Суд тизимида ўзгаришлар: 2024 йил 1 январдан апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари жорий қилинади

    Ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят ёки протест бериш муддати йигирма суткадан ўн суткага қисқартирилмоқда.

    Бу ҳақида АОКАда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов иштирокида ўтказилган брифингда маълумот берилди.

    Бу сўнгги йилларда судлар фаолияти босқичма-босқич такомиллаштириб борилаётгани, соҳадаги ислҳотларнинг бир қисми экани таъкидланди. Хусусан, 2023 йил 27 сентябрда “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилингани алоҳида аҳамиятга эгадир.

    Ушбу қонунга кўра, суд ҳукмлари, ажримлари, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг умумий шартлари такомиллаштирилди. Жумладан, 2024 йил 1 январдан апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларини жорий қилиш белгиланди.

    Биринчи инстанция судининг ҳукмлари, ажримлари устидан дастлаб апелляция тартибида, агар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, қонуний кучга кирган ҳукмлар, ажримлар устидан кассация тартибида шикоят ё протест бериш, апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган жиноят ишлари бўйича чиқарилган ҳукмлар, ажримлар устидан эса, тафтиш тартибида шикоят ё протест бериш, шунингдек, тафтиш тартибида такроран шикоят ё протест билдириш юзасидан илтимоснома билан мурожаат қилиш имкони яратилмоқда.

    Бундан ташқари, ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят ёки протест бериш муддати йигирма суткадан ўн суткага қисқартирилмоқда. Шунингдек, жиноят ишини кассация ва тафтиш тартибида кўриш натижалари юзасидан янги оқлов ёки айблов ҳукми чиқариш ваколатлари берилмоқда.

    Муҳими шуки, ана шу янгиланишлар натижасида судда ҳар бир иш бўйича якуний хулосага келишга эришилади.

    Айтиш керакки, қонунга киритилган ушбу ўзгартиришларга мувофиқ, тафтиш тартибидаги шикоят ёки протест туман (шаҳар) судларида апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлар, ажримлар устидан, шунингдек, туман (шаҳар) судлари томонидан кўрилган иш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларининг апелляция ёки кассация тартибида чиқарилган ҳукмлари, ажримлари устидан Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларига берилса, туман (шаҳар) судларининг апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари устидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция бўйича чиқарилган ҳукмлар, ажримлар ва улар юзасидан чиқарилган апелляция ёки кассация инстанциясининг ҳукмлари, ажримлари устидан эса, Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.

    Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Бош прокурор Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлари, ажримлари устидан Олий суднинг Раёсатига тафтиш тартибида такроран кўриб чиқиш учун протест билдиришлари мумкин.

    Бу ҳуқуқ маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек, жабрланувчи, унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакилларининг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан, оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили ҳамда ишда тараф бўлмаган шахсларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан илтимосномаларини кўриб чиқиш натижалари бўйича таъминланади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates