Судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш ҳамда судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш вазифаси ҳам бор эди.
Суд тизимига етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлаш ҳамда судьялар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмаганлиги бу борадаги ишлар шаффофлигининг етарлича таъминланмай қолишига сабаб бўлмоқда. Суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш талаб этилмоқда.
Суд тизимини малакали ва ҳалол пок кадрлар билан тўлдириш, суд органларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги ПФ-5729-сон фармони билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 7 декабрдаги ПФ-6127-сон фармони қабул қилинган эди.
Мазкур ҳужжатга асосан, судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқи механизмларни яратиш;
- судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш;
- судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш;
- судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш.
Шу билан бирга мазкур фармон билан Суд ҳокимияти мустақиллигини янада кучайтириш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш ҳамда тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланган. Чора-тадбирлар режаси 6 та йўналишдан иборат бўлиб, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш ва тизимда коррупциянинг олдини олиш, малака ҳайъатларини қайтадан шакллантириш, судьялик лавозимларига танловнинг ошкоралиги ва очиқлигини таъминлаш, судьялар фаолиятини баҳолаш мезонларини такомиллаштириш, судьялар ва суд фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш ҳамда судьялик лавозимига тайинлашга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган тадбирлардан иборатдир.
М.Муҳитдинов,
Д.Хайруллаева,
Тошкент туманлараро
иқтисодий суди судьялари









