Сурхондарёлик ёш инноваторлар кўзи ожизлар учун «ақлли ҳасса» яратди

    Сурхондарёлик ака-ука Машхурбек ва Абдумалик Қаршиевлар ҳамда уларнинг синглиси Муҳаррам оддий ҳассани инновацион «ақлли ҳасса» га айлантирадиган ноёб қурилма яратди.

    Бу ҳақда UNICEF хабар берди.

    Бу кўриш қобилияти бўйича ногиронлиги бўлган инсонларга кўпроқ мустақил ҳаракатланиш ва жамият ҳаётида ижтимоий фаол бўлишга ёрдам беради.

    «Ақлли ҳасса» технологияси кўриш бўйича ногиронлиги бўлган одамларнинг мустақил ҳаракат қилиш имкониятини оширишга, уларнинг жамиятда фаол бўлишларига қаратилган. У овозли ёрдамчи, акселерометр ва компас ҳамда доимий янгиланиб турадиган функцияларни ўз ичига олади.

    «Электрон гапирадиган ақлли ҳассамиз учун турли сенсорлар, хусусан, тўсиқларни аниқлаш учун ультратовушли сенсорлардан фойдаландик», - дейди Абдумалик.

    Жамоа ихтироси фойдаланувчига доимий кўмак беради, тўсиқлар ҳақида огоҳлантиради ва қоронғида ўз ёруғлиги орқали бошқаларга фойдаланувчини кўрсатишга ёрдам беради.

    Ўзбекистонда ўзига хос мазкур инновацион ҳасса 1-2 метр масофадаги тўсиқларни аниқлаш учун ультратовушли масофани аниқлаш технологиясидан фойдаланади, бу эса фойдаланувчини тебраниш ва товуш орқали огоҳлантиради.

    GPS функцияси фойдаланувчининг қаерда эканлигини аниқлайди ва у йўқолиб қолган бўлса, ақлли ҳассани кузатиш имконини беради. Ҳасса устидаги рефлекторлар ёрдам кераклигини йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига билдиради.

    «Ҳар бир инсон бошқалар билан тенг муносабатга лойиқдир. Дискриминацияни одамлар ўзлари юзага келтирадилар. Келинг, жамиятимизда ҳаммага нисбатан адолатли муносабатда бўлишига ишонч ҳосил қилиш учун биргаликда ҳаракат қилайлик», - деб таъкидлайди Муҳаррам.

    Ақлли ҳасса кўриш қобилиятида муаммоси бўлган одамлар ҳаётида ҳақиқий ўзгариш яратиб, уларда ҳаракатчанлик, мустақиллик, ишонч ва қадр-қимматни оширади ҳамда ижтимоий-иқтисодий иштирокни оширишга ёрдам беради.