Субтропик мевалар қироли

    Табиатда бу меванинг 10 дан ортиқ тури учрайди ва улар бир-биридан ранги ва мазасига кўра фарқланади.

    Агар ёқутдай товланувчи анорни қўлга олиб, шаклу-шамойлига эътибор қаратсангиз, унинг тожи қиролларнинг бош кийимига жуда ўхшаб кетади. Меваси табиий экологик тоза маҳсулот бўлганлиги боис ҳам бошқа мевалардан тубдан фарқ қилади.

    Анор юртимизда камида 2000 йилдан буён етиштириб келинади. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, соҳибқирон Амир Темурнинг дастурхонидан доимо анор меваси ўрин олган. Мирзо Бобур асарларида ҳам Марғилонда “Доно калон” ва “Саммон” навли анорларини таърифи ыайд ыилинган.

    Ўзбекистонда, хусусан, Фарғона водийсида етиштириладиган субтропик мева экинлари орасида анор етакчи ўринни эгаллайди.

    Шифобахш хазина

    Анор лотинча "гранатус" сўзидан таржима қилинганда, "уруғ" маъносини англатади. Унинг меваси 700 га яқин уруғ шаклидаги доначалардан таркиб топган. Табиатда бу меванинг 10 дан ортиқ тури учрайди ва улар бир-биридан ранги ва мазасига кўра фарқланади.

    Анорнинг вегетация даври 180-210 кун бўлиб, ёздан кузгача гуллайди ва сентябрь-октябрь ойларида пишиб етилади. У 3-4 ёшда мева туга бошлайди, 8-10 ёшдан тўлиқ ҳосилга киради, 30-40 йил давомида мева беради. Ҳосилдорлиги гектаридан 200 центнергача боради.

    Анорнинг ҳар қандай турида соғлиқ учун фойдали витамин ва минераллар бор. Мевасининг таркибида 19-20 фоиз шакар, 0,5-5 фоиз кислоталар, шарбатида эса шифобахш темир ва танин ҳамда пўстлоғи таркибида 32 фоизгача ошловчи моддалар мавжуд.

    Анор халқ табобатида доривор восита сифатида кенг қўлланилади ва халқимиз хуш кўриб истеъмол қилади. Абу Али ибн Синонинг дунёга машҳур тиббиёт қонунларида анорнинг шифобахшлиги шундай қайд этиб ўтилган: “Агар эрталабки нонуштада анор, тушликдаги таомда пиёз, кечда асал истеъмол қилишга одатлансанг, сенинг қонинг кўз ёшидек тоза ва тиниқ бўлади”. Анорнинг тиббиётда аниқланган бебаҳо сифатларидан яна бири унинг шарбати одам организмида, қонда эндокрионологик касалликлар ривожланишиниен олдини олади. Қонни тозалаш ва жигар-буйрак фаолиятини фаоллаштириш хусусиятларига эга. Бу мевани доимий истеъмол қилиш юракнинг соат каби мунтазам ишлашини таъминлайди.

    Юртимизнинг анорли боғлари

    Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 октябрдаги “Фарғона вилоятида анор етиштиришни кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори асосида, “Анор етиштирувчилар” уюшмаси, соҳа бўйича илмий марказ, агрофирма қошида мактаб ташкил этилди, Фарғона давлат университетида анорчилик йўналиши очилди. Ҳозир бу ерда юздан ортиқ талаба таҳсил оляпти.

    Олтиариқ туманида 380 гектар янги ўзлаштирилган ерларда анорзорлар барпо этилди. Ўтган йилнинг ўзида туманда етиштирилган 3 минг тоннадан ортиқ анор экспорт қилинди. Имкониятлар бу миқдорни тез орада икки-уч ҳиссага оширишга етади.

    Туманнинг Қизилтепа массиви ҳамда Марказий Фарғона ерларида 300 гектар майдонга янги анорзор боғлар ташкил этилиб 250 минг тупга яқин сара кўчатлар ўтқазилди.

    Ўзбекистон анори бўйича бренд яратиш, Фарғонанинг ўзида яқин йилларда анорзорларни 20 минг гектарга, олинадиган ҳосилни 216 минг тоннага етказиш, кўчатчиликни ривожлантириш, данаксиз анор навларини ўзлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар кўлами кенгайиб боряпти.

    Кейинги пайтда мамлакатимизнинг қатор ҳудудларида агрофирмалар пайдо бўлди. Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Гулистон, Сирдарё, Фаргона вилоятининг Қува, Бешариқ, Ўзбекистон, Данғара, Бувайда, Учкўприк туманларида, Жиззах, Самарқанд, Навоий вилоятларида анорчилик аҳоли томорқаларида экилиб, асосий даромад олиш манбаига айланиб бормоқда.

    Сурхондарё вилоятида ҳам анорчилик ривожи яхши. Айниқса, Шеробод туманидаги ишлар ҳар қанддай кишида ҳавас уйғотади. Ҳудуддаги 48 та маҳалланинг 33 таси анор етиштиришга ихтисослашганлиги ибрат олишга молик тажриба.

    Бу хайрли саъй-ҳаракатга “Фарғона анорчилик” МЧЖ агрофирмаси раҳбари Мастурахон Сайфуллаева ҳам ҳисса қўшаётганидан мамнунмиз. У анорчиликни илмий асосда ривожлантириш учун Тошкент давлат аграр университетининг вилоят филиалида таҳсил олаётган талаба қизлар ва тадқиқотчи аёлларни ишга жалб қилган. Маълумотларга қараганда, Музработ туманида 1500 гектар анорзор барпо этишга, бунлай майдонларни икки баробарга кенгайишига, шунингдек, Шеробод туманида йил якунига қадар анорзорларни 5000 гектарга етказиш, қўшимча 4000 минг иш ўрни яратиб, аёллар ва ёшларнинг бандлигини таъминлашга ўз маслаҳат ва амалий тажрибаси билан кўмаклашяпти.

    Олдинда турган вазифаларга келганда шуни айтиш керакки, анорчилик бўйича анъана бор, лекин илмий ёндашув етишмайди. Анор жайдари усулда парваришланади. Шу боис ҳар бир ҳудудга мос навларни яратиш, кўчатчиликни ривожлантириш соҳанинг энг долзарб вазифаси. Бу борада қуваликларнинг қаламчалар ёрдамида анор етиштириш тажрибасини қўллаш ҳам асқатиши мумкин.

    Қува қаламчаларининг афзалликлари

    Ўзбекистон Фанлар академияси геномика ва биоинформатика маркази лабороториясида in vitro технологияси ёрдамида анор кўчатларини уруғидан етиштириш усули яратилди. Йил давомида катта миқдорда яшил эксплантларни кўпайтириш орқали ҳар томонлама соғлом, вируслардан холи анор кўчатларини парваришлаш йўлга қўйилди.

    Аслида анор дарахтини 4 хил усулда: дони, қаламчаси, бачкиси ва палғама йўли билан кўпайтириш мумкин. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида анор кўчатлари асосан қаламчаларидан ҳосил қилинади. Улар қайси тупдан олинган бўлса, ўша навнинг асосий хусусиятлари, яъни, ҳосилдорлиги ва мева сифатининг кўрсаткичларини ўзида тўлиқ сақланиб қолади.

    Бугунги кунда мамлакатимизда асосан ширин-нордон таъмли “қизил пўчоқ”, “қора қайин”, “қозоқи”, “марварид” (янги), “ёрмозор-33”, “туяқуш”, “оқ анор”,“аччиқ анор”,“қойин анор” каби навлар экилади.

    Қувалик миришкорлар қаламчаларни анор барглари тўкилгандан кейин, кўмиш олдидан ҳар томонлама соғлом ҳосилли новдалардан кесиб тайёрлашади. Улар 50-100 донадан ва уч жойидан боғланиб, нави, олинган маскани, тайёрланган санаси ёзилган ёрлиқ боғлаб қўйилади. Боғламлар қиш даврида сизот сувлари паст бўлган ерга чуқурлиги 0,75-1,0 метр бўлган хандакларга кўмилади. Энг юқори қаватдаги қаламчалар ер сатҳи билан баравар бўлиши лозим.

    Баҳорда қаламчалар экилишидан олдин машина-механизмлар воситасида ер текисланиб, қайта шудгорланади. Бу тадбир томорқа ва дала ҳовлилардаги кичик майдонларда қўлда бажарилади. Қаламчаларни экишда вақт мезонига алоҳида эътибор қаратиш керак. Чунки анор эрта баҳорги ўзгарувчан ҳаво ҳароратига жуда сезгир ва таъсирчан бўлиб, тупроқ ҳарорати 10-12о С бўлиши меъёрий ҳисобланади.

    Экиш билан бирга сувни жилдиратиб қўйиб, эгат пушталари тўла захлагунча суғорилади. Бунинг натижасида қаламчалар атрофидаги тупроқ зичлиги ва намлиги ортиб, ниҳолларнинг илдиз чиқариши осонлашади.

    Об-ҳаво ва тупроқ шароитига кўра, қаламчалар йиллик ўсув даврида тахминан 10-12 марта суғорилади, қатор ораси тупроғи юмшатилади. Июнь ойидаги навбатдаги суғоришдан олдин гектарига 40-50 килограммдан соф азотли ўғит ва беш тоннагача яхши чиритилган гўнг берилса, тупроқ унумдорлиги ошиб сув ва ҳаво ўтказиши янада яхшиланади. Тўғри парвариш олиб борилганда анор дарахти тўртинчи йилга келиб ҳосилга киради. Яхши парвариш қилинган боғларда сентябрнинг иккинчи ярмида анор мевалари пишиб етилади.

    Айни кунда вилоятимиз ҳудудида анорнинг 12 та истиқболли нави паваришланмоқда. Ўтган йили биргина “Фарғона анорчилик” МЧЖ агрофирмасида Қува тажрибаси асосида 200 минг тупдан ортиқ анор кўчат қаламчалари тайёрланди. Тез орада анорчилик йўналишида иш олиб бораётган хўжаликларга 3 миллион дона ана шундай кўчатлар етказиб берилади. Боғбонлар ўз томорқаларида ва фермерлар ўз хўжаликлари далаларида ҳам анор қаламчаларини тайёрлашни йўлга қўйишганки, бу борада муаммо кам.

    Анорчиликда заҳматли бир жараён бор. У совуққа унча чидамсиз экин бўлгани учун кузда тупроқ билан кўмиш ва баҳорда очишни тақозо қилади. “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 6 июлдаги сонида босилган “Фермербоп ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги техникалари” мақоласида ўзбекистонлик муҳандис-конструкторлар томонидан ана шу жараённи техника ёрдамида амалга оширувчи воситалар яратилибди, ишлаб чиқаришга тавсия этилибди. Буни ўқиб, анорчилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўнлаб йиллаб тадқиқот олиб борган, уларни амалиётга жорий қилиб енлаётган олим сифатида жуда мамнун бўлдим. Демак, миришкорларнинг анор ва бошқа мевали дарахтларни кўимиб-очиш билан боғлиқ юмушлари тўла енгиллашади.

    Анорчилик — сердаромад соҳа. Эндиликда анорчилик бўйича яратилган азалий анъаналарни илмий асосда ривожлантиришимиз, талабаларимизни замонавий дарсликлар, лабораториялардаги тадқиқотларда таҳсил олишларини ташкил этишимиз, ҳудудларнинг иқлимига мос келадиган навларни кўпайтириб, улардан ҳар бир хонадонда серҳосил мева бериши устида янада белни маҳкам боғлаб ишлашимиз керак бўлади. Зеро, ҳар бир соҳа каби анорчиликнинг истиқболи ана шу вазифаларни сифатли ҳамда ўз вақтида сидқидилдан бажаришимизга боғлиқ бўлади.

    Одилжон ИБРОҲИМОВ,

    Фарғона политехника институти профессори,

    қишлоқ хўжалиги фанлари доктори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates