Табобат илмининг қироли

    Биласизми? 17 май 2024 932

    ёхуд Aбу Aли Ибн Сино портретига чизгилар

    Бу кичик мақола буюк сиймо, ватандошимиз Ибн Сино биографиясига бирон-бир янгилик киритиш мақсадида ёзилгани йўқ. Ниятимиз, ҳозирги ёшларга, айниқса, тиббиёт соҳасига қадам қўйган бўлажак мутахассисларга бир инсоннинг қисқа умри давомида қанчалик катта ишлар қилишга вақти, қунти, сабри ва иштиёқи етиши мумкинлиги тўғрисида маълумот бериш. Унда асосий урғу халқимизни бутун дунёга танитган энциклопедист олимнинг тиббиётда қилган инқилобий ишлари санаб ўтилади.

    Ибн Сино 19 ёшида машҳур табиб – ҳаким унвонига муяссар бўлади ва беморларни бепул даволай бошлайди. 21 ёшида даврнинг энг машҳур табибларидан бирига айланди. Айниқса, табобат, хусусан, анатомия, психология, фармакология, терапия, хирургия, диагностика, гигиена каби илмлар олим фаолиятида бир қанча янги ихтиролар билан бойиди ва янги босқичга кўтарилди. У ўз даврида Шарқ ва Европада “Шайх ур-раис”, “Олимлар бошлиғи”, “Табиблар подшоҳи” каби буюк номларга сазовор бўлди.

    Замондошлари Ибн Синони “Шайх ар-раис” (“Донишмандлар сардори, алломалар раиси”); “Шараф ал-мулк” (“Ўлка, мамлакатнинг обрўси, шарафи”), “Ҳужжат ал-ҳаққ” (“Ростликка далил”); “Ҳаким ал-вазир” (“Донишманд, тадбиркор вазир”) деб атаганлар. Жаҳон фани тарихида Ибн Сино қомусий олим сифатида тан олинган, чунки у ўз давридаги мавжуд фанларнинг қарийб барчаси билан шуғулланган ва уларга оид асарлар ёзган.

    Ибн Синонинг тиббиёт соҳасида “Китоб ал-қонун фит-тибб” (“Тиб қонунлари”), “Китоб ул-қуланж” (“Ичак санчиқлари”), “Китоб ун-набз” (“Томир кўриш ҳақида китоб”), “Фуж ул-тиббийа жориа фи мажлисиҳ” (“Тиб ҳақида ҳикматли сўзлар”), “Тадбир ул-манзил” (“Турар жойнинг тузилиши”), “Фил-ҳиндубо” (“Сачратқи ўсимлиги ҳақида”), “Рисола фи-дастурит-тиббий” (“Тиббий кўрсатмалар ҳақида”) каби асарлари мавжуд. Унинг тиббиётга оид қомусий асари “Китоб ал-қонун фит-тибб” 5 мустақил катта асардан таркиб топган.

    Ибн Сино инсоният тарихида биринчи бор бир ўзи табобатнинг муфассал энциклопедиясини яратди. Унинг 5 жилддан иборат “Тиб қонуни” асарида инсон танасининг барча органлари ва уларнинг касалликлари, дори воситалари ва уларни тайёрлаш усуллари бирма-бир тушунтириб берилган. Асар 17-асрнинг ўрталаригача Европа университетларида тиббиёт фанида фундаментал асар сифатида ўқитилган.

    Олимнинг табобат тараққиётидаги яна бир буюк хизмати ўзигача ўтган турли халқ намояндалари томонидан асрлар давомида тиб илми соҳасида тўпланган маълумотларни саралаб, муайян бир тартибга солди. Уларни ўз тажрибалари билан бойитган ҳолда маълум назария ва қонун-қоида асосида умумлаштирди. Ибн Синонинг табобат соҳасида қилган ишлари ўша давр табобатини бир неча даврга илгарилатди ва айрим соҳаларда ҳатто ҳозирги замон тиббиётига яқинлаштирди ҳам.

    Ибн Синонинг даҳо табиб сифатида шуҳрат қозонишининг асосий омилларидан бири — унинг тиб назариясини, хусусан, анатомия — инсон гавдаси тузилишини мукаммал билганида. У ўз даври учун ақл бовар қилмас ишни бажарган. Яъни ўқиб ўрганган назариясига қониқмай, пул эвазига гўрковлардан мурда олиб, инсон физиологиясини, тана аъзоларини жарроҳлик амалиёти билан тадқиқ қилган. Бош суягининг, тишларнинг тузилиши тўғрисида у Галенга эргашган ҳолда тўғри фикрлаган. Унинг кўзнинг анатомияси, кўриш жараёнининг қандай содир бўлиши ва кўз қорачиғининг роли, кўз мускулларининг жойлашиши хусусида ёзганлари замонавий офталмологияга яқиндир. Aсаблар, қон томирлар, мушакларнинг тузилиши ва функциялари тўғрисида ёзганлари анатомиянинг амалиёт билан боғлиқлигини кўрсатади. Бу эса амалий анатомиянинг асосчиси деб тан олинган рус олими Н. И. Пироговни Ибн Синонинг издоши дейишга асос беради.

    Ибн Сино ўткир диагност эди. Унинг баъзи ташҳис усуллари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Перкуссия (аъзога уриш орқали диагноз қўйиш)ни, хусусан, ассит ва метеоризмни фарқлашда, истисқони аниқлашда (қоринга секин уриш орқали) қўллаган. Бу усул 600 йилдан кейин веналик табиб Леополд Aуенбруггер (1722–1809) томонидан қайта кашф қилиниб, яна 50 йилдан сўнг амалиётга кирган. Олим қон туфлаш ҳолатлари ва нафас олиш турларини чуқур ўрганиб, улардан ташҳисда фойдаланган.

    Ибн Сино турли касалликларнинг дифференциал диагностикасида ва гавданинг умумий ҳолатини аниқлашда томир уриши, сийдик ва нажасга қараб олинадиган белгиларга катта эътибор беради. Масалан, диабет (қанд) касаллигини у сийдикнинг ҳолати, шу жумладан, ундаги ширинлик моддасига қараб ташхис қилади. Диабет касаллигида сийдикда қанд моддаси бўлишини 1775 йилда инглиз олими Добсон аниқлаган.

    Табобат тарихида илк бор Ибн Сино вабо билан ўлатни фарқлаган. Юқумли касалликлар билан оғриган беморларни бошқалардан ажратган ҳолда сақлаш кераклигини таъкидлаган. Менингит, ошқозон яраси, сариқ касаллиги, плеврит мохов, захм, қизамиқ, сувчечак, куйдирги каби касалликларнинг белгилари ва кечиш жараёнини тўғри тасвирлаб берган. Қутуриш касаллигининг кўринишлари, унинг юқумли ҳарактери, беморнинг бу касалликдаги аҳволини баён қилган.

    У ўз тиббий асарларида замонавий жарроҳликда қўлланиб келаётган айрим усулларни баён қилади. Йирингли шишларни куйдириш ёки пичоқ билан ёриш, бавосир шишларини тикиш, тампон, ўткир модда ёки тикиш билан қон тўхтатиш, томоқни кесиб, най қўйиш (трахеотомия) шулар жумласидандир. Елка суягининг чиқишини оддий босиш билан даволаш усули ҳозиргача “Aвиценна усули” деб аталади. Умуртқанинг қийшайишини Ибн Сино ўзи ихтиро қилган ёғоч мослама ёрдамида тузатган. Бу усулни ХV асрда француз табиби Кало қайта кашф этган. Суякларни гипслаш усули ҳам Ибн Сино томонидан кенг қўлланган. Лекин у ҳам кейинчалик унутилиб, европалик табиблар томонидан 1852 йилда амалиётга янги ихтиро сифатида қайтарилган. Ҳозирги кўз жарроҳлигида қўлланаётган усулларнинг қарийб барчаси Ибн Синога маълум бўлган. Ёмон сифатли саратон (рак) шишлари, қовуқ тошларини олиш, истисқо, бавосирнинг операциялари, бош суягининг операцияси ва бошқалар Ибн Сино қўллаган муолажа усулларидандир.

    Жарроҳликда анестезия (оғриқни сездирмаслик) масаласига ҳам Ибн Сино катта эътибор берган. Бунинг учун у афюн, мингдевона каби наркотик таъсирга эга бўлган дорилардан фойдаланган. Унинг бир касалликни бошқа бир касалликни чақириш йўли билан даволаш усули диққатга сазовордир. Масалан, у тутқаноқни даволашда тўрт кунлик иситма билан оғришни фойдали деб билади. Aвстриялик психиатр Ю.Вагнер-Яурег (1857–1940) шундай усулни қўллаб, захм касаллигини безгакни юқтириш орқали даволагани учун 1927 йилда Нобел мукофотига сазовор бўлган. Афсус аллома аждодимиз даврида бундай мукофотлар бўлмаган. Лекин буларсиз ҳам буюк юртдошимиз ўзига инсоният учун энг қадрли ҳайкални қўйиб кетган. Бизнинг вазифамиз, ҳам қарз, ҳам фарзимиз – доимо уни эъзозлашдан иборат.

    Гулчеҳра Джаббарова,

    Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон

    Миллий университети Биология факультети

    Одам ва ҳайвонлар физиологияси кафедраси доценти