Мустабид тузум даврида тадбиркорликка деярли йўл берилмади. Шу боис, бу соҳа узоқ йиллар жомадонга солиб қўйилди, тадбиркорлик қилиш ниятида бўлган ҳамюртларимиз чорасиз қолди.
Мустақиллик бизга тадбиркорлик иқболини ҳам қайтариб берди. Кичик бизнес ривожлана бошлади, ишбилармонларимиз катта корпорациялар ташкил қилди, секин-аста чет эл бозорларига чиқа бошладик.
Замон талаби ўзгариб бораверади. Шунга монанд тадбиркорлик ҳам ўз эгасидан илғор ғоялар билан иш кўришни талаб қилади. Бунга бугунги давр шиддати ва ўзгариш руҳи мисолида амин бўламиз. Кейинги йилларда дунё бозорларида талаб жиддий ўзгарди. Жуда кучли рақобат муҳити пайдо бўлди. Бу глобаллашув оқибати ва замонавий технологиялар ривожланаётгани билан боғлиқ жараён сифатида изоҳланмоқда.
Мамлакатимизда ҳам ишбилармонлик муҳити тубдан ўзгармоқда. Ҳар бир соҳага инновацион ёндашувлар кириб келмоқда. Янги-янги ишлаб чиқариш турлари кўпайиб, сон ва сифат уйғунлигига эришиш йўлида қатор имтиёз ва имкониятлар берилмоқда. Тадбиркорларнинг ҳар бир эзгу ҳаракати қўллаб-қувватланмоқда.
Бу жиҳатлар биз, аёллар учун ҳам катта имкониятлар эшигини очди. Улар сафида мен ҳам момомерос касбимиз тикувчилик, қуроқчилик бўйича иш бошладим. Дастлаб маҳалла аҳли буюртмалари бўйича ишладим. Фаолиятимиз кенгайиб боряпти. Тикувчилик цехи очиб, ўнга яқин иш ўрни яратдим. Ҳозир туманимиз аҳолисининг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб миллий либослар, сўзана, кўрпа-тўшак тикамиз.
Тикувчилик, қуроқчилик касби қадимда қанчалик эъзозланган бўлса, бугун ҳам худди шундай ардоқли. Бу ҳунарни эгаллаган аёл оиласи, фарзандлари тарбиясидан ажралиб қолмайди, уй-рўзғор юмушларидан ортиб кунига 3-4 соат вақт ажратса, яхшигина даромад топади. Шу боис, қизларимиз, келинларимиз орасида бу соҳага қизиқиш катта.
Тўрт қизим ҳам бичиш-тикишни яхши билади. Масалан, тўнғич қизим ҳамшира бўлиб ишлайди, бўш вақтида эса уйида ўтириб буюртмаларни тикиб беради. Бу ҳам оилага қўшимча даромад, албатта.
Мамлакатимизда тадбиркор аёллар сафи кенгайиб боряпти. Яқинда Статистика агентлигининг шу хусусдаги маълумотини ўқиб қолдим. Қайд этилишича, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатида Ўзбекистонда аёл раҳбарлар бошқарувидаги кичик корхона ва микрофирмалар сони 39 минг 78 тани ташкил этган ва ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда 2606 тага ошган.
Бу рақамлар кичик кўрсаткич эмас. Бунинг ортида қанча-қанча аёллар тақдири ётибди. Зеро, хотин-қизлар тадбиркорлиги нафақат улар ҳаётида, балки оилада, маҳаллада, жамиятда янгича муҳитни шакллантиради. Чунки тадбиркор аёлнинг ўзи, фарзандлари, оиласидан кўнгли тинч бўлса, эртанги кунга умиди, ишончи юксалади. Бугун бизнинг дилимизда ана шундай қувонч, ишонч бор, десам муболаға бўлмайди.
Мана, яқинда Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилгани бизни янги марралар сари руҳлантирди. Мулоқотда юртимизда тадбиркорлик муҳитини янада эркинлаштириш, бу жабҳадаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, ташкилий ишларни кенгайтириш бўйича кўплаб янги ғоялар айтилди. Яқин келажакда уларнинг рўёбга чиқиши ишбилармонлар сафини кенгайтиришига шубҳа йўқ.
Очиқ мулоқотда айтилган таклиф ва ташаббусларнинг рўёбга чиқиши ҳар биримизга боғлиқ. Биз ҳам бу эзгу ишларнинг тезроқ амалга ошиши йўлида камарбаста бўлмоғимиз шарт. Шу мақсадда ўтган йилларда орттирган тажрибамни ёшларга ўргатиш, тадбиркорлар сафини кенгайтиришга ўз ҳиссамни қўшиш мақсадида туманимиздаги Хотин-қизлар тадбиркорлик марказига ҳам етакчилик қилмоқдаман. Марказимизда аёлларга бозорда талаб юқори бўлган касблар бўйича сабоқ берилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида тўрт юз элликка яқин хотин-қиз ушбу ўқув курсларида малака оширди. Улардан икки юз эллик нафарига тикув машинаси олиб берилди.
Бироқ ҳудудимизда ҳали ҳунар ўрганаман, ишлайман, оиламга даромад келтираман, дейдиган аёллар сони анчагина. Уларнинг ҳаммаси ҳам бизга бевосита мурожаат қилавермайди. Бизнинг вазифамиз оилаларга кириб бориб ҳар бир аёл билан бевосита мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммони аниқлаш, айниқса, ишсиз, қўлида бирор касби йўқ хотин-қизларни излаб топиб, уларга кўмак бериш. Шу мақсадда маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Ўқув курсларни фақат туман марказидагина ташкил этиш билан чекланмаймиз. Чекка-чекка қишлоқларга ҳам бориб, маҳалла гузарида аёлларни тўплаб, уларга ўқув машғулотлари ташкил этамиз.
Зеро, аёлнинг қўлида ҳунари ёки касби бўлса, ҳаётда қоқилмайди, муаммоли вазиятга тушиб қолса, осон чиқиб кетади. Бундан, аввало, унинг фарзандлари, оиласи, қолаверса жамият фойда кўради. Шундай экан, тадбиркорлик ривожи йўлида қўйилган ҳар бир қадам оила, жамият ва мамлакат ривожига мустаҳкам пойдевор яратади.
Эътибор РАҲМАТУЛЛАЕВА,
Қарши туманидаги Хотин-қизлар
тадбиркорлик маркази раҳбари








