Стартап лойиҳаларни бошқаришда “шаршара” ва “чаққон”методлари

    Илк савол: лойиҳангиз қатъий тартиб-қоидалар талаб қиладими?

    Ёшлар орасида стартап лойиҳаларни яратиш, айниқса, замонавий қурилмалар учун дастурлар ишлаб чиқиш оммалашиб боряпти. Оммалашяпти, деганимиз, бу иш жуда осонлиги ва уни исталган киши уддалай олишини англатмайди. Аслида, дастур ишлаб чиқиш ахборот технологиялари соҳасининг энг мураккаб йўналишларидан бири ҳисобланиб, бу инноваторлардан юқори билим ва изланишни талаб этади. Малакатимизда шу каби замонавий соҳаларнинг ривожланиб бораётгани эса сўнгги йилларда бунга кенг йўл очилаётгани билан боғлиқ.

    Масалан, бир неча йиллар олдин дастурчи, стартапчи, инноватор каби сўзлар бизга деярли ёд тушунчалар эди. Бу соҳаларда ўқитадиган таълим масканлари ҳам деярли йўқ, ўзбек тилида маълумотлар топиш маҳол бўлган. Қизиқувчилар кўпроқ хорижий курсларда таҳсил олиб, шунда ҳам тажрибасини ўзимизда қўллай олмаган. Ҳозир, аксинча, ёшларимиз орасида замонавий IT соҳаларини ўзимизда ўқиб, сўнг хорижда тажриба ошираётган, ҳатто, жаҳоннинг машҳур компанияларида ишлаётганлар сони ортиб боряпти. Ўзим ҳам Тошкент шаҳридаги Инҳа университетини тамомлаб, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи “Novalab Tech” ҳамда “EPOS Systems” IT компанияларига асос солганман. Жамоамизда 60 дан ортиқ киши меҳнат қилади ва улар ишлаб чиқарувчилар, веб-дизайнерлар, лойиҳа менежерлари ҳамда бизнес таҳлилчилардан иборат.

    Биз асосан дастурий таъминот яратиш, корхоналарга “POS” иловаси ёрдамида савдо жараёнини қўллаб-қувватлаш ва автоматлаштиришга кўмаклашиш билан шуғулланамиз. Ҳозирги кунда АҚШда фаолиятимни давом эттиряпман, бу ерда ҳам дастурий таъминот ишлаб чиқаришга асосланган янги стартап лойиҳамни бошлаш арафасидаман. Юртимиздаги иқтидорли ёшлар, дастурчиларни ўз лойиҳаларимга жалб қилиб, уларнинг имкониятларини дунё миқёсида намоён қилишни мақсад қилганман.

    Чунки бу соҳа мамлакатимизда яқин йилларда янада ривожланиб, унга қизиқувчи ёшлар янада кўпайиб боради. Юртимизда кечаётган жадал рақамлаштириш жараёнлари эса бундай кадрларга талабни ҳам оширмоқда. Биламизки, 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 баравар ошириш белгиланган. Бунда дастурий маҳсулотлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Боиси, худди шу стратегияда дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 баравар, уларнинг экспортини эса 10 баравар ошириб, 500 миллион АҚШ долларига етказиш вазифалари қўйилган.

    Бир-бирига қарама-қарши, аммо бирдек самарали

    Компъютер қурилмаларига инсоният томонидан биринчилардан яратилган ақлли технологиялардан бири сифатида қаралади. Аммо маълум муддат уларга нисбатан “қуруқ темир” атамаси ҳам ишлатилган. Қачонки, ушбу қурилмани ишга туширадиган асосий восита — дастурий таъминот яратилгач, унинг ҳақиқий қиймати ортди.

    Дастурий таъминот атамаси инглиз тилида “software” деб ҳам аталади. Бу компъютерда маълум бир турдаги вазифани бажариш учун ишлаб чиқилган воситадир. Яъни, дастурий таъминот деганда, ҳисоблаш техникаси воситалари билан маълумотларни қайта ишлаш тизимини яратиш ва улардан фойдаланиш учун қўлланиладиган дастурий ва ҳужжатли воситалар йиғиндиси тушунилади.

    Дастур яратиш ҳам стартап лойиҳанинг бир тури. Аниқроғи, бу лойиҳа ҳам ишлаб чиқариш жараёнидан, то амалиётга жорий этишгача бўлган босқичларни ўз ичига олади. Бу ғояга аниқлик киритиш, уни яратишга тайёргарлик, шакли, дизайни ва ҳар қандай икир-чикиригача ишлаб чиқиш бўлиши мумкин. Стартап лойиҳалар айнан шу босқичлардан ўтади. Ва босқичлар лойиҳа мазмун-моҳиятига қараб бошқача номланиши ҳамда кичикроқ босқичларга бўлиниши мумкин. Аммо асосийси, дастурий таъминот яратишда маълум бир бошқарув методологиясини танлаш муҳим аҳамиятга эга.

    Мен қатор халқаро компанияларда ишлаш давомида турли бошқарув методларини амалиётда қўлладим. Тажрибаларимдан айтишим мумкинки, ҳар қандай лойиҳа муваффақияти кўп жиҳатдан бошқарув методларига боғлиқ. Ҳозирги кунда улар орасида энг машҳур ва самарали бўлгани — бу “Waterfall” ҳамда “Agile” методалогияларидир.

    Хўш, уларнинг бир-биридан фарқи нимада, лойиҳани ишлаб чиқишда қай бирини танлаган маъқул, самарадорликка эришишда қайсиниси афзалроқ? Бу кўпроқ лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва даврийлигига боғлиқ.

    Аслини олганда, юқоридагиларнинг иккиси ҳам дастурий таъминот ишлаб чиқишда самарали, бироқ ҳар бири ҳар хил турдаги лойиҳалар учун мос келади. Уларнинг асосий фарқи жамоа билан ишлашда кўзга ташланади. Масалан, таржимаси “шаршара” маъносини англатувчи “Waterfall” методалогияси чизиқли иш тизими бўлиб, жамоадан лойиҳанинг кейинги босқичига ўтишдан олдин, айни вақтдаги босқични якунлашни талаб этади. “Agile” эса инглизчадан “чаққон” маъносига ишора қилади ва ушбу методалогия жамоани бир вақтнинг ўзида лойиҳанинг турли босқичларида ишлашга ундайди.

    Натижа ҳам, ҳамкорлик ҳам муҳим

    Сўнгги беш йилда мамлакатимизда юқоридаги бошқарув методларининг ҳар иккиси кенг қўлланилмоқда. Дастурчилар, IT компаниялар улардан бирини танлашда бир нечта омилларни ҳисобга олиши зарур. Илк савол: лойиҳангиз қатъий тартиб-қоидалар талаб қиладими?

    Агар ҳа, бўлса, демак бундай лойиҳани бошқаришда “Waterfall” методалогияси мос келади. Чунки бунда ҳар босқичнинг қатъий тартибларга эга экани уларнинг бажарилиши ва якуний натижани таъминлайди. Масалан, машина ишлаб чиқариш лойиҳасида натижа энг сўнггида кўрсатилади. Албатта, жараёнда барча талаб ва қоидаларга амал қилиниши зарур.

    “Waterfall” — таржимасидан келиб чиқиб, “шаршара модели” сифатида ҳам танилган. Беш босқични ўз ичига олувчи ушбу бошқарув механизми ҳар бир босқич натижаларини талаб қилади. Бунда лойиҳанинг бошланиши ва тугаши бошиданоқ харитада кўрсатилади ва қатъий белгиланган вақт жадвалига эга бўлади. Қолаверса, бундай методдан фойдаланиладиган лойиҳаларнинг бюджет маблағлари ҳам олдиндан белгиланган бўлади. Ушбу бошқарув тизими ўз лойиҳасини бошидан охиригача аниқ тасаввур қиладиган жамоалар учун жуда қулай.

    “Agile” методалогияси “Waterfall”нинг янада қаттиқ тузилишига жавоб сифатида ишлаб чиқилган. Натижада, лойиҳанинг анча қулай шакли юзага келди. Яъни, “Agile” методи анча мослашувчан. У турли йўналишларда тажриба ўтказиш учун мўлжалланган бўлиб, вақт жадвали лойиҳанинг ривожланишига кўра мослашиб боради. Бир гуруҳ хорижлик дастурчилар томонидан 2001 йилда ишлаб чиқилган “Agile Manifesto” электрон ҳужжатида айтилишича, “Ушбу методалогияда ишчи дастурий таъминотни бир неча ҳафтадан бир неча ойгача, имкон қадар қисқароқ вақтда етказиб бериши керак”. Яъни, аниқ вақт белгиланмайди. Яна бир жиҳати, лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида мижозлар ҳам иштирок этиши мумкин. “Agile” доим мослашишга очиқ, тажрибани рағбатлантиради, лойиҳанинг кейинги босқичларида ҳам йўналиш ўзгаришини маъқуллайди. Шу сабабли, бюджет ҳам мослашувчан бўлади.

    Мазкур методда турли босқичларни параллел равишда олиб бориш имкони, айниқса, IT компанияларга қўл келади. Чунки дастурий таъминот яратишда мижозлар билан доимий мулоқотда бўлиш ва кези келганида, лойиҳага ўзгартиришлар киритиш зарурати юзага келади. Шу боис, менинг компанияларимда лойиҳаларни ишлаб чиқишда асосан “Agile” методалогиясидан фойдаланилади. Бу бизга ишлаб чиқиш гуруҳи ва маҳсулот эгаси ўртасидаги алоқани яхшилашга ёрдам беради. Натижада лойиҳаларни ўз вақтида ва бюджет доирасида бажаришга эришамиз. Қолаверса, бу усул мураккаб лойиҳалар билан боғлиқ хавфларни камайтиради.

    Умуман олганда, ҳозирги кунда стартап яратиш жиддий ёндашув ва аниқ ҳисоб-китобларни талаб этади. Жараёнда турли методалогияларни қўллашни билиш муҳим. Акс ҳолда, катта бозор ва рақобат майдонида мижоз топиш ҳамда унинг ишончига кириш қийинлашади.

    Кўплаб маҳаллий ва халқаро лойиҳаларда ментор, эксперт сифатида иштирок этиб кўрдимки, Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар жуда кўп. Улар истиқболли стартап лойиҳаларини яратиб, амалиётда қўллашяпти. Замонавий соҳалар мамлакатимизда ишсизликни камайтиришга ҳам ҳисса қўшаётгани қувонарли. Ушбу йўналишда янги билимларни эгаллаб, амалиётда қўллаш эса хориж бозорига чиқаётган ёшлар сонининг янада ортишига хизмат қилади.

    Маъмур ҚОДИРОВ,

    “Novalab Tech” ва “EPOS Systems” IT компаниялари асосчиси

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 17.01.23, 10-сонида чоп этилган)

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates