Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Мазкур ҳужжатга кўра, Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекс ва Маъмурий суд ишлари бўйича кодексларга ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилмоқда.
Ўзгаришларга мувофиқ, суд муҳокамаси иштирокчиларига суд маълумотларини ошкор қилмаслик бўйича мажбурият юкланади ва бу талаб бузилган тақдирда жиноий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилган.
Қонун лойиҳаси қабул қилингач, суд жараёнлари давомида иштирокчиларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотлар ҳимояси мустаҳкамланади, суд иши жараёнида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилади. Шу билан бирга, ушбу ўзгаришлар мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги нуфузини оширишга хизмат қилади.