Ишчи гуруҳга вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Илҳом Сафаров ҳамроҳлик қилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳудудда мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш қизғин паллага кирган. Мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш жараёнига маҳаллий ҳокимликлар томонидан эътибор қаратилаётганлиги қувонарли ҳол.
Мактабларни жорий таъминлаш ва тегишли шароитлар яратишга маблағлар ажратилиб, амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Бироқ янги ўқув йилига тайёргарлик деганда фақат таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари эмас, балки таълим муассасаларини мазмунан бойитиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада Қумқўрғон туманидаги 2 ва 3-сонли, Жарқўрғон туманидаги 33-сонли мактаблар янги ўқув йили олдидан тайёр ҳолатга келтирилган.
Шу билан бирга, вилоятда қурилиш таъмирлаш ишлари якунланмаган, методик жиҳатдан тайёр ҳолга келмаган мактаблар ҳам мавжуд.
Хусусан, ишчи гуруҳ ташриф буюрган Жарқўрғон туманидаги 40-мактабда 240 ўринли бино янгидан қурилган. Бироқ янги бино ўқув жиҳозлари билан умуман таъминланмаган. Ишчи гуруҳ томонидан жиҳозларни ўз вақтида етказиб бериш бўйича Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилинди.
Қумқўрғон туманидаги 19-мактаб биноси тўлиқ бузилиб янгидан 540 ўринли мактаб қурилмоқда. Лекин бино янги ўқув йилига битмаслик эҳтимоли юқориги сабаб ўқувчиларни бошқа мактабларга вақтинча кўчириш чоралари кўрилган. Ишчи гуруҳ томонидан мактабни параллель равишда жиҳозлаш бўйича методик тавсиялар берилди.
Ишчи гуруҳ ташриф буюрган куни Қумқўрғон туманидаги 49-мактабда жами 49 нафар ўқитувчилардан 12 нафари ишга келган холос. Ўқитувчилар билан суҳбат давомида уларнинг кўпчилиги соҳадаги ислоҳотлардан тўлиқ хабардор эмаслиги маълум бўлди.
Ангор туманидаги 5-сонли мактабда эса аксарият синф хоналари янги ўқув йилига тайёр эмас, янгидан нашр этилган 3-,6-,7-,10-синфлар учун дарсликлар тўлиқ етиб келмаган, мактаб кутубхоначилари томонидан дарсликлар билан таъминланиш ҳолати таҳлил қилинмаган.
Бойсун туманидаги 45-мактаб М-39 катта магистраль йўл ёқасида жойлашган. Лекин катта йўлдан хавфсиз ўтиш учун шароит яратилмаган. Йўл ўртаси бетон тўсиқ билан тўсилган. Ишчи гуруҳ томонидан маҳаллий ҳокимлик вакилларига йўл ҳаракати хавфсизлигига масъул ташкилотлар билан биргаликда ўқувчи ва ўқитувчиларнинг катта йўлдан хавфсиз ўтишлари учун шароит яратиш бўйича тегишли тавсиялар берилди, деб хабар беради Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Матбуот хизмати.









