Жиззах ва Сирдарё вилоятларида қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш орқали сув танқислигини камайтириш бўйича тадқиқот олиб борилди. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари ўтказган тадқиқот давомида Сирдарё ўзанидан Мирзачўлнинг ички қисмигача бўлган 200 километрга яқин масофадаги ҳудуд шартли равишда 3 та зонага бўлинди ва улардаги туманларда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда сувни кўп ва кам талаб қиладиган экинларнинг улуши таҳлил қилинди.
Биринчи зонадаги Сирдарё вилоятининг Боёвут, Гулистон, Сайхунобод, Сирдарё каби дарё билан туташ туманларидаги жами экин майдонининг 54 фоизига сувни кам талаб қилувчи экинлар жойлаштирилган. Бу кўрсаткич иккинчи зонадаги Ховос туманида 66 фоизга, Мирзаобод туманида 56 фоизга тенг. Сирдарё ўзанига нисбатан 60-70 километр масофада жойлашган учинчи зонадаги туманларда эса сувни кўп талаб қилувчи экин майдонининг улуши 41,9 фоиздан 55,2 фоизгача.
Афсуски, дарё ўзанидан узоқлашган сари сувни кўп талаб қилувчи экин майдонининг жами экин майдонидаги улуши ортиб бормоқда. Бу сувни кўп йўқотиш ҳамда сувни етказиб бериш харажатларининг ортишига сабаб бўлади. Бундай вазиятда дарё ўзанидан узоқлашган сари сувни кўп талаб қилувчи экинларни жойлаштиришни ҳам 50 фоиздан 10 фоизгача камайтириб бориш мақсадга мувофиқ.
Сирдарёдан чўл зонасига тортилган “Жанубий Мирзачўл” ва “Дўстлик” магистрал каналларида сув йўқотилиши 5-6 фоизни, ички ариқларда 7-8 фоизни ташкил этади. Кейин сув далалар орасидаги ариқлардан оқади ва бу тизимдаги шимилиш ва буғланиш ҳисобига сув йўқотилиши 30 фоизга етади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда қуйидаги амалий таклифлар ишлаб чиқилди:
– дарё ўзанига энг яқин бўлган дарё қайирларига сувни кўп талаб қилувчи экинларни экиш;
– дарё ўзанига нисбатан яқин туманларга пахта экиш;
– дарё ўзанидан узоқлашиб борган сари сувни кам талаб қилувчи экинларни жойлаштириш сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини беради.
Натижада, дарё ўзанидан узоқлашган сари шоличилик, сабзавотчилик, ғаллачилик, боғдорчилик кетма-кетлигида экин ареаллари шаклланади ҳамда сув етказиб беришдаги йўқотишлар 12 фоизга қисқаради.
Таҳлилларга кўра, қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш орқали яқин 15 йилда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида суғоришдаги сув сарфини 30 фоизгача камайтиришга эришиш мумкин.