Янги тартибга кўра, вилоятдаги автомактабларда мавжуд шароитлар етарли шароитлар етарли бўлмаганлиги сабабли лицензия берилмаган. Натижада фуқаролар ҳайдовчилик имтиҳонини топшириш учун Қашқадарё вилоятига боришга мажбур бўлишар эди. Энди эса мазкур муаммо ўз ечимини топди.
Янги марказ бир кунда назарий жиҳатдан 800 нафар, амалий жиҳатдан эса 400 нафар номзоддан имтиҳон олиш имкониятига эга. Барча жараёнлар инсон омилисиз, автоматлаштирилган электрон тизим орқали амалга оширилади.
Умумий майдони 3 гектар бўлган автодром замонавий талабларга жавоб берадиган ўқув хоналари, барча тоифадаги транспорт воситалари учун мослаштирилган синов йўлаклари ҳамда зарур инфратузилмалар билан жиҳозланган.
Имтиҳонлар A, B, C, D, BE, CE ва DE тоифалари бўйича ўтказилади. Шунингдек, марказ ногиронлиги бўлган фуқаролар учун ҳам қулай шароитлар ва мос автотранспорт воситалари билан таъминланган.
Янги имтиҳон марказининг ишга туширилиши натижасида аҳоли бошқа ҳудудларга бориб сарсон бўлишдан халос бўлади, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш жараёни эса янада қулай ва шаффоф тарзда амалга оширилади.








