ўсиши билан бир қаторда, бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфлаш, ўзлаштириш ёки талон-торож этилишига нисбатан кучли жамоатчилик назорати ҳам ўрнатилади.

    5. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган диагностика ва даволаш стандартларини илғор ҳорижий тажрибадан келиб чиқиб “Далилларга асосланган тиббиёт” (Evidence-based medicine) тамойиллари асосида қайта кўриб чиқиш ва самарали эканлиги клиник синовлар орқали илмий далиллар билан асосланмаган дори воситалари ва тиббий жиҳозларни диагностика ва даволаш стандартларидан чиқариб ташлаш. Стандартларни ишлаб чиқишда дори воситаларининг тижорий номларидан фойдаланишга йўл қўймаслик.

    6. Соҳада замонавий информацион технологияларни жорий этиш бўйича бошланган ишларни тўлиқ қайта инвентаризациядан ўтказиш ва соғлиқни сақлаш тизимидаги барча муассасалар фаолиятни ўзига қамраб олувчи, соҳа ходимлари ва фуқаролар учун қулай бўлган, илғор ҳорижий тажрибаларни ўзида акс эттирган ягона электрон платформа (база) стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш муддатларини аниқ белгилаш. Соҳада замонавий информацион технологияларни жорий этишни бирламчи вазифа деб белгилаш. Бунинг натижасида тизимда юзага келаётган кўплаб коррупцион омилларнинг бартараф этилишига эришилади.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates