Ҳудудлар инфратузилмасини янада яхшилашда йўлларнинг равон бўлиши муҳим омиллардан. Шу боис, учта давлат билан чегарадош, юртимизни Осиёнинг қатор давлатлари билан боғловчи муҳим коридорда жойлашган Сурхондарё вилоятида йўл қурилиши борасида кўламли ишлар бажариляпти. Халқаро ҳамда маҳаллий ички йўлларни янада яхшилаш бўйича қабул қилинаётган қатор дастурлар янгиланишларга асос бўлиб хизмат қилаётир.
Давлатимиз раҳбари 2023 йил 13 мартда Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида масъулларга “Дарбанд — Бойсун — Элбаён” автомобиль йўлини қайта қуриш бўйича топшириқ берган эди. Мазкур йўлни реконструкция қилиш ишлари ўша йил августда бошлаб юборилди. Бугун ҳам жадал давом этмоқда.
Давлат аҳамиятидаги 4Р–100 ва 4Р–105 “Мангузар — Жарқўрғон — Бандихон — Олтинсой — Денов” автомобиль йўлининг катта қисмида бетон қопламаси ётқизилди. Ушбу лойиҳа доирасида реконструкция қилинадиган автомобиль йўлининг умумий узунлиги 100 километрдан ортиқ бўлиб, вилоятнинг Бойсун, Бандихон, Қумқўрғон, Олтинсой ва Денов туманлари ҳудудидан ўтади.
Бугун қурилиш объекти сифатида маз-кур автомобиль йўлининг Дарбанд маҳалласи ҳудудидаги қисмида махсус техникалар ёрдамида бетон қопламаси ётқизилмоқда. “Дарбанд — Бойсун — Элбаён” автомобиль йўлининг реконструкция ишлари Озарбайжоннинг “Ланкаран Ёл Тикинти” корхонаси томонидан бажарилмоқда.
— Озарбайжонда йўл қурилиши соҳасида етакчи бўлган компаниямиз Сурхондарё вилоятининг гўзал Бойсун туманидан бошланувчи йирик йўл лойиҳасини амалга оширмоқда, — дейди “Ланкаран Ёл Тикинти” компаниясининг йўл қурилиши лойиҳаси менежери Георгий Силогадзе. — Шунинг баро-барида туманлар ҳудудида лойиҳа доирасида хомашё таъминотини йўлга қўйиш ва ишлаб чиқариш мақсадида қатор кичик корхоналар ҳам барпо этдик. Биз асосан сульфидли цементдан кўпроқ фойдаланамиз. Чунки тоғли Бойсун тумани ҳудудида сел кўп келиши ва ернинг шўрланиш даражаси юқорилиги боис, шу усулни қўллашга қарор қилганмиз. Бунинг ҳаммаси лойиҳада батафсил кўрсатилган.
Сурхон воҳасидаги халқаро аҳамиятга эга мазкур йўл М–39 ва М–41 автомагис-тралларини бирлаштиради. Пойтахтга ва марказий шаҳарларга юкларнинг етказилиш вақтини сезиларли қисқартиришга хизмат қилади.
— Ишлар тўрт фаслда ҳам тингани йўқ. Айни кунларда ушбу лойиҳа бўйича 4Р–105 “Дарбанд — Бойсун — Элбаён” автомобиль йўлининг 5-70-километри ва 4Р–100 “Мангу-зар — Жарқўрғон — Бандихон — Олтинсой — Денов” автомобиль йўлининг 128-174-ки-лометри реконструкция қилинмоқда, — дейди мутахассис Фозилжон Жамолиддинов. — Асосийси, лойиҳа туфайли Сурхон воҳасидан пойтахтга олиб борувчи автомобиль йўли 146 километрга қисқаради. Чунки айланма йўллар ўрнини тўғри кесиб чиқувчи равон йўл эгаллайди. Йўл қурилишида сифат кўрсаткичларига жиддий эътибор қаратиляпти.
Азалдан йўлсозлик улуғ, шу билан бирга, машаққатли касб сифатида баҳоланган. Чунки қадимдан кичик бир йўл ёки кўприк бунёд этилиши туфайли қанчадан қанча одамларнинг мушкули осон бўлиб, манзили яқинлашган. Бугун эса бунинг аҳамияти жуда юқори. Ҳозир сўз юритилаётган қурилиш объектида 500 дан зиёдроқ маҳаллий ишчи ва 7 та давлатнинг юқори малакали йўлсозлари меҳнат қиляпти. Юзлаб махсус техника жалб қилинган.
Шунингдек, халқаро аҳамиятдаги йўллар ёқасида муҳим инфратузилма ҳам шаклланяпти. Жумладан, Бойсун туманидаги Инкобод маҳалласида “Муқтадир-ихтисос-таъмир” хусусий корхонаси томонидан кемпинг хизматлари кўрсатувчи туризм мажмуаси қуриляпти. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 17,5 миллиард сўм. Мажмуа меҳмонхона, умумий овқатланиш ва автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси, электромобилларни қувватлаш станцияси каби объектларни ўз ичига олади. Лойиҳа ишга тушгач эса воҳалик маҳаллий ёшларнинг 45 нафарининг бандлиги таъминланади. Бажарилаётган бу каби ишлар нафақат маҳаллий аҳолининг, балки ушбу равон йўлда ҳаракатланадиган барча ҳайдовчиларнинг миннатдорлигига сабаб бўлади.
Сурхондарё вилояти ҳудудида жами 16 минг 170 километр узунликдаги автомобиль йўли мавжуд. Шундан 2843 километри, яъни 18 фоиз қисми умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларидир. Қолган 13 минг 327 километри ёки 82 фоизи эса маҳаллий ҳокимликлар тасарруфидаги ҳудудий, яъни хўжаликлараро қишлоқ, шаҳар ҳамда аҳоли пунктлари кўчалари.
— Вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда унинг таркибидаги корхоналар томонидан йўл инфратузилмасини янада яхшилаш юзасидан 647,4 километр узунликдаги автомобиль йўли ҳамда 2 та кўприкда 483,4 миллиард сўмлик йўл қурилиш ишлари бажарилди, — дейди Сурхондарё вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бўлим бошлиғи Одил Маматов.
Кейинги йилларда янгиланишлар нафаси яққол намоён бўлаётган Қизириқ туманининг кўплаб ички йўлларини таъмирлаш ишлари ҳам жадаллик билан бажарилмоқда. Қизириқ, Жарқўрғон, Термиз туманларини боғловчи Р–100 автомобиль йўли тахминан чорак аср давомида таъмирланмай келаётганди. Мазкур йўлдан автомобиллар юриши кескин камайиб кетганди. Манзил эса узоқлашди.
— Йўл муаммосини Халқ қабулхонаси ечиб берди. Мурожаатимиздан сўнг йўлнинг 12 километри тўлиқ асфальт билан қопланди, — дейди Қизириқ тумани “Гулобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдурасул Валиев. — Туманимиздек олис ва чекка ҳудудлардаги бундай кўламли ишлар аҳолининг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Денов тумани Намозгоҳ маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М–41 магистралининг қатнов қисмида автомобиллар тирбандлиги ҳамда пиёдалар йўлаги йўқлиги сабаб кўнгилсиз воқеалар тез-тез содир бўларди. Бу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида маҳалла аҳли мутасадди идораларга мурожаат қилди. Мурожаат Халқ қабулхонаси мутахассислари томонидан ўрганилди. Муаммога ечим топиб берилди. Шунингдек, Денов туманидаги Сурхон Диёр ва Ёшлик маҳаллалари майдони ва аҳоли сони жиҳатидан анча катта. Мазкур ҳудудда узоқ йиллардан буён Узун, Шўрчи, Денов туманларини боғлаб турувчи кўприк ва маҳалланинг марказий кўчасидаги автомобиль қатнов йўли ҳам таъмирталаб эди. Бу ноқулайликдан нафақат ҳайдовчилар, балки 15 мингдан ортиқ одам азият чекиб келарди. Аҳолининг мурожаатлари ўрганилиб, ҳақли эътирози мутасаддилар томонидан ижобий ҳал этилди. Натижада 4–Р 101 Г автомобиль йўлининг 4 километрлик қисми жорий таъмирланди.
Сарвар ТЎРАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири