Соат тонгги 6:30 да телефоним жиринглади. Қўққис қўнғироқдан юрагим ҳапқириб турдим, гўшакни кўтарсам, кимдир адашиб тушибди. Хотиржам бўлиб ўрнимга ётдим. Уйқум ўчиб кетди, қанча уринсам ҳам қайтиб ухлолмадим. Туриб хонани бир муддат айландим, қаҳва дамлаб, дераза ёнидаги иш столимга ўтирдим. Нимадир ёзишга уриндим, бўлмади.
Илиқ шаббода ярим очиқ дераза пардасини оҳиста силайди. Кимдир ширин уйқуда, кимдир бирор юмуш билан йўлга отланмоқда. Туни билан тинмаган машиналар овозига бошқа шовқинлар ҳам қўшила бошлайди. Шаҳарда ҳаёт жонланади.
Ташқарига маъносиз қараб ўтирар эканман, катта йўл четини тозалаётган ободонлаштириш ходимига кўзим тушди. Кейин беихтиёр ишини кузатиб ўтирдим. Орадан қанча вақт ўтганини билмайман, лекин унинг астойдил ишлаётгани, йўл бўйидаги ариқларни ҳам қиртишлаб тозалаётгани диққатимни тортди. Атрофида ҳеч ким йўқ, ҳеч ким тепасида туриб иш буюрмаяпти (одатда тепасида кимдир туриб ишлатса, шунақа меҳнат қилишади).
Унинг ўз уйини тозалаётгандек берилиб ишлашини деразадан томоша қилиш ўзимга нашъа қилди ва яна битта қаҳва дамлаб, пастга тушдим. Яқинлашиб, салом бердим ва қаҳвани унга узатдим.
Саломимга алик оларкан, озгина орқага тисарилиб, савол мазмунида менга қаради.
— Ҳорманг, чарчамасдан ишлаяпсизми?
— Бор бўлинг, раҳмат, ўғлим, — деди ёшлари элликлар атрофидаги аёл устидаги тўқ сариқ кийимига ёпишган чангларни қоқар экан.
— Саҳарлаб ишга чиқибсиз-да, эртароқ ишни тугатиб кетасизми? — дедим уни суҳбатга тортиш учун.
— Йўқ, — деди аёл, — кун бўйи ишлаймиз, лекин эрталабки иш унумли. Қолаверса, одамлар қўзғалгунча шаҳар тоза бўлса яхши-да, — дея яна ишига уннади.
“Қаҳвани ичиб олинг иссиғида, опа. Кейин давом эттираверасиз”. Ҳам илтимос, ҳам илтифот оҳангидаги ушбу таклифимдан сўнг иккаламиз йўл бўйидаги ўриндиққа ўтирдик ва суҳбатимиз давом этди. Англаганларим шу бўлдики...
Фаррошлар — шаҳарнинг нафаси. Олаётган нафасимиз қанчалик зарур ва керакли бўлса, шаҳар учун фаррошлар ҳам шунчалик муҳим! Уларсиз шаҳар ҳаётини тасаввур этиб бўлмайди. Ҳар бир тоза кўча, боғ, хиёбон ва жамоат жойи уларнинг бир қарашда кўзга кўринмасдек, лекин машаққатли меҳнати эвазига сақланмоқда.
Бирортасининг бир кун ишга чиқмаганини ўша ҳудуднинг аҳволидан билса бўлади. Агар уларнинг ҳаракати ва меҳнати бўлмаса, шаҳарнинг турмуш тарзи, кўриниши ва одамларнинг руҳий аҳволи ҳам бузилиши мумкин. Ҳа, тўғри ўқидингиз, одамларнинг руҳий аҳволи ҳам бузилади. Мақолада бу масалага алоҳида тўхталамиз.
Зулайҳо опа эрта саҳардан ўрнидан туриб иссиқ чой дамлайди, нонушта қилади. Қолганини тартиблаб, устини ёпиб, кийиниб кўчага чиқади.
У ободонлаштириш бошқармасида фаррош бўлиб ишлайди. Ҳар куни соат 6:30 да уйғонади. Эри инсульт бўлган, ўғли чет давлатда, қизлари турмушга чиққан. Ҳар кунги юмуши — кўчаларни супуриб, тозалайди. Қишнинг қаттиқ совуғида бўладими, ёзнинг жазирамасими, фарқи йўқ, ўз вазифасини астойдил бажаради. Унинг иш ҳақи эса арзимас — ойига 2,5 миллион сўм атрофида. Бу пул билан уй-рўзғор, дори-дармон, электр, сув, газ ҳақини тўлаш — ўзига хос математика.
Қайноқ қаҳвадан ҳўплар эканман, Зулайҳо опанинг қадоқ қўлларига кўзим тушди-ю, компьютер тугмачаларини босишдан нарига ўтмай, нозиклашиб кетган қўлларимни бекитдим.
Камситиш ва бузилган ижтимоий адолат
Ҳар қандай жамиятда камситиш ва ижтимоий адолатнинг бузилиши, энг аввало, унинг энг заиф қатламларига тааллуқли бўлади. Негадир одамлар фаррош, кунлик ишчи, кўча супурувчи, тозалик хизматчилари каби қатламларга қандайдир беэътибор муносабатда бўлади. Баъзи ҳолларда эса фаррошлар ҳақоратлар, беҳурмат муносабатларга учрайди. Аксариятимиз кўчамизни тозалагани учун ўша фаррошга ҳеч қачон миннатдорлик билдирмаймиз, балки кўчанинг тозаланмагани ёки турли чиқиндилар борлиги учун танбеҳ берганимиз бор гап.
Таҳлилларга кўра, меҳнат бозорида ушбу қатламнинг имкониятлари чекланган. Фаррош, кунлик ишчи ёки тозалик хизмати ходими учун йиллик истироҳат, қўшимча рағбатлантирув, касбий ривожланиш имконияти деярли йўқ. Энг ёмони — уларнинг иш ҳақи ҳам турмуш учун етарли эмас.
2023 йил якунлари бўйича тайёрланган ҳисоботларга кўра, мамлакатимизнинг айрим шаҳарларида тозалик хизматчиларининг ойлиги 1,5-2 миллион сўм атрофида бўлган. Бу маблағ билан оила боқиш, фарзанд ўқитиш, коммунал тўловларни тўлаш, зарур бўлганда тиббий харажатларни қоплашни ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг.
Қолаверса, жамиятдаги ижтимоий имтиёзлар ҳам улар учун деярли мавжуд эмас. Жамоат транспортида бепул юриш, фарзандларини болалар боғчасига навбатсиз ё қандайдир имтиёз билан қўйиш, мактабга қўшимча ёрдам, тиббий суғурта — буларнинг аксари ушбу қатлам учун йўқ ёки жуда оғир шартларда.
...Зулайҳо опа билан шулар ҳақида суҳбатлашиб ўтирар эканмиз, йўл четида ҳозиргина йиғиб қўйган чиқинди уюмидан норози бўлган бир ҳайдовчи уни ҳақорат қилиб ўтиб кетди, опа жим.
— Фақат кечқурун уйга бориб кўзимга ёш келади, — дейди Зулайҳо опа. — Чунки оила боқаман, турмуш ўртоғим соғ пайтида аҳволимиз анча яхши эди. Ҳозир ҳам ёмон эмас, у даражада нолийдиган, оч қоладиган аҳволда эмасмиз. Топганим рўзғорга етиб туради. Лекин жамиятимизда, атрофимизда мана шунга ўхшаган инсонларнинг кўплигидан юрагим эзилади.
Энг оғири — эътиборсизлик
Фаррош ва кунлик ишчиларга эътибор ва муносабатни ўзгартириш фақат меҳр-мурувват эмас, жамиятдаги умуминсоний қадриятларни тиклаш масаласи ҳамдир. Ҳар қандай тоза шаҳар ортида бир инсоннинг қадоқ қўли ва юраги турганини англаш, унга эътибор қилиш ҳар бир фуқаронинг виждон вазифасидир.
Зулайҳо опа билан бир соатлар атрофида суҳбатлашдим. Шу вақт ичида иш кўлами, яратилган шароитлардан нолимади. Тўғри, ўйнаб-кулиб пул топадиган иш эмас, лекин ҳақиқий меҳнат, қалб билан дардлашиб ишлайдиган жараён экан.
Қуёш бош кўтариб, одамлар кўпайганда опа билан хайрлашиб, уйга кирдим. Ишхонага етиб келганимда ҳам Зулайҳо опанинг гаплари, фикрлари қулоғим остида жаранглайверди.
Жамиятда ушбу қатламга нисбатан муносабатни ўзгартириш учун, аввало, уларнинг меҳнатини тан олиш, қадрлаш ва очиқ эътироф этиш керак, назаримизда. Масалан, Хитойнинг баъзи шаҳарларида фаррошлар учун алоҳида “Қаҳрамонлар куни” ўтказилади ва улар шаҳар раҳбарияти томонидан эътироф этилиб, турли совғалар билан тақдирланади.
2022 йилда Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида шаҳар тозалик хизмати ходимлари учун янги турдаги ижтимоий ҳимоя дастури ишлаб чиқилган. Унда уларга йиллик тиббий кўрик, фарзандлари учун таълим имтиёзлари ва маоши билан бирга рағбатлантириш тўловлари ҳам белгиланган. Натижада жамиятда уларнинг нуфузи ошиб, эътибор кучайди.
Фаррошлар ҳақида ижтимоий фикрни ўзгартириш фақат давлатнинг эмас, балки ҳар бир инсоннинг маънавий бурчидир. Агар жамият ҳақиқий тенглик ва инсонийликни тарбия қилмоқчи бўлса, биринчи навбатда, шундай қатламларни қадрлашдан бошлаши керак.
Хаёлимдан ўтган шу фикрлар билан мамлакатимизда ободонлаштириш бошқармалари ходимларининг моддий-техник таъминоти, маънавий жиҳатдан қанчалик таъминлангани тўғрисидаги маълумотлар билан қизиқдим. Шу пайтгача соҳада малакали кадрлар етишмаслиги, уларни моддий рағбатлантириш вa ижтимоий таъминлаш паст даражада экани, шунингдек, таъсирчан жамоатчилик назорати йўқлиги қатор муаммоларга сабаб бўлиб келаётган экан.
Президентимизнинг 2019 йил 4 июндаги ҳамда 2021 йил 2 апрелдаги тегишли қарорларида ободонлаштириш бошқармаларининг куч вa ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларнинг ишини оптималлаштириш, қўл меҳнатини камайтириш, шунингдек, ободонлаштириш соҳасидаги ишларни ташкил этишни такомиллаштиришнинг асосий вазифа вa йўналишлари белгилаб берилган.
Мазкур қарорлар бўйича қилинган ишлар натижалари билан қизиққанимда қуйидаги маълумотларга дуч келдим. 2020-2024 йиллар даврида туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларини махсус техника вa механизмлар билан жиҳозлаш параметрлари қабул қилиниб, 1423 та техника вa механизм харид қилиниши белгиланган. Шундан 2020-2022 йилларда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1039 та техника вa механизм харид қилинган. Бунинг учун 374,9 миллиард сўм йўналтирилган.
Ободонлаштириш ходимларига муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларни моддий рағбатлантириш вa ижтимоий муҳофаза қилиш ҳам мазкур ҳужжатларда белгилаб берилган. Хусусан, 2020 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларнинг шаҳар, туман ободонлаштириш бошқармалари ходимлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш тармоқ тариф сеткаси миқдорлари Тошкент шаҳри туман ободонлаштириш бошқармалари ходимлари учун назарда тутилган миқдорлар билан тенглаштирилган, республиканинг шаҳар вa туманлар ободонлаштириш бошқармалари ишчи-ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи 40-50 фоизгача оширилган.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган ободонлаштириш ҳамда Мустақиллик майдонини кўкаламзорлаштириш бошқармалари ходимларига ҳар ойда лавозим маошининг 30 фоизи миқдорда устама ҳамда вилоят марказлари, вилоят бўйсунувидаги шаҳар вa туман ободонлаштириш бошқармалари ходимларига ҳар ойда лавозим маошининг 15 фоиз миқдорида қўшимча устамалар белгилангани одамни хурсанд қилади, албатта.
Шунингдек, шаҳар, туман ободонлаштириш бошқармалари ходимларига ҳар ойда қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида овқатланиш учун компенсация пуллари тўлаш тартиби белгиланган.
Мазкур маълумотларга кўзим тушиб, Зулайҳо опанинг ўз иш шароитидан нолимагани, фақат одамларнинг уларга нисбатан муносабатидан кўнгли бир оз оғришини ¬айтгани ёдимга тушди.
Албатта, ҳар бир ишнинг самараси ва натижаси таққосларда намоён бўлади. Шундай экан, инсонийлик юзасидан бу соҳа вакилларига бошқа давлатларда муносабат қандай экани билан қизиқдим.
Тозалик — жамият маданияти белгиси
Япония — ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иш шароитларини яхшилаш борасида етакчи давлатлардан бири. Кунчиқар юртда фаррошлар ва кунлик ишчилар меҳнати кўпинча юқори технологиялар билан таъминланган, ижтимоий ҳимоя тизими мустаҳкам. Ишчилар учун ҳуқуқий меъёр ва қонунлар, жумладан, иш ҳақи ва ишлаш шароитига оид тизим жуда ривожланган.
Бу юртда шаҳарларни тозалаш билан шуғулланадиган фаррошлар учун самарали тизимлар ва жаҳон андозаларига мос келувчи санитария хизматлари мавжуд. Ишчиларнинг самарадорлиги юқори ва уларнинг иш шароити мунтазам равишда текширилади. Шунингдек, иш ҳақи ва ижтимоий ҳимоясига катта эътибор қаратилади.
Швеция ижтимоий адолат, ишчиларнинг ҳуқуқлари ва меҳнат шартларини доимий яхшилаши билан машҳур. Бу давлатда фаррошлар ва кунлик ишчилар учун юқори ижтимоий таълим ва қонуний ҳимоялар мавжуд, қўшимча ҳуқуқлар ҳам бор. Мисол учун, уларга яхшигина нафақа, таътиллар ва ўзига хос соғлиқни сақлаш хизматлари берилган. Шунингдек, ишчиларнинг шахсий вақтини ҳурмат қилишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ҳиндистонда эса фаррошлар ҳамда кунлик ишчиларнинг ишлаш шартлари катта ва кичик шаҳарлар орасида сезиларли фарқ қилади. Меҳнат шароити ва иш ҳақи паст бўлган ёки нотўғри ишлаш шартларига эга бўлган мамлакатлардаги ишчиларнинг ҳаёти аниқ кўринади.
Бу давлатда ҳам фаррошлар ва кунлик ишчилар учун қонунлар мавжуд, аммо уларнинг амалдаги ижроси ва мутлақ ҳуқуқларига риоя қилиш аниқ эмас. Кўпинча ишчилар оилавий ҳаёти билан боғлиқ қатор ижтимоий камситишлар ва иш шароитидаги муаммолардан ташқари қонуний ҳимоялар билан ҳам таъминланмаган. Бу ишчиларнинг ижтимоий бандлигини янада оғирлаштиради.
Бразилиянинг айрим ҳудудларида эса ишчиларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва шартлари ҳар хил. Ўз вақтини эркин ишлашга, тенг такомил ва шароитлар олишга муваффақ бўлишига қарамай, кўпинча фаррошлар ўз ҳақларига эҳтиёж сезади. Айниқса, ижтимоий камситишлар ёки иш шароитига қўйилган чекловлар сезиларли муаммоларни пайдо қилади.
Халқаро миқёсдаги мисолларга мурожаат қилганда иккитадан ривожланган ва кам -эътиборда бўлган давлатни қиёсга тортдик. Мақсад — юртимизда мазкур соҳага эътиборни тўғри талқин қилиш.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, шаҳар тозалиги нафақат эстетик масала, балки соғлиқ ва жамият маданиятининг белгиси ҳамдир. Бироқ бу тозаликнинг ортида қандай меҳнат борлигини англаш ва уни қадрлаш кўп ҳолларда эътибордан четда қолади. Юлдузли концертлар, йирик сиёсий тадбирлар, байрамлар, тўйлар каби кўп сонли одамлар йиғиладиган издиҳомлар тугаса, саҳна ёпилса, одамлар тарқалгандан кейин саҳна ортида фаррошлар қолади. Айнан улар кечаги шодлигу қувончдан қолган барча сариштасиз изларни супуриб, эртанги кунга тайёрлайди.
Икки минг изга бир супурги
Шаҳарнинг кўзга кўринмас, аммо асосий меҳнаткашлари бўлган бу касб вакиллари соғлом жамиятнинг ўзгармас қисмидир. Бугун қайси бир ҳудудга қай фасл ёки вақтда борманг, ушбу ташкилотнинг заҳматкаш ходимларини йўллар четида, жамоат жойларида ободонлаштириш ишлари билан машғул ҳолатда учратасиз.
Амалдаги меҳнат қонунчилигимизга биноан иш берувчи ҳамда ходим ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаларига мувофиқ, иш берувчилар томонидан ходимлар ўз вазифасини бажариши учун барча шароит яратиб берилиши лозим.
Лекин кўча ва хиёбонларни ободонлаштиришга масъул бўлган ходимларнинг меҳнат муҳофазаси, яратиб берилган иш шароитлари ҳамда ойлиги бошқа касбларга нисбатан қониқарсиз.
Бундай дейишимизга сабаблар бор, албатта. Хусусан, ходимларнинг тушлик қилиши учун етарли шароитлар яратиб берилмаганига жуда кўп кўзимиз тушади. Улар ўзлари ишлаётган жойларда, гигиеник талабларга амал қилмасдан овқатланишга мажбур бўлади. Қолаверса, меҳнат қонунчилигида уларнинг иш вақти аниқ белгиланмаган ёки меҳнат шартномасида белгиланган нормаларга амал қилинмайди. Чунки ёз фаслида эрталабки соат 06:00 да ёки кечки 19:00 дан кейин ҳам уларнинг иш билан бандлигига кўп гувоҳ бўлганмиз.
Иш вақтидан ташқари соатларда ҳам уларни тез-тез чақириб қолишади. Байрамлар арафасида ёки турли тадбирлар, хазонрезги вақтида эса иш юки икки-уч баробар ортган бўлади.
Шу масалада масъуллар билан боғланганимизда, Президентимизнинг 2019 йил 4 июндаги “Аҳоли пунктларини ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан 2020 йил 1 январдан ободонлаштириш бўлинмалари ходимларига овқатланиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида компенсация тўлаб берилаётганини маълум қилишди.
Албатта, бу каби ишлар соҳа ходимларнинг меҳнатини қадрлаш ва муносиб иш шароити яратишда қўл келмоқда. Шу билан бирга, иш кўлами ортиб бораётганини ҳам қайд этиб ўтиш ўринли.
Мисол учун, 2019 йилда шаҳар вa туман ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги кўкаламзорлаштириладиган ҳамда ободонлаштириладиган майдонлар ҳажми 203 минг 569 квадрат метрни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб, 227 минг 791 квадрат метрга етган. Яъни кўкаламзорлаштириш майдони 24 минг 222 квадрат метрга ортган. Натижада ободонлаштириш бошқармаларида мавжуд штат бирликлари иш юкламаларининг меъёрларга нисбатан фарқлари сезиларли даражада ошган.
2023 йил бошидаги маълумотларга кўра, ободонлаштириш соҳасидаги ишларни бажариш вa хизматлар кўрсатишда сарфланадиган вақт вa бошқа меъёрлар бўйича туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари ходимларининг меъёрланган сонини белгилаш тўғрисидаги йўриқномага Иқтисодиёт вa молия вазирлигининг тегишли ҳисоб-китобларига асосан ўзгартириш киритилган.
Ушбу йўриқнома бўйича бир-биридан мустақил ободонлаштириш бошқармалари фаолияти бўйича улар тасарруфидаги ҳудудлар қайта хатловдан ўтказилиб, бошқармалар кадастр ҳужжатлари вa паспортлари янгидан тасдиқланган, штат бирликлари талаби қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Ҳисоб-китобларга асосан, 201 та ташкилотда 2019 йилда жами 53 минг 586 та штат бирлиги мавжуд бўлган бўлса, 2022 йилга келиб, ҳукумат қарорларига асосан янги ташкил этилган ободонлаштириш ташкилотлари ҳамда белгиланган меъёрларга кўра 229 та ташкилотда штат бирликлари 65 минг 575 тани ташкил этди. Қарийб 12 мингта штат бирлиги шаҳар вa туман ободонлаштириш бошқармаларига ажратиб берилган.
Тошкент шаҳри Ободонлаштириш бошқармаси маълумотига кўра, бугун тизимда кўкаламзорлаштириш ишчиси, ирригатор, ободонлаштириш ишчиси, фаррош, ҳайдовчи, йўл ишчилари каби мутахассислар меҳнат қилади.
Бошқарма таркибидаги ташкилотларда 9546 ходим меҳнат қилиб, шаҳар ободлиги ва саришталиги учун масъул ҳисобланади. Уларнинг ойлиги бугунги кунда ўртача 2 миллион 200 минг сўмдан 3 миллион 200 минг сўмгачани ташкил қилади. Шаҳарнинг тозалиги учун бир кунда 3077 фаррош ва ободонлаштириш ишчиси сафарбар этилади.
Энди дўппини бошдан олиб, бир ҳисоб-китоб қилсак. Тошкент шаҳри Статистика бошқармаси берган очиқ маълумотларга кўра, бугун шаҳарнинг доимий аҳолиси сони 3 миллион 128 минг 458 нафарни ташкил этмоқда (2025 йил 1 апрель ҳолати). Бу рақамни бир кунда шаҳар тозалиги учун хизматга чиқадиган фаррошларга бўлсак, ҳар минг одамга бир фаррош тўғри келади. Яна ҳам аниқроғи, 2000 минг изни супуришга бир супурги.
Бу маълумотларни таҳлил қилар эканман, унинг қўлидаги супурги шунчаки меҳнат қуроли эмас, балки кўчаларимизни обод қилиб, инсонлар ҳаётига қулайлик бағишлаётган тимсол эканини ҳис қилдим. Аммо биз бу меҳнатнинг ортидаги инсон, унинг ҳаёти, орзуларини унутиб қўйгандекмиз. Уларнинг ишини яна ҳам қадрлашимиз, имкони борича қўшимча қулайлик ва имтиёзлар жорий қилиш вақти келганини тушунишимиз керак.
Мазкур соҳа вакиллари учун коммунал тўловлар, жамоат транспорти, болалар боғчалари ва давлат муассасаларида имтиёзли тартиблар жорий этилса, нимаси ёмон?
Айниқса, қиш фаслида муз, сирпанчиқ, қаттиқ шамол, ёзнинг иссиқ кунларидаги оғир шароитларда ишлаш хавфини инобатга олиб, ҳар бир ишчига мавсумий кийим, ҳимоя воситалари ва иш ускуналарини бепул бериш мумкин эмасми?
Ёки навбатдан ташқари тиббий кўриклар ва даволаниш имкониятини яратиш билан уларни қанчалар эъзозлаган бўлардик.
Ҳар бир маҳалладаги меҳнат муҳити, ишчи-ходимлар ҳуқуқлари ва шароитига аҳоли вакиллари ва ОАВ орқали жамоатчилик назорати ўрнатиш, маҳалла ва фуқаролар йиғинлари қошида “тозалик жамоаси”га ёрдам кенгашларини тузиш орқали имкониятларни янада кенгайтирса бўлади.
Мақолани ёзиб тугатар эканман, Зулайҳо опанинг “Бизнинг ишимизни ҳеч ким билмаса ҳам майли, шаҳар тоза бўлса, жамият ҳам, одамлар ҳам фақат яхши томонга ўзгаради, мен шундан хурсанд бўламан”, деган гаплари қулоғим остида жаранглади.
Дарҳақиқат, ҳар бир супурилган из ортида бир умр, бир тақдир, бир юрак бор. Шунинг учун ҳам жамият сифатида бизнинг бурчимиз нафақат шаҳарларимизни, балки ушбу меҳнаткаш инсонларнинг ҳаётини ҳам обод қилиш бўлмоғи зарур.
Ахир тозалик фақат супургида эмас, аввало, қалбимизда бўлиши керак. Ҳеч бир из шунчаки супурилмайди. Айрим излар эса инсоннинг қалбида абадий қолади. Келинг, ушбу соҳа вакилларининг ҳам изини, меҳнати ва орзусини қадрлайлик.
Абу Бакир ЎРОЗОВ,
журналист









