Сўхликлар ҳаёт сифатини яхшилашдаги муҳим қадам қўйилди

    Фикр 13 август 2020 2998

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор имзоланди.

    Мазкур ҳужжат чорак асрдан буён турли синовларни бошидан кечириб келаётган, қийинчиликларни ўз фидоийлиги ва чидамлилиги билан енгиб ўтаётган Сўх халқининг ҳаёт тарзини тубдан яхшилашни назарда тутади. Бу эса ўз навбатида янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳотлар авваламбор инсон манфаатларига хизмат қилаётганлигининг яна бир бор исботидир.

    Сўх анклав эканлиги боис, ички ва ташқи омиллар таъсирида узоқ йиллар давомида туман атрофида «муаммолар занжири» пайдо бўлган. Сўхликлар эса унинг гирдобида қолиб кетаверган. Бунинг натижасида шу йилнинг май ойида Сўх туманида можаро юзага келди ва бу нохуш вазият барча муаммони тўла-тўкис намоён қилди.

    Сўх масаласида қарор қабул қилишда Ўзбекистон ҳукумати биринчи навбатда масалани ечишда чуқур таҳлил ва ўрганишларга таянди. Эътиборли жиҳати шундаки, муаммоларни юзага келиш сабаблари жойида, халқ билан елкама-елка турган ҳолда муҳокама килинди.

    Хусусан, вазиятни ўрганиш мақсадида Президент Ш.Мирзиёевнинг топшириғига асосан, Сўх туманига Ўзбекистон Республикаси бош вазири А.Арипов ва унинг ўринбосарлари ташриф буюрди. Кейинчалик ҳукуматнинг деярли барча вакиллари туманга ташриф буюриб, ўзларининг йўналишларига доир муаммоларни ўрганишди, халқ билан бевосита мулоқот қилишди.

    Эътиборли жиҳати шундаки, Сўх ҳудудида мавжуд қийинчиликлар ва улар сабабли юзага келаётган муаммоларга ечим шу маҳаллий аҳоли истак ва хоҳишларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида ишлаб чиқилди. Ушбу фикрлар эса якунда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорида ўз аксини топди.

    Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳужжат кенг қамровли масалаларни ўз ичига олган бўлиб аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, ҳамда сўхликлар ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, қарорда қуйидаги ваизфалар қўйилган:

    Биринчидан, муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш. Ҳукумат олдига аҳолини электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик суви ва канализация тизими билан таъминлаш вазифаси қўйилган.

    Бундан ташқари туман аҳолисини Фарғона вилояти ёки Ўзбекистонни бошқа ҳудудларига эркин бориб келишларини таъминлаш мақсадида Сўх-Фарғона авиақатнови йўлга қўйилмоқда. Ушбу мақсадда туманда самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончалари ташкил этилади. Бу лойиҳаларнинг бажарилиши бир томондан ҳудуд аҳолисининг кундалик турмушида қулайлик яратса, иккинчи томондан туман инвестицион жозибадорлигини ошириб, четэл сармояларининг кириб келиши ва янги корхоналар очилишига замин яратади.

    Иккинчидан, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш. Жумладан, Сўх тумани аҳолисига янги уй-жой қуришлари учун ипотека кредитлари ажратиш, жисмоний шахсларни ер ва мол-мулк солиғидан озод этиш ҳамда аҳолининг бир қисмини Тошкент шаҳрида йирик объектларда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларига тизимли равишда жалб қилиниш мўлжалланган. Бу ўз навбатида узоқ йиллар давомида сақланиб келаёьтган сўхликларни уй-жой билан боғлиқ муаммоларини бартараф этишга, шунингдек, ишсизликни камайтиришга олиб келади.

    Учинчидан, таълим соҳасини ривожлантириш. Хусусан 2020/2021 ўқув йилида республика олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шакли бўйича Сўхлик ёшлар учун 500 та давлат гранти асосида қўшимча қабул квотаси белгиланди. Бу ўз навбатида туман ёшлари орасида олий маълумотлилар сонини кўпайтириб, керакли кадрлар тайёрлашга замин яратади. Келгусида ушбу кадрлар туманда ўз фаолиятини давом эттириб, Сўхни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўз ҳиссасалрини қўшишади.

    Тўртинчидан, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш. Қарорда туманда тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар берилиши кўзда тутилган.

    Бундан ташқари якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи амалдаги қатъий белгиланган солиқ ставкасининг 50% миқдорида белгиланди. Тадбиркорлик ва бизнесни ривожлантириш биринчи навбатда аҳоли турмуш тарзини яхшилашга, янги иш ўринлари яратилишига ва туманни экспорт салоҳиятини оширишига олиб келиши муқаррар.

    Шу билан бир каторда Сўх тумани аҳолиси учун Фарғона вилоятининг Ёзёвон, Қўштепа, Бағдод, Риштон ва Бувайда туманлари ҳудудида деҳқончилик қилиш учун экин ер майдонлари ажратилади. Бу эса ўз навбатида Сўх аҳолисининг моддий фаровонлигининг ошишига олиб келади.

    Умуман олганда Президент Ш.Мирзиёевнинг ушбу қарори нафақат Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, балки Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида чегаравий савдо-сотиқ муносабатларини ривожлантириш ва дўстона қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш учун дастур амал бўлиб хизмат қилади.

    Бекзод Ражабов,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

    Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

    етакчи илмий ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates