Суд қарори нега ижро этилмаяпти?

    Ижтимоий ҳаёт 8 сентябр 2023 1608

    Ёхуд хонавайрон қилинган қўқонлик тадбиркор хусусида

    Таҳририятимизга Фарғона вилояти, Қўқон шаҳар, Мисгарлик кўчаси, 79-уйда истиқомат қилаётган Марҳабо Раҳимова ариза билан мурожаат қилди. Айтишича, Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 2023 йил 19 апрелдаги ҳал қилувчи қарорига кўра, фуқаро фойдасига ундирилиши белгиланган 3 миллиард 814 миллион 562 минг сўм конпенсация маблағлари Қўқон шаҳар ҳокимлиги томонидан шу кунга қадар тўлаб берилмаган.

    Масалани ўрганиш мақсадида Марҳабо Раҳимов хонадида бўлдик. Қарийб ўн уч йилдан буён бир можаро ортидан сарсон бўлган, хақсизлик изтиробида беморлик орттириб олган мушфиқ она, ўз ҳақ-ҳуқуқи йўлида адолат истаб юрибди.

    — Ўзим тўқувчи бўлганман, турмуш ўртоғим эса ошпаз бўлиб ишлаган. Мамлакатимизда тадбиркорлик, ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлардан руҳланиб, топган-тутганимизни жамлаб, Қўқон шаҳар, Моворауннаҳр ( собиқ Уста бозор) кўчаси, 1-уйда умумий майдони 9292,0 кв.м бўлган жойда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчаси бино ва иншоотларини қурдик. 2010 йилда Қўқон шаҳар ҳокимнинг қарорига асосан шаҳар кўчаларида ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида барча бино ва иншоотларимиз ўрнига бошқа ер майдони ажратиб берилиши ваъда қилиниб, бузиб ташланди.

    Муаммо ана шундан кейин бошланди. Ҳокимият томонидан ваъда қилинган ер майдони узоқ муддатли оворагарчилик, югур-югурлардан сўнг, 2013 йилда ечим топгандек бўлди. Шаҳар ҳокимининг, 2013 йил 536-сонли қарори билан М. Раҳимовага Қўқон–Фарғона йўли бўйида иссиқхона қуриш шарти билан ер майдони ажратиб берилди. Бундан руҳланган оила дарҳол тегишли хужжатларни расмийлаштириб, қурилиш бошлаётган чоғида ернинг бошқа эгаси борилиги аниқланди. Ер “Универсалбанк” ХАТБга тегишли бўлганлиги сабаб шаҳар ҳокимининг қарори суд қарори билан “ҳақиқий эмас” деб топилиб, бекор қилинди. Раҳимова яна ҳеч нимасиз қолди.

    — Шундан буён на ер, на компенсация беришди, — дейди Марҳабо опа кўзга инган ёшларини артиб. — Мавжуд муаммони ҳал этишга амалий ёрдам сўраб ҳокимият, ҳуқуқ-тартибот идораларига бир неча бор оғзаки ва ёзма мурожаатлар қилдим. Ҳаммаси масаланинг ижобий ечим топилишига ваъда беришди. Амалда эса ҳеч нарса ўзгармади.

    Марҳабо опа адолат истаб, ниҳоят фуқаролик судига мурожаат қилди. Даъвогар қайд этган масалалар юзасидан олиб борилган узоқ муддатли ўрганишлардан сўнг фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро фуқаролик судининг 2023 йил 19 апрель кунги ҳал қилувчи қарорига кўра, фуқаро Марҳабо Раҳимова фойдасига Қўқон шаҳар ҳокимлигидан 3 814 562 000 минг сўм ундириш ҳақида қарор қабул қилинди ва у тегишли муддат ўтиб қонуний кучга кирди.

    Бир қараганда, масалага қонуний ечим топилди. Ер, мол-мулки бузилган фуқарога компенсация ундириладиган бўлди. Аммо орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, суд қарори билан белгилаб берилган маблағ ҳанузга қадар ундириб берилмаяпти. Нима учун?

    Асосий масала шундаки, шаҳар ҳокимлиги ҳисоб-рақамида бунча миқдорда маблағ йўқлиги билан боғлашмоқда мутасаддилар. Фуқаро суд қарори ижросини таъминлашда амалий ёрдам беришини сўраб Мажбурий ижро бюроси Қўқон шаҳар бўлимига ҳам юзланди.

    — Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг қарздор Қўқон шаҳар ҳокимлигидан ундирувчи М. А.Раҳимова фойдасига мавжуд қарздорлик ундириш ҳақидаги 20.04.2023 йилги ижро ҳужжати бюронинг Қўқон шаҳар бўлимига 20.05.2023 йилда келиб тушган ва мажбурий ижрога қаратилган, — дейди Мажбурий ижро бюроси Қўқон шаҳар бўлим бошлиғи К. Эшонхонов. — Қарздорнинг мол-мулкини аниқлаш мақсадида “MIB PORTAL” электрон дастури орқали сўровнома юборилган ва олинган жавобларда қарздорга тегишли бўлган барча мол-мулкларга тақиқ солинган. Ижро ҳужжати ижросини таъминлаш учун Қўқон шаҳар ҳокимлигига тегишли тартибда алоқа хатлари юборилган. Қўқон шаҳар ғазначилик бўлинмаси томонидан шаҳар ҳокимлигининг барча бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармалари шахсий ҳисоб рақамларининг чиқиш қисмига тақиқ қўйилган бўлиб, қарздордан компенсация пулларини ундириш чоралари кўрилмоқда. Лекин пул маблағлари тўланмаяпти. У келиб тушса, ҳақдорнинг ҳисобига ўтказиб берамиз...

    Фарғона вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармаси эса ушбу қарздорликни қоплаш юзасидан Қўқон шаҳар ҳокимлиги томонидан вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги марказлаштирилган жамғарма кузатув Кенгашига асослантирилган ҳужжатлар билан мурожаат этмаганлигини иддао қилиш билан бирга, марказлаштирилган жамғарма қолдиқ маблағлари бор-йўғи 0,5 миллион сўмни ташкил қилаётганлигини баён қилмоқда. Шундай қилиб, ҳокимият жабрланувчига “жамғарма”лар пул ажратса берамиз, дейишдан нарига ўтгани йўқ. Мажбурий ижро томонидан хатловга олинган автомашина ва мол- мулкларни сотувга қўйишни ҳеч ким хоҳламаётган кўринади.

    Хуллас, гап кўп, амалда эса ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Марҳабо Раҳимова суд қарори доирасида ўзига етказилган зарарни ундириб олгунча Қўқон шаҳар ҳокимияти, мажбурий ижро бюроси, ғазначилик ўртасида кўп ва хўп сарсон бўладиган кўринади.

    Расулжон КАМОЛОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates