Соҳил ўйинлари кейинги йилга қолдирилмоқда

    Спорт 12 июл 2020 1533

    Жорий йилнинг 28 ноябрь – 6 декабрь кунлари Хитойнинг Саня шаҳрида ўтказилиши керак бўлган Осиё соҳил ўйинлари кейинги йилга қолдирилмоқда, дея хабар тарқатди Осиё олимпия кенгаши сайти.

    Хабарда айтилишича, Хитой ҳукумати томонидан 2020 йили мамлакатда ўтказилиши белгиланган барча спорт мусобақалари бекор қилиниши ортидан қитъавий соҳил ўйинларининг ташкил этилиши сўроқ остида қолмоқда.

    Саня соҳил ўйинлари ташкилий қўмитасининг Осиё олимпия кенгашига йўллаган ахборотида кўрсатилишига кўра, 15 кун ичида Хитой олимпия қўмитаси ва тегишли давлат ташкилотлари билан келишувдан сўнг ўйинларнинг кейинги йил санаси эълон қилинади.

    Маълумки, Осиё соҳил ўйинлари илк бор 2008 йили Балида ўтказилган бўлиб, Ўзбекистон спортчилари ушбу мусобақаларда доимий тарзда иштирок этиб келмоқда. 2016 йили Ветнамнинг Да Нанг шаҳрида бўлиб ўтган соҳил спорт турлари бўйича Осиё ўйинларида мамлакатимиз спортчилари 3 олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалини қўлга киритиб, 41 та Осиё мамлакатлари орасида 15-ўринни эгаллаган эди.

    2021 йилга қолдирилаётган бу галги VI Осиё соҳил ўйинларида 2000 минг нафардан ошиқ спортчилар 19 та спорт турида ўз мамлакатлари шарафини ҳимоя қилиши белгиланган. Бироқ, мусобақа ташкилий қўмитасининг билдиришича, коронавирус касаллиги таъсирида келиб чиқаётган иқтисодий етишмовчиликлар натижасида спорт турлари ва иштирокчилар сонида ўзгаришлар бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

    Тўлқин РЎЗИЕВ.